Қатар амири мамлакат араб мамлакатлари иқтисодий қамалини енгиб ўтганини айтди

Қатар амири мамлакат араб мамлакатлари иқтисодий қамалини енгиб ўтганини айтди

Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад ал-Тани араб мамлакатлари томонидан 2017 йилда қўйилган иқтисодий тўсиқлар енгиб ўтилди, деб баёнот берди. Бу ҳақда Ал-Жазира агенлиги хабар қилди.

Амир 5 ноябрь, сешанба куни мамлакат парламенти – Шўродаги чиқишида иқтисодий ютуқларга тўхталиб ўтди ва мамлакат ўз иқтисодиётини янада диверсификация қилишда давом этар экан, озиқ-овқат хавфсизлиги ва қайта тикланадиган энергия соҳаларини ривожлантиришда давом этишини таъкидлади.

2017 йилнинг 5 июнида Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср Қатар билан савдо ва дипломатик алоқаларни чеклаб, ерда, сувда ва ҳавода ўз чегараларини ёпиб қўйган эди. Бунга сабаб сифатида Доҳа терроризмни молиялаштираётгани ҳамда минтақа давлатларининг душмани Эрон билан ҳамкорлик қилаётгани кўрсатилган эди.

Шайх Тамимнинг таъкидлашича, Қатар ҳар доим ўзаро ҳурмат ва ички ишларга аралашмаслик тамойилларига асосланган келишмовчиликларни ҳал қилишга тайёр.

Иқтисодий ютуқларга тўхталиб ўтаркан, амир мамлакат бюджети профицит билан якунланганини айтиб ўтди. Форс кўрфази дипломатик иниқрози бошлангандан бери Қатар валютасини “синдириш”га қаратилган бир қанча уринишларга қарамай, мамлакат валютаси ўз қийматини сақлаб қолган.