“Қашқадарё ҳокими буйруғи” билан қўйларни сўйганлар жазоланди

“Қашқадарё ҳокими буйруғи” билан қўйларни сўйганлар жазоланди

2 январь куни Қашқадарёда экинни пайҳон қилган қўйлар сўйилгани ҳақида видео тарқалган эди. Айтилишича, вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Арипов ва Нишон туман ИИБ бошлиғи туманнинг Ибн Сино ҳудудидаги “Отамурод ота” фермер хўжалигида бўлиб, далани пайҳон қилган 21 бош қўй эгасини топган.

Видеода Акром Арипов қўйлар Зойир Мирзаев топшириғига кўра сўйилаётганини айтиб, гўшти кам таъминланган оилалар ва қишлоқ хўжалик техникаларини таъмирлаётган усталарга берилишини айтганди.

Вилоят матбуот хизмати бошлиғи Аҳрор Содиқовга кўра, Зойир Мирзаев ҳеч кимга бундай топшириқни бермаганини, ҳозирда тушунтириш олиш мақсадида видеода гапирган Акром Арипов исмли шахс қидирилаётганини маълум қилганди.

Мазкур ҳолат юзасидан Нишон тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилди.

Аниқланишича, видеолавҳада Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг вилоят бошқармаси бошлиғи А.Арипов, Нишон тумани бўлим бошлиғи А.Рахматов, туман ИИБ бошлиғи Д.Умаров, “Отамурод ота” фермер хўжалиги иш юритувчиси Ш.Бобоназаров, ғалла майдонини пайҳон қилган 21 бош чорва моллари эгаси А.Азаматовлар иштирокида вилоят ҳокими топшириғига кўра, ғалла майдонини пайхон қилингани учун фермер хўжалиги раҳбари ва пайхон қилган қўй эгасига тегишли 1 тадан (жами 2 бош) қўйни сўйиб, кам таъминланган оилаларга тарқатилиши ҳолати акс эттирилган.

Ўтказилган текширув натижасига кўра, ғалла экинларини пайҳон қилинганлиги ҳолати юзасидан Нишон тумани маъмурий судининг қарорига асосан, А.Азаматов МЖтКнинг 104-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга огоҳлантириш эълон қилиниб, пайхон натижасида етказилган зарар қопланиши таъминланган.

Шунингдек, А.Арипов ва А.Раҳматовлар МЖтКнинг 200-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Нишон тумани маъмурий судига юборилган.

Суднинг 09.01.2020 йилдаги қарорига кўра, А.Арипов ва А.Раҳматовларга нисбатан жарима жазоси тайинланган ва маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарар тўлиқ бартараф қилиниши таъминланган.

Бундан ташқари, Нишон тумани ИИБ бошлиғи Д.Умаровнинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, унинг ҳаракатлари интизомий кенгашда кўриб чиқилиши белгиланган.