Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Қирғиз Республикасида Ўзбекистоннинг ШҲТга раислик қилишига бағишланган давра суҳбати ўтказилди
24.04.2022 10:11,  
37

22 апрель куни Қирғиз Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик академиясида Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раислигига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистоннинг Ташкилотга раислиги доирасида ШҲТни ривожлантириш бўйича устувор йўналишлари ҳақида Қирғиз Республикаси сиёсий доираларига маълумот бериш мақсадида ташкил этилди.

Мулоқотда Президент Администрацияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Миллий стратегик тадқиқотлар институти, Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик академияси вакиллари, мезбон давлатдан таниқли олимлар, дипломатлар, сиёсатшунослар, нуфузли экспертлар иштирок этди.

Дипломатик академия ректори Чинара Адамқулова кириш сўзида геосиёсий кескинлик шароитида ШҲТнинг энг йирик географик қамровга эга ташкилот сифатидаги роли ортиб бораётганини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, 2022 йилда Ўзбекистон зиммасига ШҲТга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг навбатдаги йиғилишини Самарқандда ўтказиш бўйича муҳим вазифа юклангани, бунда Ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш зарурлиги айтилди.

Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Нуран Ниёзалиев эса минтақанинг барча давлатлари орасида Ўзбекистон айни пайтда халқаро майдонда энг фаол эканини эътироф этди. Унинг таъкидлашича, Тошкент жаҳон кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича маслаҳатлашувлар учун қулай майдон бўлиб келмоқда.

Ниёзалиев ҳозирда Ўзбекистон ШҲТнинг энг фаол аъзоси ҳисобланишини айтди. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқандда бўлиб ўтадиган учрашуви кун тартиби минтақавий ривожланиш, янги ташаббусларни жорий этиш нуқтаи назаридан бой ва қизиқарли бўлишини қайд этди.

Қирғиз Республикаси Президенти Администрациясининг ислоҳотларни мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш бўлими раҳбари Азамат Темиркулов вазир ўринбосарининг сўзларини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистоннинг ШҲТга ҳозирги раислиги ташкилот тарихида бурилиш даври бўлиши мумкинлигини таъкидлади ҳамда бу унинг аҳамияти ва прагматизмини кўрсатиши кераклигини айтди. Шунингдек, у Қирғиз Республикаси Ўзбекистонни ШҲТ доирасидаги барча ташаббусларда қўллаб-қувватлашини билдирди.

Темиркуловнинг таъкидлашича, Тошкент ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмасида муҳокама қилинадиган асосий масалалардан бири — Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда муҳим роль ўйнайди.

Сўнгги йилларда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг Тошкент шаҳридаги офиси қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан шуғулланадиган каналлар, экстремистик ва террористик ташкилотлар аъзоларини аниқлашда, фош этишда самарали фаолият кўрсатмоқда. Бу ҳақда Қирғиз Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Айзада Субакожоева ўз нутқида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ШҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналиши — ахборот хавфсизлиги, экстремистик ва террористик ташкилотларнинг ташвиқот материалларига қарши кураш ҳисобланади.

Қирғиз Республикаси Миллий стратегик тадқиқотлар институти директори маслаҳатчиси Эдиль Осмонбетов Ўзбекистон ШҲТнинг энг ташаббускор давлати экани, 2017-2021 йилларда Президент Ш.Мирзиёев ШҲТ саммитларида 40 дан ортиқ долзарб ташаббусни илгари сургани ва амалга оширилган ишлар шундан далолат эканини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, ШҲТдаги ҳамкорликнинг муҳим масалаларидан бири минтақавий хавфсизликка, хусусан, Афғонистонга таҳдид саналади. Бундай шароитда Ўзбекистоннинг ўрни айниқса юқори, чунки у Марказий ва Жанубий Осиёни бирлаштиришга қодир.

Осмонбетов геосиёсий кескинлик шароитида Ўзбекистоннинг қашшоқликка қарши курашиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосини ҳал этиш ташаббуси муҳим аҳамиятга эга эканини эътироф этди. Шу нуқтаи назардан, Самарқанд саммити ШҲТни янада ривожлантиришни белгилаб берувчи янги стратегик векторни жорий этиш учун чақирилаётганини айтди.

Эксперт, Қирғиз Республикаси бош вазирининг собиқ маслаҳатчиси Кубат Раҳимов ШҲТ маконида иккита йирик транспорт лойиҳаси — «Хитой–Қирғиз Республикаси–Ўзбекистон» темир йўли ва Трансафғон йўлаги қурилиши мавжудлигини таъкидлади. Унга кўра, бу лойиҳалар ягона континентал қуруқлик ҳалқаси контекстида кўриб чиқилиши керак. Минтақадаги транзит темир йўлларга эга бўлмаган давлатлар фақат Қирғиз Республикаси ва Афғонистон ҳисобланади. Лекин, юқоридаги лойиҳалар амалга оширилса, мутаносиб равишда уларнинг молиялаштирилишини таъминлаши керак бўлган барча бенефициарлар фойда кўриши айтилди.

Умуман олганда, расмий вакиллар ва экспертлар ҳамжамиятининг баҳолари ва фикрлари таҳлили шуни кўрсатадики, Қирғиз Республикаси сиёсий доиралари Ўзбекистоннинг ШҲТни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолайди ва бу борада Ўзбекистон раислигида режалаштирилган вазифаларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлашга тайёр.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан