Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Қадимги Марказий Осиё ва Хитой иқтисодий алоқалари
18.07.2022 15:20,  
70

Бундан ташқари юқоридаги ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий айирбошлашлар ҳақида Хитой манбаларида акс этганми, деган саволлар ҳам талайгина. Кейинги пайтда бу масалага Хитой Халқ Республикаси олимлари ҳам эътибор бериб келмоқда. Бироқ аксарият хитойлик олимлар Марказий Осиё ва Хитой иқтисодий алоқалари мил. авв. 128-127 йилда ғарбий Хан империяси (милоддан аввалги 206-25 йй.) элчиси Чжанг Чян Ўзбекистон ҳудудига келиб кетиши ҳамда Буюк ипак йўлининг бошланиши шу жараён билан боғлиқ деб ҳисоблашади.

Аммо кейинги пайтда Ўзбекистон олимлари томонидан нашр этилган асл Хитой манбалари асосида амалга оширилган тадқиқот ва таржималарида келтирилган маълумотларга қараганда, ушбу иқтисодий алоқалар милоддан аввалги биринчи минг йилликнинг бошида йўлга қўйилганлиги ҳақида маълумотлар бор. Масалан, давримизгача етиб келган ёзма манбалар ичида муаллифи номаълум бўлган “Му-Тянзи чжуан” (“Тангри фарзанди Му ҳақида баён”) номли сафарнома энг қадимийси ҳисобланади. Мазкур асарнинг 1- 4 боблари ҳукмдор Мунинг (Му-ванг) ғарбий саёҳатига бағишланган. Му эса унинг Чжоу сулоласининг бешинчи ҳукмдори бўлиб, милоддан аввалги 1001–947 йилларда ҳукмронлик қилган. Ундаги маълумотларнинг таржимаси тарих фанлари доктори А. Хўжаев, тарих фанлари доктори, профессор Н. Каримовалар томонидан 2018 йилда нашр этилган “Хитой манбаларидаги Марказий Осиё давлатчилик тарихига оид маълумотлар (таржималар ва тадқиқотлар)” асарида ўз аксини топган.

 

Помирдан Хитойга “йўл олган” зираворлар

 

Унда ҳукмдор Му ўша пайтда қадимги Хитойнинг ғарбида жойлашган Шивангму мамлакатига ўз ҳамроҳлари ёрдамида бир неча юз ўрам ипак матолар олиб борганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Бундан ташқари, у Марказий Осиёга келганида Помир тоғ этакларидан зира ва зиравор ўсимликлар териб Хитойга олиб қайтган. У олиб борган ипак матолар ва бронзадан қилинган буюмларни маҳаллий қабила бошлиқларига ҳадя этган. Бундан ташқари у томонидан ҳадя этган совғаларининг кўпчилигини олтин ва кумушдан қилинган буюмлар ташкил этган.

Маҳаллий аҳоли эса уларга от, қўй, қорамол, дон, мусаллас ва бошқа буюмлар ҳадя этишган. Шундай ҳолатлар мазкур мамлакатга етиб боргунча бир қанча жойларда ҳам юз берган. Ушбу маълумотлар бир томондан сафар жараёнида Му ва унинг одамлари озиқ-овқат, сув ва ҳаракат воситаларига муҳтож бўлганлигини кўрсатади. Иккинчи томондан, борган жойларидаги аҳоли билан молга-мол алмаштириш асосида олди-сотди савдо алоқалар юз берганлигини кўрсатади. Кейинги даврлар, айниқса милоддан аввалги ИИИ аср охирларида Хитойни марказлаштириш жараёни кескин авж олади. Айниқса мил.авв. 206 йилда Лю хонадонидан бўлган йирик амалдорлар катта империяга асос солишади. Хитой тарихида ушбу давлат “Хан чао” Хан сулоласи (милоддан аввалги 206-мил. 220 йй.) номи билан кирган. Мазкур давлат иқтисодий ривожланиш ва давлат ҳудудларини кенгайтириш мақсадида кўп давлатлар билан сиёсий-дипломатик алоқалар олиб боради. Хан сулоласи дастлаб савдо-сотиқни назорат қиладиган махсус давлат идорасини ташкил қилади. Дастлабкиси “Даҳонг луси” деб номланиб ташқи дипломатик алоқаларни бошқариб турган. Бу Хитой тарихидаги дастлабки ташқи ишларни олиб борувчи идора ҳисобланади. Кейингиси пойтахтда, яъни Чанан (ҳозирги Шиан шаҳри) чет элдан келган савдогар меҳмонлар учун қароргоҳ ташкил қилиниб, у “Ман йиди – яъни чет элликлар қароргоҳи” номини олган. Агар ушбу жумлани сўзма-сўз таржима қилсак “Ман халқига мансуб ёввойиларнинг қароргоҳи” деб номланади. Бу ерда чет элдан келган одамларни қабул қилиб олувчи кишилар ҳамда махсус таржимонлар фаолият юритган. Бундан ташқари чет элдан келган махсус савдо элчилари қабул қилинган. Хан сулоласи даврида ташқи иқтисодий алоқа асосан қуруқлик йўллари орқали олиб борилган. Хитой ўша даврда иқтисодий алоқаларни олиб боришда ҳар икки томонлама йўналишни ўз қўлига олишга ҳаракат қилган. Қуруқликдаги савдо йўли бу – “Буюк ипак йўли” ҳисобланиб асосан бу йўл орқали ғарб дунёси билан алоқа қилинган.

