Қашқадарёда фермернинг пишиб етилаётган ҳосили бузиб ташланди (видео)

Қашқадарёда фермернинг пишиб етилаётган ҳосили бузиб ташланди (видео)

Фото: Xabar.uz

Шу йилнинг 21 май куни соат 10.30 лар атрофида Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Дархон МФЙ истиқомат қилувчи Муродулла Худойназаровнинг фермер хўжалигида тортишув ва муҳокамага сабаб бўладиган воқеа юз берган. Бу ҳақда ҳодиса гувоҳларидан бири “Xabar.uz”га маълум қилди.

Воқеа жараёнини тасвирга олган фуқаронинг маълум қилишича, 2019 йил сентябр ойида бўш ердан (тахминан 60 сотих) унумли фойдаланиш мақсадида фермер экин экади. 2020 йил 21 май куни тегишли идоралардан келган айрим мутасадди ходимлар ҳеч қандай ёзма огоҳлантиришсиз аҳоли истеъмолига зарур бўлган ва айни вақтда пишиб етилаётган ҳосил майдонини буздириб ташлашади ва ҳосил (пиёз) йўқ қилинади.

“Савол туғилади: айни тайёр истеъмолга зарур ҳосилни йўқ қилиб ташлашнинг кимга кераги бор? Ҳосилнинг бундай нобуд қилиниши қанчалик инсофдан?

Яна бир ҳолат: воқеа жараёнини тасвирга олаётган фуқарога нисбатан ҳақоратомуз сўзлар айтилиб, “агарда суратга олишни тўхтатмасанг қамаласан” дея дўқ-пўписалар бўлди. Уларнинг бу қилаётган ишлари қонунга мувофиқ бўлса, нима учун тасвирга олишга қаршилик қилишди?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев фермер ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга етарлича шароит бериш учун жон койитаётган бир вақтда бу каби ишлар қанчалик тўғри? Биз тегишли органлардан воқеа жойига келиб, бу бўлиб ўтган жараённи ўрганиб, ойдинлик киритишларини, хатолик кимдан ўтганлигини холисона аниқлаштиришларини ва тегишли чора кўришларини сўраб қоламиз. Яккабоғ тумани ҳокимиятидан бу воқеа бўйича аниқ изоҳ беришини кутамиз!” – дейилади мурожаатда.