Қарши «сариқ», Ғузор ҳамда вилоятдаги 17 та маҳалла «қизил» ҳудудга айланди

Қарши «сариқ», Ғузор ҳамда вилоятдаги 17 та маҳалла «қизил» ҳудудга айланди

3 июль, жума кундан бошлаб Қашқадарё вилоят махсус комиссияси қарори билан коронавирус инфекцияси қайд этилган айрим ҳудудлар тоифаларида ўзгариш киритилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланишича, Ғузор тумани, Қарши шаҳридаги 12 та, Қарши туманидаги 4 та ҳамда Косон туманидаги 1 та маҳалла «қизил» тоифадаги ҳудудга айлантирилди. Тегишли қарор вилоят ҳокими Зоир Мирзаев бошчилик қилаётган вилоят махсус комиссияси томонидан қабул қилинган.

  • Қарши шаҳридаги «Мағзон», «Қиличбек-Қўрғонча», «Отчопар», «Қарлиғбоғот», «Нахшаб», «Худойзод», «Комилон», «Табассум», «Кунчиқар», «Мустақиллик», «Истиқлол», «Шўртан»;
  • Қарши туманидаги Боғобод”, «Гулистон», «Хонобод», «Чоргумбаз»;
  • Косон туманидаги «Қуйиоброн» маҳаллалари «қизил» ҳудуд мақомини олди.

Шунингдек, Қарши шаҳар, Қарши ва Косон туманлари «сариқ» ҳудудга киритилди.

Махсус комиссия қарорига кўра, «қизил» ва «сариқ» ҳудудларда соат 07-00дан 23-00га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23-00дан 07-00га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади. Бунда фақатгина фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашганлиги, хомиладорлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига рухсат берилади.

«Қизил» ҳудуд сифатида таснифланаётган Ғузор туманида эртадан, 4 июндан бошлаб транзит ҳаракатланаётган юк машиналаридан ташқари автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши қатъиян тўхтатилади. Айни кундан бошлаб тумандаги UZGTL лойиҳаси доирасида фаолият кўрсатаётган заводда ҳам карантин қоидалари кучайтирилиб, ишчи-ходимлардан ташқари маҳаллий аҳолининг кириш-чиқиши таъқиқланади.

Жорий йилнинг 4 июль кунидан сув ҳавзалари (дарё, сой, каналлар)да чўмилиш ва дарё бўйларида (айниқса, Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманлари тоғли ҳудудларида) ҳордиқ чиқариш вақтинчалик таъқиқланади.

Қашқадарёда шаҳар ва туманлар таснифи:

  • «Қизил» ҳудуд - Китоб, Мубопак, Ғузор, Чироқчи туманлари ҳамда Қарши шаҳар, Қарши ва Косон туманларининг юқорида келтирилган маҳаллалари;
  • «Сариқ» ҳудуд - Қарши шаҳар, Қарши, Косон туманлари;
  • «Яшил» ҳудуд - Шаҳрисабз shahar, Деҳқонобод, Касби, Миришкор, Нишон, Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз туманлари.

Таъкидлаш жоизки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати ҳамда расмий @Koronavirusinfo Телеграм-каналида ушбу қарор тўғрисида хабар берилмаган.