Қашқадарёда “Саноат кўргазмаси ва кооперация биржаси” ҳамда “Нефтгаз кооперация форуми” бошланди

Қашқадарёда “Саноат кўргазмаси ва кооперация биржаси” ҳамда “Нефтгаз кооперация форуми” бошланди

Қарши шаҳрида "Саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси" ҳамда "Нефтгаз кооперация форуми" ўтказилмоқда. Бу ҳақда "Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур кўргазма-форум Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилди.

Чапдан ўнгга: Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, ЎзЛиДеП раиси Актам Ҳайитов, "Ўзбекнефтгаз" АЖ раиси Меҳриддин Абдуллаев

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбари Актам Ҳайитов, Давлат Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Алимжон Файзибоев иштирок этишди.

Саноат кўргазмаси ва форумнинг дастлабки кунида 1000 дан зиёд иштирокчилар, шундан 50 дан ортиқ нефт ва газ саноати корхоналари, товар ва хизматлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорлик субъектлари, илмий муассасалар ҳамда чет эл компаниялари ваколатхоналари иштирок этишди.

Нефтгаз кооперация форуми доирасида "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти инвестиция лойиҳалари ҳамда тармоқ корхоналари эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган товар ва хизматларни маҳаллийлаштириш имкониятлари кўриб чиқилиб, тармоқлараро ҳамда тармоқ ичидаги кооперация алоқаларини кенгайтириш бўйича биринчи куннинг ўзидаёқ 50 дан зиёд шартномалар ҳамда 100 га яқин келишувлар имзоланди.

Мавзуга доир: Тошкент халқаро инвестиция форуми коронавирус туфайли бошқа муддатга кўчирилди