Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Мирзиёев қарори билан Ўзбекистонда «Шаффоф қурилиш» тизими жорий этилади
21.09.2019 11:40,  
430

Ўзбекистон Республикаси президенти “Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигининг:

Қурилиш вазирлиги фаолиятига “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини жорий этиш ва уни 2020 йил 1 июнга қадар Тошкент вилоятида марказлаштирилган молиялаштириш манбаларидан, шу жумладан, инвестиция лойиҳалари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар қурилиши жараёнида тажриба тариқасида ишга тушириш;

тажриба натижаларига асосан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида реал вақт режимида ишлашини таъминлаш;

б) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2020 йил 1 мартга қадар давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатлари ва маълумотларини жамоатчиликка онлайн режимда тақдим этиш имконини берувчи “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизими (геопортал)ни ишлаб чиқиш ва тест режимида ишга тушириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Қуйидагилар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • объектларнинг манзилли дастури, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган объектларнинг йиллик манзилли рўйхати шакллантирилишини, маълумотлар базасини янги қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш объектлари бўйича турларга бўлиб юритилишини таъминлаш;
  • объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда ҳудудий ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари томонидан лойиҳаолди ишларининг амалга оширилиши, буюртмачи билан лойиҳа ташкилоти ўртасида шартнома тузилиши ва аванс маблағлари ажратилиши ҳамда ишлар тугалланганлиги тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотларнинг мунтазам электрон базага киритиб борилиши ва юритилишини таъминлаш;
  • лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда буюртмачи ва экспертиза ташкилоти ўртасида тузилган шартномалар, кўрсатилган хизматларнинг молиялаштирилганлиги, тугалланган лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизадан ўтказилганлигига оид электрон маълумотлар базасини шакллантириш;
  • объектлар қурилишини молиялаштиришда пудратчи билан буюртмачи ўртасида шартнома имзоланганлиги ва аванс маблағлари тўланганлиги, ойма-ой бажарилган ишларнинг ҳисоботини юритиш ва бажарилган ишларга нисбатан мутаносиб равишда молиялаштирилганлиги тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотларнинг электрон базасини шакллантириш;
  • объектлар қурилишида иштирок этаётган барча пудратчилар ва ёрдамчи пудратчилар ҳақида маълумотларни йиғиш, бажарилган иш ҳажмлари асосида тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, улар томонидан амалга оширилаётган иш турлари бўйича маълумотлар базаларини шакллантириш;
  • объектларда қурилиш жараёнларини назорат ва мониторинг қилишда уларни рўйхатга олиш, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан амалга оширилаётган назорат текширувларини ва кўрсатиб ўтилган камчиликларни қайд этиш, уларни бартараф этиш бўйича маълумотлар базаларини шакллантириш.

Қурилиш соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилувчи ахборот тизимлари жорий этилишини мувофиқлаштириш бўйича комиссия ташкил этилди ва унга қуйидаги вазифалар юклатилди:

  • қурилиш соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишини ташкил этиш ва назорат қилиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш чораларини кучайтиришга қаратилган самарали “ижро этилиши юзасидан назорат” (compliance control) тизими жорий этилишини таъминлаш;
  • қурилиш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари лойиҳаларида коррупцияга оид ҳолатларни келтириб чиқарувчи нормаларни аниқлаш бўйича коррупцияга қарши экспертиза ўтказилишини ташкил этиш;
  • “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ҳамда “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизими (геопортал)ни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича тадбирлар режалари тасдиқланишини таъминлаш, мазкур тизимларни белгиланган муддатларда ишга туширилишини назорат қилиш;
  • қурилиш соҳасига ахборот тизимларини жорий этиш орқали коррупция, бюрократик тўсиқлар ва тизимли муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
  • қурилиш соҳасининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида қурилиш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича дастурлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш ва уларнинг белгиланган муддатларда ижро этилишини мониторинг қилиш;
  • қурилиш соҳасига ахборот тизимларини жорий этишда масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш;
  • жорий этилаётган ахборот тизимларининг жойларда самарали ишлашини ва қўлланилишининг ягона амалиётини таъминлаш;
  • қурилиш соҳасига ахборот технологияларининг жорий этилиши, шу жумладан, уларнинг коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга таъсири бўйича маълумотларнинг кенг оммага етказилишини ташкил этиш.
  • Комиссия фаолият натижалари, шу жумладан, ахборот тизимларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси президенти Администрациясига ҳар чорак якунларига кўра ахборот киритади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан