Қашқадарёда эркак ўзи ва 80 ёшли отасининг устига бензин сепиб, қасддан ёқиб юборди

Қашқадарёда эркак ўзи ва 80 ёшли отасининг устига бензин сепиб, қасддан ёқиб юборди

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 46 ёшли эркак отаси ва ўзининг устига бензин сепиб, ёқиб юбориши оқибатида ҳалок бўлди.

15 май куни соат 14:30 ларда 1974 йилда туғилган эркак (олдин судланган) уйга келиб отаси билан (1940 йилда туғилган 1-гуруҳ ногирони) аввалдан бўлган ўзаро келишмовчилик туфайли жанжаллашган. Жанжал оқибатида у сумкада елим идишда олиб келган бензинни отаси ва ўзининг устига сепган. Бу ҳам етмаганидек, темир занжир билан ўзининг чап оёғи пастки бўғинини иситиш қувурига боғлаб қўйган. Хонага эркакни тўхтатиш учун кирган келинига қаршилик кўрсатиб, вояга етмаган икки нафар жиянининг кўз ўнгида гугурт чақиб юборган. Фожиа оқибатида ота-бола куйиш тан жароҳатлари билан ҳодиса жойида ҳалок бўлган.

Шунингдек, воқеа жойида бўлган келин ва унинг вояга етмаган фарзандлари ҳамда ёрдамга келган яна бир оила аъзоси турли даражадаги куйиш жароҳати билан шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-модда («Қасддан одам ўлдириш») 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.