Путин ва Лавров ташқи сиёсатнинг шармандали якуни

Путин ва Лавров ташқи сиёсатнинг шармандали якуни

Кремл. Москва

Россиялик тарихчи ва сиёсатшунос олим Андрей Зубовнинг Россия Федерациясининг ҳозирги олиб бораётган сиёсатини таҳлил қилган мақоласи Шокир Долимов томонидан таржима қилинди. Мақолани тўлиғича эътиборингизга ҳавола этамиз.

2020 йил 27 май куни Конрад Аденауэр фондида Германия канцлери Ангела Меркел Европа томонидан илгари суриладиган халқаро сиёсатнинг асосий йўналишлари мавзусида сўзга чиқди. Унинг нутқида асосан Хитой ва АҚШ ҳақида гап борган бўлса-да, Россияни ҳам тилга олиб ўтди.

– Европа бетараф ўлка эмас, сиёсий Ғарбнинг бир қисмидир, – таъкидлаб ўтди Меркел хоним. - Айнан мана шу мезон Россия билан йўлга қўйиладиган муносабатлар тавсифини белгилайди. Россия билан яхши муносабатлар қуришга ҳаракат қилиш кераклигининг ҳар хил сабаблари мавжуд бўлиб, улар жумласига географик жиҳатдан яқинлик, тарихда бўлиб ўтган ҳодисалар, бир қатор халқаро масалаларни ҳал этиш жараёнида ҳамкорлик қилиш заруратию, йўлга солинган иқтисодий алоқалар киради. Бироқ Россия билан олиб бориладиган ҳар қандай ишда шериклик эмас, ўзаро тинч-тотув яшаш масалалари устун кўрилиши даркор. Москва билан ўтадиган диалог «танқидий-конструктив» мазмунга эга бўлиши лозим.

Канцлер хонимнинг сўзларига қараганда биз билан йўлга қўйиладиган муносабатларнинг танқидий руҳга эга бўлиши кераклигига, Россия халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Хелсинкида қабул қилинган Якуний далолатнома ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси талабларига деярли амал қилмай, қўпол равишда бузиб келаётгани сабаб бўлмоқда.

Чунончи, Россия қўшни давлат ҳудудида ҳанузгача ўз ечимини топмаган бир қатор можаролар ўчоғини вужудга келтириб, халқаро ҳуқуқ талабларига зид равишда Украинанинг ҳудудий яхлитлигини бузганча, Қрим яриморолини аннекция қилди, – эслатиб ўтди Меркел. – Россия Шарқий Украинанинг алоҳида ҳудудларида юзага келган қўғирчоқ ҳукуматларни қўллаб-қувватлаб бормоқда, курашнинг дурагай воситаларини қўллаган ҳолда ғарбнинг демократик давлатларига, шу жумладан, Германияга ҳамла қилмоқда. Модомики, Берлин халқаро ҳуқуқ талаблари бузилган ҳар бир ҳолатга жиддий эътибор қаратар экан, Россия Европа Иттифоқига раислик вазифасини бажарадиган Германиянинг диққат-эътибор марказидан ўрин олганча қолади.

Жаҳоннинг ўзим ҳурмат қиладиган бугунги етакчиларидан бирининг оғзидан бундай гапни, яъни дунёда тутган ўрни борасида Россияга бу даражада паст баҳо берилишини эшитиш менга – рус кишига жуда алам қилди. Лекин таассуф ила тан олмоқ лозимки, канцлер хоним томонидан Ватаним Россиянинг хатти-ҳаракатига адолатли баҳо берилди.

