Қибрайда коллеж директорининг айби билан ўқувчи ўзини осиб қўйгани айтилмоқда (видео)

Қибрайда коллеж директорининг айби билан ўқувчи ўзини осиб қўйгани айтилмоқда (видео)

Тошкент вилоятининг Қибрай тумани «Молия-иқтисодиёт» касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Д.Қ. 25 июнь куни ўзини осиб вафот этган. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура хабар қилди.

18 ёшли Д.Қ. исмли йигит Қибрай туманида жойлашган «Молия-иқтисодиёт» касб-ҳунар коллежида 3 курсни битирган, онаси қарамоғида, оиласида кенжа фарзанд бўлган. Ўз маҳалласидаги босмахонада оддий ишчи бўлиб ишлаб келган.

Воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи чиққан бўлиб, воқеа жойи ҳамда мурда мутахассислар иштирокида кўздан кечирилган ва ўлим ҳолатига ойдинлик киритиш мақсадида судга оид тиббий экспертизаси тайинланган.

Марҳум Д.Қ.нинг курсдошлари томонидан 26 июнь куни коллеж биносида олинган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Видеода Д.Қ.нинг қиз курсдошлари йиғлаётганини, катта ёшдаги бир неча одам ким биландир жанжаллашаётгани ва уни қувлаётганини кўриш мумкин.

Видеони олган қиз барига коллеж директори «Умар аканинг дипломи» сабаб бўлганини айтади.

«Бегуноҳ болани ўлдирдинглар, ҳамманглар. Ҳамманглар айбдорсизлар. Карантинда синф залини ювишга чақирдинглар», — дейди видеони олаётган қиз йиғлаган ҳолда.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Д.Қ.нинг ўз жонига қасд қилиш ҳолати юзасидан Қибрай туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.