 

Ипак савдоси бўйича Марказий Осиё ва Европа ўртасида кимлар воситачи бўлган?

Мамлакатнинг ичида ҳам бир қанча йўллар мавжуд бўлиб, улар давлат ичида турли маҳсулотларни ташишда жуда муҳим аҳамият касб этган. Хан сулоласи даврида ипак йўли орқали Хитой билан ғарб мамлакатлари ўртасидаги маданий иқтисодий алоқаларнинг янги бир даври бошланди. Ғарбдан, шу жумладан Хитой манбаларида Дайюан, Даван (Буюк Паркана давлати) дан Хитойга кириб борган уй ҳайвонларидан от, ўсимликлардан эса беда уруғи, ёнғоқ, узум, ловия, анор ва бошқа кўплаб ўсимликларни айтиш мумкин. Бу маҳсулотларнинг Хитойга кириб келиши унинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини янгидан бойитди. Милоддан аввалги 128 йил қадимги хитойлик сайёҳ ва элчи Чжанг Чяннинг Марказий Осиёда, аниқроғи, Бақтрияда Хитойда ишлаб чиқарилган Чионг бамбук тахтачалари, Шу газламаларини кўриб қолади. Бу нарсалар ҳақида маҳаллий аҳоли савдогарлар орқали боғланиб Ҳиндистондан сотиб олганлигини айтади. Бу маҳсулотларга таъриф берадиган бўлсак, Чионг бамбук тахтачалари ўша пайтда Шичанг ҳудудининг Чионг тоғида ўсадиган бамбук дарахтидан ясалган. Шу газламаси эса Сичуанда ишлаб чиқарилган каноп маҳсулотлари сирасига кириб, бу маҳсулотларнинг ҳаммаси Ёнгчанг қадимий савдо йўли орқали қўлдан-қўлга ўтиб Бақтриягача кириб борган.

Мазкур йўл Хан сулоласи даврида ички савдо йўли ҳисобланган. Хитойдан ғарбга кириб борган маҳсулотлардан ипак, темир буюмлари, лак идишлари, чинни буюмлар, олтин-кумуш маҳсулотлари, турли хилдаги ҳунармандчилик буюмлари, хитой пуллари, ипак қурти ва бошқа маҳсулотлар. Ўша пайтда халқаро пул бўлмаганлиги боис товар айирбошлаш асосида савдо-сотиқ қилинган. Мисол учун, хитойликлар ипак матоларига Даван отларни алмаштирганлар. Милоддан аввалги 119 йилда Чжанг Чян ғарбий ҳудудларга элчи бўлиб борган пайтда, унинг элчилик жамоаси ўзи билан ўн минглаб қўй-эчки, совға қилиш мақсадида кўп миқдорида олтин, ипак газлама олиб борган эди. Кўриниб турибдики, бу буюмлар элчилик жамоасининг савдо-сотиқ характерида эканлигидан далолат беради. Хитой ташқи савдосининг ривожланиши натижасида чет эл маданияти Хитойга тез тарқалишига олиб келди. Энди император саройининг ички ва ташқи кўриниши ипак, лак буюмлари ҳолатида эмас, балки чет эл буюмлари билан ўзгача шаклга кирди.

Императорнинг хотини ва канизаклари яшайдиган саройни ғарбдан келган марварид, совут, каркидон шохлари ҳамда зумрадранг қуш патлари безатиб турган. Амалдорлар яшайдиган сарой деворларини қовга думи, аждарҳо, балиқ кўзи, терлаб турган от расмлари безатиб турган. Сарой ташқарисида эса фил, шер, итлар, товуслар тўп-тўп бўлиб юришган. Марказий Осиёга Хитойдан чой ва доривор ўсимликлар кириб келганлиги Хитой манбаларида қайд этилади. Айниқса Хитойдан экспорт қилинган доривор ўсимликлардан равоч, қизил гул кўпроқ сотилган. Буюк ипак йўли орқали халқаро савдо алоқаларида дориворларнинг ўрни ҳам анча баланд бўлган. Бу маҳсулотлардан ташқари марваридлар, қимматбаҳо тошлардан ясалган маржонлар, тилла ва кумушдан қилинган заргарлик буюмлари, узук ва зиракларга ишлатиладиган қимматбаҳо тошлар ҳам ушбу савдода муҳим аҳамият касб этган. Буларнинг кўп қисми элчилар, савдогарлар томонидан Хитой императорларига ва ҳокимларига совға сифатида олиб борилган.

Хуршид АЗИМОВ,

 ЎзР ФА Беруний номидаги

Шарқшунослик институти таянч докторанти.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан