Қашқадарёда 50 минг сўм устида тортишган сотувчи бир кишини уриб ўлдирди

Қашқадарёда 50 минг сўм устида тортишган сотувчи бир кишини уриб ўлдирди

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Қашқадарё вилояти Қамаши тумани «Ифтихор» кўчасида жойлашган «Ҳунарманд» савдо мажмуасидаги дўкон ходими фуқаро А.Л. 2020 йил 27 апрель куни “REDMI 8A” русумли уяли телефон аппаратини фуқаро Э.С.га 1 млн. 600 минг сўмга сотади.

А.Л. 2020 йил 16 июнь куни тўланмай қолган 250.000 сўм қарзини бериш мақсадида дўконга келган Э.С. дан 300.000 сўм беришини талаб қилиб, у билан ўзаро жанжаллашади. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, фуқаролар дўкон ташқарисига чиқади ва А.Л. Э.С.ни юзи ва бош қисмига мушти билан бир неча маротаба уриши натижасида у ерга бош қисми билан йиқилиб, тан жароҳати олиб туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Э.С. кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан олган тан жароҳатлари натижасида вафот этган.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Суд тиббий экспертиза хулосасига кўра, Э.С., бош миянинг ёпиқ жароҳати, энса суягининг чизиқли синиши ва бошқа кўринишдаги ҳаёт учун хавфли бўлган «оғир» тан жароҳати олганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қамаши туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан А.Л.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.

Эслатма: Мазкур жиноятни содир этган шахс 8-10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.