Путин норозилик акцияси ташкилотчиларини ўз-ўзини реклама қилишда айблади

Путин норозилик акцияси ташкилотчиларини ўз-ўзини реклама қилишда айблади

Россия Федерацияси президенти В.Путин мамлакат ҳудудларида бўлиб ўтган норозилик намойишлари ташкилотчиларини ўз-ўзини реклама қилиш, мамлакатда тартибсизликни юзага келтириш ва провакация қилишга уринганликда айблади.

Президент Путин BBC ахборот агентлиги журналисти саволларига жавоб берар экан шундай деди: “Бу акция мамлакат олдида турган муаммоларни ҳал қилиш, мамлакатдаги аҳволни ўзгартириш учун қилинмаяпти , аксинча, бундай хатти-ҳаракат ўзини ўзи реклама қилиш ва шу йўл билан ўзларининг шахсий муаммоларини ҳал қилиш учунгина ўтказилди”. Путин BBC журналистининг “A. Навалнийни яқинлашиб келаётган сайловларда мухолиф сифатида кўрасизми?” деган саволини очиқ қолдирди ва Навалний фамилиясини тилга ҳам олмади.

Бундан ташқари В. Путин савол йўллаган журналист BBC мухбири эканлигини билгач, саволлар норозилик намойишлари ҳақида бўлишини билганлигини ва BBC каби ахборот тарқатувчилар маълум бир маънода намойиш ўтказувчи бу каби гуруҳларни қўллаб қувватлашларини ҳам таъкидлади.

Президент сўзларига кўра, ҳукумат мамлакатдаги фуқаролар ҳаётини яхшилашга, мамлакат олдида турган муаммоларни ҳал этишга бел боғлаган, қийинчиликлар доим ҳам мавжуд ҳамда бу қийинчиликларни дастаклаб ўз манфаатларини амалга оширишни кўзламаган ҳар ким билан муомала қилишга тайёр.

Навалний ва унинг тарафдорлари Россия Федерациясининг кўплаб ҳудудларида 26 март ва 12 июнь саналарида норозилик намойишлари ўтказдилар. Бу намойишларни айримлари учун рухсат олинган, Москвадаги намойишларга бўлса рухсат берилмади.

Ҳар икки ҳолатда ҳам рухсат олинмаган намойишлар уюштиришда қатнашганларнинг аксари ҳибсга олинди. 26 мартда Москва шаҳрининг ўзида мингдан ортиқ намойиш қатнашчилари қўлга олинган бўлса, 12 июнда саккиз юздан ортиқ намойишчилар полиция томонидан қўлга олинди.

Эслатиб ўтамиз, Россиядаги намойишлар ҳукуматда порахўрлик авж олиб кетгани, мансабдорлар ўз мансаби ва амалидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланаётганликлари ортидан содир бўлди.

2414