Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Прописка ва савдо тўсиқлари — Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни орқага тортувчи муаммолар
1.11.2019 12:07,  
550

Бир нарсани тушунишимизни хоҳлар эдим. Иқтисодий ўсиш рақамлари ҳар биримиз учун муҳим ахборот бўлиши керак. Ҳозирги Ўзбекистон учун бу рақамлардан муҳимроқ нарса йўқ деб ўйлайман.

Иқтисодий ўсиш ҳамма нарса эмас дейишингиз мумкин, лекин келинг бир фикрлаб кўрайлик. Мамлакатдаги одамларнинг турмуш тарзи учун йилига ҳатто бир фоизга кўпроқ ўсиш ҳам — ҳаёт ва мамот масаласи.

Оддий мисол: агар 1870-1990 йилларда АҚШдаги иқтисодий ўсиш бир фоизга (!) камроқ бўлганида, 1990 йилда АҚШ Мексикадан бойроқ бўлмас эди. Аслида 1990 йилда, АҚШда киши бошига даромадлар 1990 йилдаги Мексикадан 8 баробар кўпроқ эди. Фарқи — АҚШ бир фоизга тезроқ ўсгани.

Ўзбекистон иқтисодий тарихини 1992 йилдан ҳисобласак, ўртача, киши бошига 3,4% га ўсиб келдик. Олти юз доллар киши бошига даромаддан ўсганимизни инобатга олсак, бу рақамлар (бошқа мамлакатларга солиштирсак) ниҳоятда кичик.

Агар киши бошига 8% ўсганимизда нима бўлар эди? Унда бизда киши бошига даромадларимиз, $1532 эмас, камида 5000 доллар бўлар эди. Қайтараман, агар мустақиллик даврида йилдан йилга ўсиш сурати 3,4% эмас, 8% бўлганида, ўртача Ўзбекистонлик 3,4 БАРОБАР бойроқ бўлар эди. Бундай ҳисоб китобларнинг арифметикаси осон.

Агар бугунги кундаги Жанубий Корея каби даромадга эга бўлишни хоҳласак, бу киши бошига 30 минг доллар дегани. Лекин агар ўсиш суратларимиз худди шундай 3,4 фоиз бўлиб қолса, унда биз 89 йилдан кейин бугунги Жанубий Кореяга етиб оламиз (Корея ўсиши табиий албатта). Лекин, агар ўсиш суратимиз 8 фоиз бўлса, буни 38 йилда уддалаймиз. Яъни ярим аср эртароқ.

Шунда ўзимизга савол беришимиз керак, биз ҳозирги Жанубий Корея даражасига 2108 йилдами, ёки 2057 йилда етмоқчимизми?

Албатта қанча тезроқ бўлса шунча афзал. Лекин жамият сифатида биз қилаётган ишлар биз тезроқ етиб олмоқчилигимизни кўрсатмаяпти.

Масалан, Тошкент пропискаси. Тўғри, прописка бекор қилиниши туфайли иқтисодий ўсиш, дейлик 1% ошар, ундан кўп эмас. Лекин агар биз шуни 1991 йилда қилганимизда, ўртача Ўзбекистонликнинг даромади ҳозир 500 долларга кўпроқ бўлар эди. Яъни биз бойишга имкониятимиз бўлиб, шундан фойдаланмадик. Бугунги кунгача прописка бекор қилинмаслиги бизни иқтисодимизга катта зарар бўлиб келмоқда (бу ерда шу мулоҳаза ҳақида батафсилроқ).

Иккинчиси, савдо тўсиқлари. Савдо қилиш бўйича бизни бюрократиямиз энг мушкуллардан. Бунинг устига дунёдаги энг баланд импорт божларни қўйган мамлакатлардан биримиз. Шу икки сабабдан деярлик автаркия режимида яшамоқдамиз. Бунинг натижасида, иқтисодимизни йилига дейлик 2-3% қисқартиряпмиз. Яъни савдо ва пропискани ўзи бизни анча қолоқ қилиб қўйяпти.

Бу рақамлар қаердан олинди?

Солиштириш учун: АҚШдаги “савдо уруши” туфайли, ўртача (weighted) импорт божлари, 1,4% дан тахминан 3,2% фоизга ошди. Тахминан 1.8% га. Бунинг натижасида, Федерал Резервнинг энг консерватив тадқиқотларига кўра, АҚШ иқтисодиёти 1% камроқ ўсади. Бу бир йилда иқтисодиётга тахминан 120 миллиард доллар зарар дегани. Яъни 1.8% га божлар ўсиши тахминан, 1% ЯИМ тушишига тенг бўляпти.

Биздачи?

Ўрта арифметик миқдорда, божлар 2019 йили 5,6% (unweighted) бўлган эди. Энди 2020 йилда 8% бўладиган бўлди. Агар бизда ҳам АҚШдагидек эластиклик бўлса (бизда АҚШдан эластиклик бошқача — ички бозор жуда кичик, шунга кўра, рақамлар жуда консерватив), биз йилига 1,3% га секинроқ ўсамиз.

Юқоридаги рақамларни долларда айтадиган бўлсам, 2020 йилда божларнинг ошиши энг консерватив ҳисоб китобларга кўра иқтисодиётимизга 660 миллион доллар зарар кўрсатади. Бутун иқтисодиёт 660 миллион доллар зарар кўриши дегани ҳамма одамлар озгина, тахминан йилига 20 долларлик, ойига эса сал кам 2 долларлик зарар кўради дегани. Кўпчилик буни сезмаслиги табиий. Божлардан наф кўрувчилар эса табиийки 660 миллиондан камроқ фойда қилишади. Айнан шунинг учун иқтисодчилар божларни ёмон кўришади: чунки умумий наф, умумий зарардан ортиқроқ бўлади. Лекин наф кичик сонли гуруҳларга тегади, зарар эса бутун иқтисодиётга, яъни ҳаммага. Қайтараман, бу рақамлар агар божлар 2020 йили, 2019 йилга нисбатан ўрта ҳисобда 2,4% га ошса.

Лекин қандайдир мўъжиза билан, ҳозирги 5,6% фоиздан 1% фоизга божларни туширсак, иқтисодиёт тахминан 2,5%га, ёки 1,262 миллиард долларга ўсади.

Бу ҳисоблардаги тахмин, бизда ўрта арифметик ва ўрта ўлчанган божлар тенглиги (ундай эмас, лекин ўлчанган рақамлар менда йўқ).

Шу билан тепадаги айтган гапга қайтамиз. Ҳозирги Ўзбекистон учун иқтисодий ўсиш ниҳоятда муҳим. Узоқ муддатда ортиқча 3% ўсиш ҳам, айтганимдек, жуда катта нарса. Бу ярим асрлик ҳаёт саволи. Омадимиз бор экан, биз ўсиш учун янги нарсани кашф қилишимиз керак эмас. Шунчаки иқтисодиётимизга ниҳоятда катта шикаст етказадиган нарсаларни олиб ташласак йилига ортиқча 4-5% га ўсиш суратини ўстира оламиз. Лекин 50 йилдан кейин шу 4-5% бизни қашшоқ ёки ўртамиёна мамлакат бўлишимизни белгилаб беради.

Табиийки, иқтисодиётни ўстиришда бошқа бир қанча тўсқинлар бор, уларни ҳам олиб ташласак ўсиш суратларни икки рақамлик ҳам қилиш мумкин, лекин энг оддийларидан гапни бошлай дедим. Бу ерда икки хулоса бор: иқтисодий ўсишда 1% ортиқча ўсишни ҳам жуда жуда қадрлашимиз керак, иккинчидан, Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитида иқтисодий ўсиши учун ўтмишда қилган ва ҳозирда қилиб келаётган хатоларимиздан воз кечсак, ўсиш суратлари тезлашади.

“Иқтисодчи кундалиги”дан

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан