Путинлар сулоласи: президентнинг қариндоши партия етакчисига айланди

Путинлар сулоласи: президентнинг қариндоши партия етакчисига айланди

Россия президенти Владимир Путиннинг амакиваччаси Роман Путин "Коррупцияга қарши халқ" (Народ против коррупции) партиясининг раҳбари этиб сайланди. Қарор партия қурултойида қабул қилинди, деб хабар беради РБК нашри.

Путин яширин овоз бериш йўли билан сайланди. "Роман Игоревич Путинни беш йиллик муддатга Бутунроссия "Народ против коррупции" сиёсий партиясининг раиси ва раҳбари этиб сайланди", - деди партия раиси Григорий Анисимов.

Партиянинг устувор вазифаси сифатида Роман Путин сентябрда бўлиб ўтадиган минтақавий сайловларда, кейин эса партиясидан бирор депутат сайланмаган Давлат Думасига бўлиб ўтадиган сайловларда қатнашишини айтди. Партиянинг янги раҳбарига кўра, у "давлат фаолиятининг турли-туман соҳаларида" жуда кўп режаларга эга. "Сиз сезганингиздек, бизда жуда фаол партия аъзолари бор. Бугун партия аъзоларидан бири бюджет маблағларини тежаш учун тўққиз триллион рубл миқдоридаги қатор тадбирларни эълон қилди ", - деди Путин.

Роман Путин 2020 йил 21 июнда партиянинг Москва шўбаси аъзосига айланди. Умумий сиёсий кенгаш бюроси Путинни партия раиси этиб тайинлаш учун овоз беришни тавсия қилди. "Партия коррупцияга қарши кураш, ривожланиш ва турли ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда янги туртки бўлади", - деди Анисимов ўз баёнотида.

Роман Путин мамлакат президентининг қариндоши Игор Путиннинг ўғли. У "Путин Консултинг" МЧЖга эгалик қилади. Компания Буюк Британияда ташкил этилган бўлиб, илгари Putin Consulting Ltd. деб номланган.

Бундан ташқари, Путин нефт маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи Звезда Оил компаниясининг бош директори, шунингдек Русюгехпорт (транспорт билан шуғулланувчи), Арбат Нефтегаз (ёқилғи улгуржи савдоси билан шуғулланади) ва Партнер Восток (автомобил қисмларини улгуржи савдоси билан шуғулланади) ширкатларининг эгаси.

Роман Путин шунингдек, Россия академик жамғармаси бошқаруви раиси ҳисобланади.