Қашқадарёда 47 ёшли директор мактабда ўзини осди

Қашқадарёда 47 ёшли директор мактабда ўзини осди

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида мактаб директори ўз жонига қасд қилган. Бу ҳақда хабар берган Nasafnews сайтининг ёзишича, директор ўлимидан олдин хат ёзиб қолдирган.

Хатда «Ҳурматли устоз касбдошлар, ҳар қандай шароитда ҳам коррупцияга йўл қўйманг. Мактабда ўтирган тўнкаларʼ ҳам қимирласин. Кимлигини билдингиз. Ўшаларга яратгандан инсоф тилаб қоламан. Халқ боласининг кўзини ўйманг. Сизлардан ҳам илтимос», деган жумлалар бор.

«Дарё» мухбирининг аниқлик киритишича, ўз жонига қасд қилгани айтилаётган мактаб директори Китоб туманининг «Янги қишлоқ» ҳудудида жойлашган 13-мактабга раҳбарлик қилиб келаётган 47 ёшли Т.Н. бўлган.

Воқеа 2020 йил 31 август куни содир бўлган.

«Апрель ёки май ойлари эди, марҳумнинг ИИБда ишловчи укаси Ш.Т. ёнимга келиб, акам ичкиликка берилиб қолган. Даволатганмиз, аммо фойдаси бўлмаяпти. Шунинг учун ишдан бўшатиб юборинг. Сизларни ҳам, бизни ҳам қийнаб қўймоқда, деди», — дейди Китоб туман халқ таълими бўлими мудири Авлоқул Авлаев.

Мудирнинг қўшимча қилишича, марҳум тумандаги 13-мактабда 2018 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган.

«Жамшид исмли ходимим марҳум 2020 йил 31 август куни ўзини осиб қўйганини айтганди. 1 сентябрь куни дафн маросимида қатнашдик. Ўшанда яқинлари марҳумни юрак хасталигидан вафот этди дейишганди. Шундай бўлсада, Вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда туман ИИБга ҳам хабар бердим», — дейди туман ХТБ мудири.

«Ўша мактабда 2019 йилгача кураторликʼ қилганман. Шу боисдан ҳам мактаб ва жамоани яхши биламан. Менга ҳам 31 август куни тушдан сўнг қўнғироқ қилиб, директор ўзини осиб қўйганини айтишди. Мен эса бу ҳақда дарҳол бўлим раҳбари Авлоқул Авлаевга хабар бердим», — дейди Жамшид Азимов.

ХТБ мудирининг қўшимча қилишича, марҳум дафн этилгач, одамлар орасида марҳум директор «замдиректор» билан келишмас экан, катта низоси бор экан, деган гап-сўзлар тарқалган. Шунингдек, марҳумнинг опаси ҳам бу ҳақда туман прокуратурасига шикоят қилган.

Қашқадарё вилоят прокуратураси билан боғланиб, бу ҳақда маълумот сўраганимизда прокуратура ахборот хизмати расмий маълумот тез орада маълум қилинишини билдирди.

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги 13-мактаб директори Т.Н. ўзини мактаб ҳожатхонасининг болорига осиши оқибатида вафот этган. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, Китоб туманининг «Боғбон» МФЙ, Янгиқишлоқ қишлоғида яшовчи фуқаро Л.Э. ва бошқалар 2020 йил 8 сентябрь куни Китоб туман прокуратурасига мурожаат қилиб, жияни Т.Н. ўз жонига қасд қилганлигини айтган ва айбдорларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мурожаат прокуратурада қайд этилиб, ҳодиса жойи кўздан кечирилган. Аниқланишича, директор ўзи раҳбарлик қилиб келган мактабнинг маъмурий биноси ҳожатхонаси болорига арқондан сиртмоқ ясаб, ўзини-ўзи осиб, вафот этган.

Туман ИИБ ходимлари Т.Н.нинг ўлими ҳолатини аниқлаш мақсадида марҳумнинг уйига борганида, марҳумнинг қариндошлари мурдани суд-тиббиёт экспертизаси кўригидан ўтказмаслик учун уни юрак хуружидан вафот этган, деган ва жасадни шу куннинг ўзида дафн қилган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида туман ХТБ, туман ИИБ ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш марказининг Китоб тумани бўлими ходимлари ҳаракатига нисбатан хизмат текширувлари тайинланган.

Текширув ҳаракатлари давомида марҳумнинг ўлими сабабини аниқлаш мақсадида жасадни эксгумация қилиш лозимлиги айтилганда унинг яқин қариндошлари қаршилик билдирган.

Бош прокуратуранинг қўшимча қилишича, марҳум ўлимидан олдин бир эмас, уч нусхада тилхат ёзиб қолдирган бўлиб, ҳозирда ушбу тилхатлар марҳумнинг тоғаси Л.Э.да сақланаётганлиги аниқланган. Ушбу тилхатлар судга оид хатшунослик экспертизаси тайинлаш лозимлиги айтилганда Л.Э. тилхатларнинг аслини олиб қолиб, нусхасини тақдим қилган.

Мазкур тилхатлар ўқиб кўрилганда, уларда марҳумнинг оила аъзоларидан розилиги, фарзандларига ғамхўрлик қилишлари сўралгани ва мактаб ўқитувчиларидан коррупцияга йўл қўймасликни талаб қилгани ёзилган.

«Ҳозирда Китоб тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади Бош прокуратура хабарида.