Прокуратура 1700 дан ортиқ дорихона раҳбарларини расман огоҳлантирди

Прокуратура 1700 дан ортиқ дорихона раҳбарларини расман огоҳлантирди

Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев 15 июль куни президент видеоселекторидан сўнг берган интервьюсида давлат раҳбари томонидан берилган муҳим топшириқларни санаб ўтди.

Биринчи топшириқ шундан иборат бўлдики, фуқароларимиз ўзи безовта бўлаётган ҳолатлар юзасидан тиббиёт муассасаларига 103 рақами орқали тез ёрдамга мурожаат қилишларида бирон бир бандлик ҳолатлари бўлмаслиги тўғрисида топшириқ бердилар.

Бу борада тегишли давлат органларининг имкониятларини ишга солган ҳолда, мурожаатларни қабул қилиш, ўз вақтида ўрганиш ва бирламчи тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш чоралари кўрилади.

Бундан буён ҳар бир фуқаромиз «103»га мурожаат қилганда, бандлик ҳолатлари, айниқса узоқ вақт банд бўлиш ҳолатларига мутлақо чек қўйилади.

Иккинчи топшириқ – тез тиббий ёрдам хизматини яна кучайтириш. Бу борада тегишли малакали тиббиёт ходимлари, тиббий техника воситалари ва транспорт воситаларини янада кўпайтириш, аҳолига қулай тез ёрдам кўрсатиш вазифаси олдимизга қўйилди.

Бундан буён 15 дақиқадан кўп бўлмаган вақтда зудлик билан тез тиббий ёрдам автомашиналари тегишли ходимлар билан етиб бориши тўлиқ таъминланади.

Учинчи масала фуқароларимиздан тест намуналарини ўз вақтида олиш ва уларнинг жавобларини имкон қадар зудлик билан чиқариш бўйича бор имкониятларни янада сафарбар қилиб, тест намуналари таҳлилларини узоғи билан эртаси кунига чиқариб бериш ва жавобларни мурожаат қилган фуқароларимизга ўз вақтида етказиш чоралари ҳам кўрилади.

Энг асосий топшириқлардан бири шу бўлдики, тиббий дори-дармонларга, тиббиёт воситаларига бўлган эҳтиёжни тўлақонли қондиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада кечанинг ўзида прокуратура органлари томонидан Тошкент шаҳридаги мавжуд 1700дан ортиқ дорихоналар раҳбарлари расман огоҳлантирилди.

Коронавирусдан профилактика қилиш учун 5 турдаги ва касалликни даволашга мўлжалланган 9 турдаги мажбурий тартибдаги дори воситаларини камида 1 ой, ёки 2-3 ойлик захирасини тўлиқ таъминлаш ва уларни арзон нархларда аҳолига сотиш тартиби ҳам жорий қилинди», – деди Ниғматилла Йўлдошев.