Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Путин: “Россияга ёш, маълумотли, соғлом мигрантлар керак”
12.08.2020 10:40,  
1511

Бутун дунёни ларзага келтириб, мана-ман деган қудратли давлат иқтисодларини издан чиқариб ташлаётган кўз илғамас тожли вабо балоси Россияни ҳам четлаб ўтмаётир. Устига-устак ҳозирда Россия халқаро санкциялар остида рублнинг қадрсизланиши, жаҳон бозорида нефть нархларининг тушиши, табиий ресурсларини сотиб кун кўрадиган Россия иқтисодида давлат бюджети камомадини келтириб чиқариши тайин.

Соҳа мутахассисларининг Россия Молия вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда билдирган фикрларига кўра, Россия бюджет тизимининг учдан бири нефть ва газ билан боғлиқ даромадлар асосида шаклланади. Ўз-ўзидан осмондан ёғилаётган ақчаларнинг қисқариши Россиянинг COVID-19ни жиловлашга қарши нечоғлик олиб бораётган кураши мамлакат соғлиқни сақлаш тизимининг оқсоқланишини ҳам юзага қалқитиб чиқарди.

Россия Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда Россияда 4,5 миллиондан зиёд ишсизлар бор. Мустақил мутахассислар эса ўз ишини йўқотганларнинг реал сонини 10 млн. ва бу кўрсаткич кузга бориб 20 миллиондан ошади, деб ҳисоблайди.

Ҳали содир бўлмаган сайловларда ўз номзодини яна қўйиш имкониятини қўлга киритиб, кўнгли эҳтимол хотиржам бўлган Путиннинг мигрантлар ҳақида қилган баёнотида таназзул ёқасида турган мамлакат иқтисодига путур етказишда юқорида келтирилган омиллардан ташқари ўта жиддий ҳисобланган ишчи кучининг танқислиги ҳам сабаб бўлиш мумкинлигини билдирди.

Хусусан, Путин “Россия муҳожирларнинг келишидан манфаатдор, лекин улар мамлакатга керак бўлиши лозим. Агар умуман истиқбол ҳақида гапириладиган бўлса, улар таълим олиш, меҳнат бозори ёки муайян ишга бевосита киришиб кетишга тайёр бўлган, бизга лозим бўлган ихтисослик ва тегишли касбнинг маълум даражасига эга ёш, маълумотли, соғлом одамлар бўлишлари керак. Баъзи мамлакатларда бундай ишлар жуда юқори, салмоқли, деярли илмий даражада йўлга қўйилган. Биз ҳам буни уддалашимиз зарур”, деб айтган. Президент Путин, шунингдек, ҳукумат идоралари мамлакат ичида табиий ўсиш – туғилишга йўналтирилган қатор чора-тадбирларни кўришда давом этаётгани, бироқ Россия хориждан муқим яшаш учун кишиларни жалб этишга муҳтожлигини таъкидлаган.

Маълумки, 1991 йилдан бошлаб ҳисоблаганда Россия аҳолиси 147 миллиондан то ҳозирга қадар деярли Ватикан каби турғунликни ўз бошидан кечириб, 145 млн.га тушиб қолган. Тағин ҳам бу кўрсаткич четдан келган мигрантлар ҳисобига ушлаб турилибди. БМТ жаҳон аҳолиси динамикасини тадқиқ этувчи ихтисослашган муассасаларнинг башоратига кўра, вазият мабодо кескин даражада ўзгармас экан, Россия аҳолисининг сони 2050 йилга келиб 124,6 миллионни, XXI аср охирига бориб эса 83,7 млн.га тушиб қолиши мумкин.  

Россия давлат раҳбари “албатта, агар гап рус тили ва рус маданиятига дахлдор ватандошларимиз ҳақида кетаётган бўлса, кенг маънода ўзларини россияликман, деб ҳисобловчи айнан шундай кишиларнинг келишидан икки ҳисса-уч карра манфаатдормиз”, деб айтган.

