Қашқадарёда 13 536 нафар ишсиз ёш иш билан таъминланди, яна 1748 та бўш иш ўрни бор

Қашқадарёда 13 536 нафар ишсиз ёш иш билан таъминланди, яна 1748 та бўш иш ўрни бор

Фото: Қашқадарё ҳокимлиги ахборот хизмати

23 июнь, сешанба куни Қашқадарё вилоят ҳокими Зоир Мирзаев вилоят мактаб, коллеж ва олий таълим муассасалари битирувчиларига мурожаат қилди. Мурожаат Фейсбукдаги "Қаршим - Фахрим" гуруҳи орқали жонли эфирда узатилди. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Мурожаатда Зоир Мирзаев барча бўғиндаги раҳбарларга ёшларни, хусусан мактаб, коллеж ва олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш асосий вазифа қилиб белгилаб берилгани ва мазкур топшириқ ижроси юзасидан режаларини халққа етказишини таъкидлаб ўтди.

Маълум қилинишича, вилоят аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил этиб, шундан, 18-30 ёшдагилар 391 785 нафарга етган. "... 18 дан 30 ёшгача бўлган 26 481 нафар ёшларнинг ишсиз эканлиги аниқланиб рўйхати тузилди. Йил бошидан ҳозиргача амалга оширилган ишларимиз натижасида, ишсиз ёшларнинг 13 536 нафар (51,2%) ёшлар  иш жойига эга бўлди", - деди вилоят ҳокими.

Ёшларнинг 844 нафарига 30 миллиард 513 миллион сўм банк кредитлари ажратилди. Шундан  786 нафарига “Ёшлар келажагимиз”  ва “Ҳар бир оила тадбиркор” дастурлари доирасида  25 миллиард 203 миллион сўм кредит ажратилди.

Шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида 1 729 нафар ёшларга 1548,31 гектар ер майдони ажратиб берилди.

Қашқадарёда 2019-2020 ўқув йилида умумтаълим мактабларини жами 47 680 ёшлар битирдилар. Уларнинг 313 нафари (2019 йилида 281 нафар) кумуш, 409 нафари (2019 йилида 205 нафар) олтин медаллар билан битирдилар.

Вилоятда “Ўзини ўзи банд қилиш” лойиҳаси доирасида 3854 та янги иш ўринлари яратилган. Бунинг учун хизмат кўрсатиш фаолияти турлари 24 тадан 67 тага етказилди.

"Вилоятимизда янгидан қурилётган 122 та объектлар, 5982 та янги лойиҳаларни ишга тушириш, 715 та фаолият кўрсатмаётган субъектларни тиклаш натижасида 6066 та иш ўрни ва 20468 та мавсумий ишларга жалб этилади. Ҳозирги кунда вилоятда 50 га яқин йўналишда жами 4696 та бўш иш ўринлари онлайн тарзида эълон қилинди. Бугунги кунда маълумот талаб қилмайдиган ёшларимиз учун 1748 та бўш иш жойларимиз бор", - дея маълум қилди Зоир Тоирович.

Ушбу мурожаат вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан илк маротаба жонли эфирда узатилгани билан аҳамиятли.