“Ассалому алайкум, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банкига мурожаатимиз бор. Бизга тушунарсиз бўлган ҳолатга ойдинлик киритиб берсангиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 июлдаги ПҚ-323-сонли қарорига кўра, тўлов-контрактда ўқиётган хотин-қизларга жорий йилдан бошлаб имтиёзли, фоизсиз таълим кредити белгиланди. Бугун 27.10.2022 йил санасида мана шу масала бўйича Қишлоқ Қурилиш Банкнинг Андижон вилояти Қўрғонтепа туман филиалига мурожаат қилдик. Белгиланган тартибда ҳужжатларимни ва иккита доимий иш жойига эга Ўзбекистон Республикаси фуқаросини кафил сифатида уларнинг ҳужжатларини ҳам тақдим этдим. Қишлоқ Қурилиш Банк ходими ҳужжатларни кўриб чиқиш учун имтиёзли кредит олувчи шахс ва икки кафил фуқаролардан 30000 (ўттиз минг) сўмдан 3х30000=90000 (тўқсон минг) сўм банк кассасига тўлаб, квитансияни олиб келишимизни ва ҳужжатлар шундан сўнггина кўриб чиқишилини айтди ва биз ушбу юқорида кўрсатилган (90000 сўм) маблағни банк кассасига тўладик. Тўлов учун берилган квитансиянинг бир нусхасини кассада (С. исмли ходима) олиб қолди (банк хизматларини кирим қилиш учун экан) ва қолган бир нусхасини ПҚ-323 сонли имтиёзли кредит олиш учун мурожаат қилганимиз банк ходимига тақдим этдим, сўнг ҳужжатларимни кўриб чиқди ва кафиллик қилаётган фуқаролардан бирининг номида кредити бор эканлиги аниқланди. Шу туфайли имтиёзли таълим кредитини олишим учун умуман номида кредити йўқ фуқарони кафил қилишим кераклигини айтиб, ҳужжатларимни қўлимга тутқазди.
Шу ўринда савол туғилади: Ўзбекистон Республикасидаги банкларда Президент қарори бўйича имтиёзли таълим кредитларини олиш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар кўриб чиқилиши учун белгиланган шаклда хизмат ҳаққи тўлови мавжудми? Ёки фақатгина Қишлоқ Қурилиш Банкида Президентимиз томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредитлар учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш пулликми? Агар ушбу ҳолатда мен таълим кредитидан фойдалана олмас эканман, тўлов учун қилинган суммани Қишлоқ Қурилиш Банки нега кирим қилди? Қайтарилиши керак эмасмиди”, дейди бизга хат йўллаган муштарийларимиздан бири.
Имтиёзли кредит олмоқчи бўлган талаба 27 октябрь санасида банкка мурожаат қилганини айтмоқда. Банкка келиб тушган мурожаатлар 5 банк иш кунида тижорат банки томонидан ўрганилиб, ариза бўйича жавоб SMS код орқали аризачининг телефон рақамига юборилади.
Бундан келиб чиқадики, контракт тўлаш муддати 1 ноябргача эканлигини ҳамда аризаларга 5 банк иш куни ичида жавоб кўриб чиқилишини, шунингдек, тижорат банкларида 29-30 октябрь кунлари дам олиш куни бўлишини эътиборга олсак, имтиёзли таълим кредити олиш учун бу санада ариза бериш фойдасиз эканлиги маълум бўлади.
Хўп, ушбу мурожаатчимизнинг бу маълумотдан хабари йўқдир, лекин ҳар кунлик фаоилияти мана шундай масалалар доирасида кечадиган банк ходимаси нима учун банк мурожаатчисини огоҳлантирмади ва нима учун мурожаатчидан 30+30+30=90 минг сўм талаб қилди? Ёки банк ходимларининг асосий мақсади мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш эмасмдир. Наҳотки оддийгина “йўқ” деган жавоб учун ҳам тилларидаги ҳисоблагич шу даражада тез айланса? Ушбу масалага Марказий Банк томонидан муносабат кутиб қоламиз.