Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Президент қарорини менсимаган авиакомпания меҳнат муҳожирларига имтиёзли билет сотиш ўрнига янада қимматлаштирди
23.10.2019 01:15,  
4623

2018 йилнинг 18 январида Қозоғистон чўлларида автобус ичида ёниб кетган 52 нафар ўзбек фарзандлари ҳаммамизнинг ёдимизда.

Шу воқеа сабаб яна бир бор, нафақат, мамлакат ичида, балки бошқа давлатлар билан ҳам транспорт алоқаларимиз нақадар абгор ҳолатда эканлиги ўртага чиқди.

Бунинг асосий сабаби Ўзбекистоннинг ички ва ташқи транспорт ҳаракатлари 2 катта монопол ташкилотлар - «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК томонидан ўзаро бўлиб олинганлигидадир.

Буни Ўзбекистон Президенти ҳам бир неча марта эътироф этди.

2018 йилнинг 5 март куни “Ўзбeкистон Рeспубликаси фуқароларининг вақтинчалик мeҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рeспублика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилинди. Қарор матни фақат рус тилида берилган, ўзбекча қарор ҳам бор; фақат кирилл алифбосида берилган қарорда фақатгина илова, лотин алифбосида берилган қарорда эса «Ҳужжат матни рус тилида берилган» деган маълумот бор холос. Ҳужжатларни тайёрловчи давлат органларига алоҳида салом. Қисқача мазмуни четга ишлагани чиқиб кетаётган Ўзбекистон фуқароларига авиа ёки темир йўл чипталарини сотиб олишда “Алоқабанк” воситачилигида 20 фоизлик чегирма ва 300.000 сўм миқдорида моддий ёрдам беришдан иборат.

Бу, албатта, четга, асосан, Россияга бориб ишловчилар учун қувонарли қарор сифатида қабул қилинди.

Лекин...

Лекин аслида ҳам ХАЛҚ бу қарордан кейин четга чиқишда қулайликларга, чегирмага, имтиёзга эга бўлмоқдами?

Йўқ!!!

Сабабини қуйида батафсил тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Шу кунларда бир танишим (ёши 21 да, Россияда 2 йил ишлаб қайтганига 1 ҳафта бўлмай, қайта кетиш ҳаракатида) билет масаласида маслаҳат сўраганди, юқоридаги қарор юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига учрашни маслаҳат бердим, шундай қилса, билет нархидан бироз чегирма олиши мумкинлигини айтдим.

Орадан бир кун ўтиб, танишим меҳнат бўлимидан чегирма билан олгандан кўра, кўчадан нақдга арзонроқ эканлигини айтганда ишонмадим, мустақил текшириб кўришга қарор қилдим.

Текшириш учун Тошкентдан Москвага, 20 октябрь, якшанба куни учун авиабилет нархларини танлаб олдим.

Аввало ишни яшаш жойимга яқин бўлган Фарғона ва Марғилон шаҳарларида жойлашган авиакассалардан билет нархларини суриштиришдан бошладим.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК нинг расмий дилерларида Тошкент > Москва авиачипта нархи, эконом класс учун энг арзони 1.450.000 сўм экан, бир нечта авиакассаларда деярли бир хил нарх.

Энг арзон билет Россия авиакомпанияси Utairдан “Тошкент > Москва” йўналиши учун 1.330.000 сўм экан.

Кейинги қадамда эса онлайн билетларни қидириб кўрдим.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК нинг расмий сайтидан “онлайн бронлаш” хизмати орқали “Тошкент > Москва” йўналишида билет қидирганимда энг арзон билет 1.449.874 сўм белгиланган экан.

Арзон авиабилетлар топиш хизмати бўлган Aviasales сайтидан ҳам қидириб кўрдим. У ерда энг арзон билет Utair авиакомпанияси томонидан тақдим этилган, 1.345.138 сўм.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК томонидан тақдим этилган нарх эса 1.453.846 сўм.

Демак, “Тошкент > Москва” йўналишидаги, эконом класс учун арзон билет нархи, ўртача 1.450.000 сўм атрофида эканлигидан келиб чиқиб, миграция бўлимига ҳужжатларни расмийлаштириш ва билет сотиб олиш учун келдим.

Тахминимча, билет нархи 1.450.000 бўлса, 20 фоиз чегирма( -290.000 сўм), 300.000 сўм моддий ёрдамни чиқариб ташласа, 860.000 сўм билет учун тўлов қилиш керак эди.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари туман бўлимидан керакли маълумотнома олгач, агентликнинг вилоят бўлимига бордик.

У ерда ҳужжатларни рўйхатга олишгач, авиакассага бориб, нархларни эшитиб, капалагим учиб кетди.

20 фоизлик чегирма ва 300.000 сўмлик моддий ёрдам қўшиб ҳисоблаганда ҳам “Тошкент > Москва” йўналишидаги , 20 октябрь санаси эконом класс учун билет нархи 1.665.000 сўм экан!

Демак бу нархга 300.000 (1.965.000) ва 20 фоиз чегирмани қўшсак, умумий билет нархи 2.456.250 сўм экан!

Қўшимча мажбурий ҳаёт суғуртаси, Агросуғурта томонидан (50.000 сўм), “Алоқабанк” томонидан мажбурий (айнан мажбурий, шахсан гувоҳ бўлдим, бир мижоз Ҳамкорбанк VISA картаси борлигини айтишига қарамай, мажбур очтиришди) VISA карта очтириш (50.000 сўм. Дарвоқе, ПҚ-3584 да “Алоқабанк” томонидан VISA карталар 1 иш кунида очиб берилиши ёзилган, бу ерда эса 5 иш кунида очиб беришларини айтишмоқда, вахоланки кўпчилик 5 иш куни муддат ичида аллақачон учиб кетиб бўлмоқда).

Энг қизиғи фақат агентлик биносида ташкил қилинган махсус авикассадан билет олсангизгина юқоридаги 20 фоизлик чегирма ва 300.000 сўмлик моддий ёрдам берилар экан.

Авиакасса ходимасининг айтишича, эконом классда 12 ҳил турдаги нарх тарифлари мавжуд бўлиб, авиакомпания айнан мигрантлар учун 2.456.250 сўмлик тарифни мажбуран (!) ўтказмоқда экан!

Бу нима аҳвол?!

Шу ўринда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК га бир қанча саволлар туғилади.

Нега одатий ҳолатда 1.450.000 бўлган билет, давлат ёрдам пули бериши керак бўлган ҳолат учун 1 миллион сўм қиммат нархда сотилмоқда?

Нега авиабилет сотиб олувчилар учун қандай турдаги билетни сотиб олиш танлови берилмаяпти?

Нега энг арзон тарифни эмас, энг қиммат тарифни мажбурий (!) қилиб белгилангансизлар?

Бу қарордан мақсад нима?

Ҳеч ким олмаётган қиммат тарифдаги билетларни мажбуран сотишми?

Ёки ХАЛҚ пулини бир чўнтакдан иккинчи чўнтакка солиш йўли билан ўғирлашми?

1 кун эрталабдан кечгача ҳужжат тайёрлаб, навбатга туриб, йўл ҳақи учун пул сарфлаб, яна давлатдан худди боқимандадек ёрдам олган қора бўлиб, 1.665.000 сўмга билет олиш қулайми, ёки шундай уйинг яқинидаги авиакассадан 1.330.000 сўмга авиабилет олган афзалми?

Одамларни, ХАЛҚни устидан кулиш шунчалик ҳам бўладими, ҳурматли «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК раҳбарияти?

Бу ҳолатдан жуда катта коррупцион схеманинг изи кўринмоқда.

Аввало кўчада сотилаётган 1.450.000 сўмлик билетни 2.450.000 сўмдан сотиш орқали, ҳар бир ажратилган ёрдамдан 1.000.000 сўмдан пул қайсидир «чўнтак»ка кетмоқда (1.450.000 сўмлик билетни олган ҳам, 2.450.000 сўмлик билетни олган ҳам бир хил жойда кетади).

Мажбурий ҳаёт суғуртаси, “Агросуғурта” (ҳар бир одамдан 50.000 сўмдан). Бунда ҳам танлов берилмаган, давлатга тегишли бўлган “Агросуғурта” ҳукумат ёки маҳаллий ҳокимият вакиллари кўмагида монополлик қилмоқда.

Ундан ташқари Алоқабанк VISA карталарини мажбурий (!) очиб бериши (50.000 сўмдан, деярли кўпчилик карталари банк шохобчасида қолиб кетган).

ПҚ - 3584 дан мақсад нима ўзи? Мигрантларга ёрдам беришми, ёки монопол ташкилотларни коррупцион ишларини қонунийлаштиришми?

Давлат раҳбари бу қарорни қабул қилишдан мақсади одамларга ёрдам бериш бўлса, унда ўзига берилган имтиёзларни суиистеъмол қилаётган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Давлат ва Президент сиёсатига қаршими?

Агар мақсад ХАЛҚни оғирини енгил қилиш, одамларга ёрдам бериш бўлса, авиакомпания қилган инсофсизликка чора кўриш, нархлари арзон билетларга ҳам чегирма ва моддий ёрдамни қўллаш, иложи бўлса, ҳар қандай авиакомпания билетлари учун жорий қилиш керак.

Агар мақсад коррупцион схема асосида даромад олишни қонунийлаштириш бўлса, қарордан монопол ташкилотлар шу йўлда фойдаланишаётган бўлсалар, бу қонунни бекор қилган афзал. Шундоқ ҳам бу чегирма ва ёрдамсиз нарх анча арзон тушмоқда.

Мутасадди ташкилотлар ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК дан шу маълумотларга жавоб кутиб қоламиз.

P.S. Пост 9 октябрь, соат 17.30 да ёзилди. Авиабилетлар учун пост ёзилган кунги нархлар кўрсатиб ўтилган.

Олимжон Ҳайдаров, Фарғона

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан