Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Путин Конституцияга қандай ўзгартиришларни киритмоқчи?
16.01.2020 01:05,  
935

Россия президенти Владимир Путин 2020 йил 15 январ куни Федерал кенгашда қилган мурожаатномасида мамлакат конституциясига ўзгартириш киритиш ва буни овоз бериш (референдум) билан ҳал этишни таклиф қилди

Путиннинг сўзларига кўра, у мамлакат учун янги конституция қабул қилиш заруратини кўрмаяпти, чунки 1993 йилда қабул қилинган ва ҳозирда амалда бўлган конституция ҳали ҳам талабга жавоб беради. Айни вақтда, асосий қонунга жиддий ўзгартиришлар киритиш вақти етиб келган. 

Путин Конституцияга қандай ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди

  • Россия Конституцияси халқаро ҳуқуқий шартномалардан устун туришини мустаҳкамлаб қўйиш
  • Россия ҳукуматини тайинлаш жараёнини ўзгартириш: ҳукумат раиси, ўринбосарлари ва вазирларни парламент тасдиқлайди
  • Куч ишлатар тузилмалар раҳбарларини тайинлаш жараёнини ўзгартириш. Президент уларни Россия Сенати билан маслаҳатлашувдан сўнг тайинлайди
  • Президент лавозимини бир киши кетма-кет иккитадан ортиқ муддат эгаллашини тақиқлашга доир тартибни ўзгартириш (тегишли моддадан “кетма-кет” деган сўзни олиб ташлаш)
  • Россия президенти лавозимига номзод мамлакатда 25 йил давомида доимий яшаган бўлиши (ҳозирда бу талаб 10 йил) ва ҳеч қачон бошқа давлат фуқароси бўлмаган бўлиши лозим
  • Судьялар, Россия Федерацияси субъектлари раҳбарлари, депутатлар ва сенаторлар, ҳукумат раҳбари ва вазирларнинг хорижий фуқаролик ва чет элда яшаш ҳуқуқига эга бўлишини тақиқлаш
  • Давлат кенгашини конституциявий органга айлантириш
  • Россия Сенатига Конституциявий ва Олий суд судьяларини лавозимидан озод қилиш ҳуқуқини бериш
  • Конституциявий судга федерал қонунларнинг конституцияга мувофиқлигини Россия президенти имзолагунига қадар тешириш ҳуқуқини бериш. Бундай текширувлар президент тақдимномасига асосан ўтказилади
  • Конституцияга пенсиялар мажбурий индексацияси ва яшаш минимумига тенглаштирилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ҳақидаги нормаларни киритиш.

Нима муҳим: Конституциями ёки халқаро шартномалар?

Путин биринчи ўринда Россия Конституцияси ҳар қандай халқаро шартномалардан устун туришини мустаҳкамлаб қўйишни таклиф қилди. Яъни, Россиянинг асосий қонунига зид келмаган ҳолатдагина халқаро шартномаларга амал қилинади.

“Конституция шундайига ҳам халқаро шартномалардан устун туради”, дейди Олий Иқтисодиёт Мактаби конституцион ва маъмурий ҳуқуқ кафедраси раҳбари ўринбосари Иля Шаблинский. “Бизда Конституциявий суд Конституцияга мос келмайдиган халқаро шартномаларни текшириш ҳуқуқига эга. Шундай экан, унинг меъёрларига зид келадиган халқаро шартномалар имзоланиши ва тасдиқланиши мумкин эмас”, дейди мутахассис.

Аммо Конституциянинг 15-моддасига кўра, Россия миллий қонунларга зид келувчи халқаро шартномаларга кириши мумкин. “Агар ҳукумат қайсидир қонунга зид келувчи шундай шартномани имзолаган бўлса, демак, Россия Федерацияси шундай қарорга келган бўлади. Демак, ушбу шартнома меъёрлари миллий қонун меъёрларидан устун кўрилади. Лекин бу ерда ҳам баҳслашадиган бирон нарса йўқ”, дейди Шаблинский.

