Қамоқхоналарнинг ётоқхоналари кубрик типидаги хоналарга ўтказилади

Қамоқхоналарнинг ётоқхоналари кубрик типидаги хоналарга ўтказилади

Иллюстратив фото

Аввал хабар қилганимиздек, “Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазоларни ижро этиш муассасаларининг фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида“ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарор билан Озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасалари тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, жазони ижро этиш муассасаларига қуйидагилар киради:

  • жазони ижро этиш колониялари, шу жумладан, даволаш ҳуқуқи асосидаги;
  • тарбия колониялари;
  • турмалар;
  • маҳкумлар учун ихтисослаштирилган касалхоналар.

Озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасаларидан 50 метр масофада маъмурий, маиший, хўжалик бино ва иншоотлари қурилиши учун ер участкалари ажратилишига, улар ижарага берилишига, шунингдек, баландлиги 6 метрдан юқори бўлган бино ва иншоотлар қурилишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, қарор билан 2020–2024 йилларда жазони ижро этиш колонияларининг яшаш ётоқхоналарини кубрик типидаги хоналарга ўтказган ҳолда уларни босқичма-босқич қуриш ва реконструкция қилиш дастури тасдиқланди.

Мазкур дастурга кўра, белгиланган йилларда 14 та жазони ижро этиш колониясининг жами 60 та яшаш ётоқхоналари кубрик типидаги хоналарга ўзгартириш йўли билан реконструкция қилинади. 3 та янги бино қурилади.

Эслатиб ўтамиз, шунингдек, 2020 йилда 18 та жазони ижро этиш колонияларида 1 833 дона видеокузатув мосламаси ва 36 комплект шахсий видео регистраторлар ўрнатилади ва Пробация хизмати амалиётига 3 минг дона электрон браслет татбиқ этилади.