Сўх туманида юз берган оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда гумон қилиниб шу йилнинг 22 августидан буён ушлаб турилган блогер Ҳайдаржон Бобоҳайдаров (Дадахон Ҳайдаров) 2 сентябрь куни озодликка чиқарилган. Бу ҳақида унинг адвокати Ҳамидахон Абдуназарова Kun.uz'га маълум қилди.
Адвокатнинг маълум қилишича, ҳимояси остидаги шахсни жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб этиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш учун етарли асослар бўлмаган. Шу сабабдан у тергов органининг қарори билан қўйиб юборилган.
Адвокат сўхлик блогерга нисбатан тўпланган далиллар етарли эмаслигини айтмоқда
Эслатиб ўтамиз, май ойида Сўх туманида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар ортидан қўзғатилган жиноят иши доирасида бир неча киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берилганди.
Кейинчалик улар орасида бош вазир билан учрашувда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг истеъфосини сўраган блогер Ҳайдаржон Бобоҳайдаров ҳам борлиги маълум бўлди.
«Бошига халта кийгизиб, вертолётда олиб кетишди» — сўхлик блогернинг отаси
29 август куни Gazeta.uz сайтида эълон қилинган материалда блогернинг отаси ўғли 22 август куни вертолётда «бошига қоп кийдириб» олиб кетишгани ҳақида айтди.
30 август куни ижтимоий тармоқларда блогернинг онаси Азиза Эралиева видеомурожаат қилиб, президентдан фарзандини афв этишни сўради.
31 август куни Бош прокуратура Ҳайдаржон Бобоҳайдаровнинг ҳибсга олингани ҳақида ахборот берди. Унда Бобоҳайдаров жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, Жиноят процессуал кодексининг 226-моддаси (ушлаб турилганларни сақлаш жойлари) тартибида ушлангани айтилди.