Президент бўлиш учун кимларга рухсат берилади?

Бундан ташқари, Путин президентлик сайловида фақат россиялик бўлган, мамлакатда камида 25 йил узлуксиз яшаган ва ҳеч қачон бошқа бирон давлат фуқаролигини олмаган шахсгина номзод сифатида қатнашиши мумкин, деб ҳисоблайди. “Кетма-кет икки муддатдан ортиқ президент бўлиш мумкин эмас”лиги ҳақидаги моддадан эса “кетма-кет” сўзини олиб ташласа ҳам бўлади.  

Иля Шаблинскийга кўра, ҳозирча бу таклифнинг амалда ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Муаммо шундаки, Россияда 25 йил яшаган бўлиши кераклиги ҳақидаги талаб шу пайтгача Россия президентлигига номзод бўлганларнинг биронтасига қўйилмаган. 

“Конституция муаллифлари “президентликка номзод Россияда камида 10 йил яшаган бўлиши” ҳақидаги моддани ёзганда кенгроқ тарихий воқеликдан келиб чиқишган. Улар Александр Солженицин куч билан мамлакатдан чиқариб юборилгани, юзлаб қобилиятли ва истеъдодли шахслар СССРдан қувғин қилингани ва 1980 йиллар охири - 1990 йиллар бошидагина ватанга қайтганини яхши эслашарди. Бу (янги ўзгаришлар) ўша одамларни давлатнинг юқори лавозимларига сайланишдан маҳрум этишни англатадими?” – дея савол қўяди мутахассис.

Унинг фикрича, Путиннинг хаёлига ЮКОСнинг собиқ раҳбари Михаил Ходорковский келган бўлиши мумкин – у Россияда судланиб, кейин кечирилиб, қамоқдан чиққанидан сўнг мамлакатни тарк этган ва ҳозирда Буюк Британияда яшайди. “Путин Конституцияга ўзгартириш киритаётганда айнан Ходорковский ҳақида ўйлаган бўлиши мумкин”, дея тахмин қилади Шаблинский.  

“Бироқ бу баҳона Конституцияни ўзгартириш учун етарли эмас – асосий қонун меъёрларини қандайдир сиёсий қарашларга асосланиб тузатиш… Бу хунук иш”, дейди у.

Давлат ислоҳоти?

Путиннинг фикрича, бундан буён ҳукумат таркибини президент эмас, парламент тасдиқлаши лозим. 

“Давлат Думасининг қадри имкониятлари билан бирга ошяпти. Унга бош вазир ва бутун ҳукуматни таслиқлаш ҳуқуқи ишониб топшириляпти. Янги президент буни (парламент тасдиқлаган ҳукуматни) рад этиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Бироқ ҳозирги – барча жараёнлар юқоридан бошқариладиган шароитда бундай фаразни тасаввур қилишнинг ҳам иложи йўқ. Бу келажакдаги ҳокимият алмашинувининг бир қисми бўлса керак”, дейди сиёсатшунос Константин Калачев.

“Бу ислоҳот жорий вазиятга жуда кам таъсир қилади. Умуман олганда, ҳа, буни Россия давлат қурилишининг ўзгариши дейиш мумкин”, деб ҳисоблайди сиёсатшунос Аббос Галлямов. Унинг фикрича, Путиннинг таклифи ортидан депутатлик мандати ва ва спикерлик лавозимининг қадри кўтарилади: “Эҳтимол, Путин Давлат Думаси спикери ўрнини эгаллашга тайёрланаётгандир?”

Владимир Путин бунгача ҳам Конституцияга ўзгартиришлар киритилиши эҳтимоли ҳақида билдирган, аммо унда президентлик масаласидаги моддадан “кетма-кет” деган сўзни олиб ташлаш ҳақидагина гап борган эди.        

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан