ПСЖ ўз тарихида биринчи марта Чемпионлар лигаси финалига чиқди (видео)

ПСЖ ўз тарихида биринчи марта Чемпионлар лигаси финалига чиқди (видео)

Франциянинг "Пари Сен-Жермен" жамоаси Чемпионлар Лигаси ярим финалида Германиянинг "РБ Лейпциг" клубини мағлуб этди. Португалиядаги учрашув 3:0 ҳисобида якунланди.

Ғолиблар орасида голлар Маркиньос, Анхел ди Мария ва Хуан Бернат томонидан киритилди.

Парижликлар Чемпионлар лигасида кетма-кет 34 ўйинда тўп киритиб, "Реал" нинг рекордини такрорлашди. Парижликлар ушбу турнирда охирги марта 2016 йил 12 апрелда Чемпионлар Лигаси чорак финалининг иккинчи учрашувида Англиянинг "Манчестер Сити" клубига ютқазганларида (0:1) гол кирита олмаганлар. 

 

Реал Мадриднинг Чемпионлар Лигасидаги 34 ўйинидаги голлар серияси 2011 йил майдан 2014 йил апрелгача давом этган. Ўшанда бу юриш Чемпионлар лигаси чорак финалининг иккинчи учрашувида Германиянинг "Боруссия Дортмунд" (2:0) жамоаси томонидан тўхтатилган эди.

Финалда "ПСЖ" чоршанба куни бўлиб ўтадиган "Лион-Бавария" жуфтлиги ғолибига қарши баҳс олиб боради. Чемпионлар Лигаси финали 23 август куни бўлиб ўтади. Турнирнинг амалдаги ғолиби - "Ливерпул".

ПСЖ Европа кубоги финалида фақат бир марта ўйнаган - 1996 йилда парижликлар Вена шаҳрининг "Рапид" жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратишган ва Кубок эгалари кубогини қўлга киритишган эди.

Франция жамоаларига Чемпионлар лигасида ғолиб бўлиш ҳар доим ҳам насиб қилмаган. Шу пайтга қадар фақатгина "Марсель" ЕЧЛда ғалаба қозонган. Бу воқеага ҳам 27 йил бўлди (1993). ПСЖ эса ўз тарихида илк маротаба Чемпионлар лигаси финалда баҳс олиб боради.