Бундан ўттиз йил муқаддам Россия Коминтерн давридан бошланиб, барбод бўлган Афғон урушигача ўз ташқи сиёсатига касб қилиб олган ҳийлакорлиги-ю, йўқотган империясини тиклашга қаратилган жиззакилигини бир четга суриб қўйган дўст сифатида халқаро тараққийпарвар жамият сафига кириш йўлида эпсиз ҳаракат бошлаган эди. Ленин замонидан Брежнев давригача «Бизга тегишли ҳар қандай нарса бизники, қолган нарсалар юзасидан эса баҳслашамиз» доктринаси ҳам унутилди. Чунки бундай «баҳс»лар 1919 йили Германияда, 1939 йили Полшада, 1948 ва 1968 йиллари Чехсловакияда, шунингдек, Куба, Ангола, Ветнам, Сурия, Ливия ва Афғонистонда ўтган эди. Ўша даврларда шу даражада баҳслашдикки, оқибатда юртимиз қашшоқлашиб, дунё давлатлари биз билан қўл бериб сўрашмайдиган бўлиб қолди.

Тараққийпарвар давлатларга душманлик қилмай, уларнинг шеригига айланиш – Россия томонидан 1990 йиллар бошида олиб борилган ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши бўлди. Худди шундай муносабатлар Швеция, Япония, Швейцария сингари Европа Иттифоқи давлатлари ва НАТОга аъзо давлатлар билан йўлга қўйилиши, балким Полша, Чехия, Эстония ва Руминия сингари ўша иттифоқларга аъзо бўлиш керак эди. Бундай мақсадларга ҳеч бир йўқотишсиз, Россия халқининг фаровонлиги ва хавфсизлиги йўлида эришиш – Россия томонидан илгари сурилган халқаро сиёсат тантанаси бўлар эди.

Таассуфки, бундай тантана юз бермади. Танланган йўлнинг тўртдан уч қисми ўтилиб, ҳатто 2000 – йиллар бошида G7 нинг саккизинчи аъзоси бўлишга улгурган бир вақтда йўлдан адашиб, ютуқларимизни йўқотдик. Мана энди Айюб пайғамбар сингари култепада ўтирар эканмиз, пандемия роса авжига чиққанда «Батка» сингари ҳарбий парад ўтказишдан бошқа ишимиз қолмади.

Россия ўзининг жиноий тусга эга аҳмоқона ташқи сиёсати, эскириб занглаган совет медалининг икки томонига ўхшаш бўлиб, жиноийлик ва нодонлик борасида қолишмайдиган ички сиёсати дастидан радди маърака давлатга, ҳаммага халақит берадиган юртга, тажовузкор жиноятчи ўлкага айланди-қолди.

Бизларнинг, яъни Путин билан Лавровнинг ношуд қўллари ила тўқилган бўлиб, сталинизм империяси томон оғиб кетган «русский мир» фуқаролари бўлмиш ўрисларнинг аҳволи не кечади энди? Нима учун бундай бемаънигарчиликка қўл уришди анави иккаласи?

Демократик тузумга эга, ҳар томонлама бой, дунё давлатлари учун очиқ, НАТО тасарруфидаги жамики қудрат ила террорчилардан ва сўнгги коммунистик истибдодларнинг золимона тажовузкор режимларидан муҳофаза қилинган Россиянинг эркин сайланган президенти ва омади чопган ташқи ишлар вазири бўлиш нуфузлироқ эмасмиди?

Йўқ, Путин билан Лавров иккаласи бошқа йўлни – бир замонлар қулаб йўқ бўлган империянинг тоталитар ўтмишига, юртнинг истиқболидан қадрлироқ кўринган ўтмиши сари етаклайдиган йўлни танлашди. Афтидан, иккаласи ўтмишга, боз устига фожиаларга бой ўтмишимизга олиб борадиган йўл ҳалокат сари етаклайдиган йўл эканлигини унутишган кўринади.

2014 йили Ангела Меркел Қримнинг аннекция қилинганидан даҳшатга тушиб Путинни «воқеликдан адашаётгани» борасида огоҳлантирган эди. Мана, орадан олти йил ўтиб ундай «адашиш» қандай оқибатларга олиб келганини Меркел хонимнинг ўзи аниқ кўрсатиб ўтди.

Унинг гапи тўғри бўлгани учун ҳам кўнглим ғаш".