Россия Федерацияси “ватандошлар” (соотечественники) атамаси остида “яқин хориж”, деб аталмиш собиқ шўро республикаларида яшовчи русийзабон кишиларни назарда тутади. Масалан, Финляндия ё Хитой унга қўшни чегарадош давлат бўлсада “узоқ хориж” мамлакатлар тоифасига киритилган давлатлар ҳисобланади.

Эҳтимол ўрта маълумотга эга марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари билан Россиянинг турли ҳудудларида содир бўлган нохуш тўқнашувларга шама қилибми, "тўғри, биз айрим нарсаларни беэътибор қолдиришимиз мумкин эмас ва унга ҳаққимиз ҳам йўқ. Бу, албатта, алоҳида минтақа ва муайян жойнинг меҳнат бозорига ҳам қарашимиз керак. Биз ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга шундай қарашимиз керакки, мигрантларнинг мазкур оқими ўз уйларида истиқомат қилувчи Россия фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини бузмасин. Унинг натижасида таълим хизматлари ёки соғлиқни сақлаш муассасалари билан боғлиқ муаммоларга дуч келмайлик. Буларнинг барчаси мураккаб масалалар, аммо биз улар билан шуғулланишимиз керак, албатта, биз буни бажарамиз”, деб фикрини якунлаган Путин.

Аввалроқ, 2020 йилнинг апрель ойида Путин COVID-19 тарқалиши хавфи муносабати билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонини имзолаганди. Икки ой ўтиб ушбу фармонга ўзгартиш киритилди. Чамаси, иссиқ иқлимда коронавирус чекиниб, вазият барқарорлашади, деган хаёл билан 15 июнь белгиланганди. Аммо воқеаларнинг кейинги ривожи ушбу муддатни 15 сентябргача узайтиришни тақозо этди.

Ушбу ҳужжатлар нелар ҳақида сўйлайди? Россияда қонуний ишлаш учун мард ишчи (мардикор)лардан доимий ё вақтинча яшаш ҳуқуқи ва ишлаш ҳуқуқи патентни қўлга киритишлари лозим. Юқорида зикр этилган фармонлар билан патентлар муддати автоматик тарзда 15 сентябргача узайтирилди. Патент нархи Россиянинг турли минтақаларида 45 АҚШ долларидан 137 долларгача ҳисобланади. Аммо президент фармонлари ҳужжатлари жойида бўлган ишчиларгагина кор қилди холос.

Афсуски карантин палласида кунма-кун қозони қайновчи, нолегал, патенти йўқ мавсумий ишчилар ҳолатини тамомила хонавайрон қилиб, уларни янада абгорлаштирди. Давлат чегараларига ночор аҳволда ҳатто яёв юриб келишга мажбур бўлаётганлар айнан шу – ҳам ишсиз, ҳам ҳужжатсиз, ўз вақтида етарли маълумотга эга бўла олмаган ковид даври қурбонларидир.

Ҳатто расмийлар ҳам тасдиқлашга иккиланган турли тахминларга кўра, Россияда камида 4 миллион марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари бор ва уларнинг коронавирус давридаги аҳволи ниҳоятда оғирлашган. Минтақадаги баъзи республикаларнинг иқтисоди ва хорижий валюта хазиналари кўлами меҳнат мигрантларининг ўз оила аъзоларига жўнатадиган пул ўтказмалари билан чамбарчас боғлиқ.

Путин ақлли ва саломат муҳожирларни ташриф қоғози сифатида таклиф этиб, уларнинг ҳисобидан Россия иқтисодини жонлантириш тарафдори эканини билдирар экан, Жаҳон банки мамлакатнинг 10,6 миллиондан ортиқ ўта малакали россиялик ўз ойдинлари бепоён Россия сарҳадларини аллақачон тарк этганларини қайд этган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан