Қарорлар ва оқибатлар

Қарорлар ва оқибатлар

Сиёсий тизим доимий ҳаракатда бўлади, у ҳеч қачон ўзгармас ҳолатда қолмайди. Тизим ё кенгаяётган бўлади ë тораяётган. Сиёсий тизим ва унинг легитимлиги ижтимоий фикрда, глобал ҳамжамият қарашларида доимий ревизияда – кузатувда туради. Ҳар бир сиёсий воқеа-ҳодиса тизимнинг легитимлиги, унинг кенгайиш ёки торайишга мойиллигини кўрсатувчи омил бўла олади.

Ҳокимиятга ишонч масаласида Ўзбекистон жамияти жуда пессимист. Чунки Ўзбекистон давлатчилиги кўз очибдики жамият ўзини доим алданган ҳис қилиб келмоқда. Ижтимоий тафаккурда ҳокимият халқдан, одамлардан мустақил, автоном корпорация сифатида қабул қилинади.

Давлатнинг легитимлиги замирида бирламчи ва оддий ғоялар туради:

  • ҳокимият халқнинг хизматкори бўлиши керак;
  • ҳукуматга берилган ваколат ва ресурсларнинг барчаси фақат халқники;
  • ҳуқуқий давлатчилик ва ёки исломий қадриятларга кўра ҳам ҳокимият халқ ва Худо олдида масъул ва жавобгар...

Бугун ижтимоий тафаккурдаги қўрқув тезлик билан эриб, телеграм ва Youtube каналлар, бошқа тармоқлар орқали ижтимоий фикр ҳамда кайфият шаклланиб бормоқда. Бу кайфият реал ўлчовга эга: эртанги ижтимоий барқарорлик ва ҳокимиятга ишонч айнан мана шу ижтимоий тармоқлардан Ўзбекистон кўчаларига, реал ҳаётга кўчади. Ўзбекистон олдинги тотал назоратга қайтиш учун энди олдингидан кўпроқ куч ишлатиши керак бўлади. Бундан ташқари, ахборот устидан тўлиқ назорат ўрнатиш имконсиз. Демак, фақат иккинчи йўл қолмоқда – ташаббусларни қўлга олиш, ислоҳотларни жадаллаштириш, янги ғоя ва лойиҳаларни бостириш эмас, уларни қўллаш орқали легитимлик марказида бўлиш.

Ўзбекистон жамиятида ўзгаришларга ишонч пайдо бўлиши – қимматли ресурс. Ҳар доим ҳам шундай бўлмаган, бўлавермайди. Жамият илғор мутафаккирларининг фаоллик кўрсатишга, ўз ғоя ва лойиҳаларини амалга оширишга интилиши – қимматли ресурс. Чорак асрки, мутафаккирлар ва жамият диктатуранинг ўлимини кутиб яшашди. Бугун Ўзбекистон жамиятида жуда катта ижтимоий энергия босилиб ётибди.

Бу энергияни каналлаштириш, уни ривожланишга, ҳуқуқий ва рақобатбардош давлатчиликка конвертация қилиш мураккаб, лекин тарихий ҳамда шарафли вазифа. Агар жамият қаъридан оҳиста чиқиб келаётган ғоялар, ташаббуслар, лойиҳалар бостирилса, у ўз энергиясини ҳокимият ўзани ва шартлари асосида эмас, ҳокимиятга қарши ўзанда сарфлашни бошлайди. Яқин ойлар эса тарихий аҳамиятли қарорлар қабул қилиниши керак бўлган давр ҳисобланади. Қарорларга қараб, оқибатлар юзага келади.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.