Путин Навалний кетишига рухсат берганди-ку?

Путин Навалний кетишига рухсат берганди-ку?

Ўтган йили августда учоқда заҳарланган ўрис мухолифат йўлбошчиси Алексей Навалний Олмонияга олиб кетилиб, даволанишига шахсан президент Путин рухсат берганди. 17 январь кечаси Москвага хотини билан бирга қайтган Навалний минган рейс режадаги аэропортга эмас, балки Шереметевога қўнди. Уни паспорт назоратида кутиб турган Жазони ижро этиш бўлими ходимлари қамоққа олишди.



Навалний 2014 йили катта миқдордаги маблағни ўзлаштирганликда айбланиб, суд томонидан беш йилга шартли жазога ҳукм қилинган, ҳар икки ҳафтада бир полиция участкасига келиб, қўл қўйиб туриши зарур эди. Ўтган йили заҳарлангандан кейин, Олмониядаги касалхонада икки ой даволанган мухолифатчи ўша заҳотиёқ Москвага қайтиб келмаганлик ва қўл қўйиш пайтларини ўтказиб юборилганликда айбланмоқда.

Мухолифатчи энди суд қилиниб, беш йиллик жазонинг қолган қисмини қамоқда ўтказиши талаб қилинмоқда. Судя ҳозирча уни 30 кун қамоқда ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарди. Ундан кейин суд бўлиши кутиляпти.

Нимагадир заҳарлангач, нариги дунёга кетишига бир баҳя қолган Навалний Олмонияга олиб кетилишига Кремл рухсат бергани бугунги кунда инобатга олинмаяпти. "Қонун барчага баробар" деган қоида айнан шу ерга келганда амал қилиши кишини таажжубга солади.

Навалнийга кўра, уни заҳарлашга Кремл буйруқ берган эмиш. Бир ўлимдан қолишига қарамай, у ватанига қайтишдан қўрқмаслиги, чунки ҳақиқат у тарафда экани ҳақида баёнот берганди. Бундан бир ой олдин ОАВ билан жонли мулоқот қилган Владимир Путин мухолифатчи ҳақидаги саволга жавоб бериб, заҳархандалик билан "агар ҳақиқатан ҳам уни ўлдирмоқчи бўлишса, буни аллақачон қилишлари мумкин бўлгани"ни айтганди.

Мухолифат йўлбошчиси Алексей Навалний Ўрусия президенти ва коррупцияга қарши жасур чиқишлари ва ҳаракатлари билан дунёга танилган. Жаҳондаги етакчи ғарб давлатлари Алексей Навалний қамоққа олинишини кескин қоралаб чиқиб, буни демократия ва инсон ҳуқуқларига зид деб баҳолашди.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.