Қирғизистон: Собиқ президент Жээнбеков ким эди?

Қирғизистон: Собиқ президент Жээнбеков ким эди?

Мустақил Қирғизистоннинг 30 йиллик тарихида барча президентлар 61 ёшида истеъфога чиққан. Сооронбай Жээнбеков ҳам истисно бўлмади, худди шу ёшда кетди. У Қирғизистоннинг 2005 йилдан бери халқ қўзғолони билан четлатилган учинчи президентига ҳам айланди. У Қирғизистонни бор-йўғи уч йил бошқаришга улгурди.

Би-Би-Сида чоп этилган мустақил журналист Шоҳруҳ Соиповнинг мақоласида собиқ президент Сооронбай Жээнбеков ҳақида ҳикоя қилинади.

Танқидчиларига кўра, ҳозирда собиқ президент бу вақт оралиғида Қирғизистон учун кўзга кўринарли иш қилмаган.

Мамлакатда 2010 йилдан буён амал қилиб келаётган конституцияга мувофиқ, президентларнинг ваколати 6 йиллик муҳлат билан чекланган.

Сооронбай Жээнбеков мустақил Қирғизистоннинг бешинчи президенти бўлади.

У 1991 йилда Совет Иттифоқидан мустақилликни қўлга киритган Марказий Осиё давлатининг 2005 йилдан бери халқ қўзғолони билан четлатилган учинчи президентига ҳам айланди.

Президент Жээнбековнинг истеъфосига 4 октябрь кунги зиддиятли парламент сайлови ортидан келиб чиққан ва сўнггида зўравонликларга айланиб кетган оммавий намойишлар сабаб бўлган.

Намойишчилар Оқ уйни ишғол қилишган, ҳукумат истеъфо берган, президент истеъфоси ва импичменти эса, улар томонидан илгари сурилган асосий талаблардан бири бўлган.

Мухолифат ва намойишчиларнинг бу талаби манзарасида президент давлатда қонуний ҳукумат иш бошлагандан сўнггина истъефо беришга ваъда қилган эди.

Ўн кун ичида уч марта қайта сайланган Бош вазир Садир Жапаров ҳам худди шу талабни илгари суриб келган, Жээнбековнинг истеъфосини истаганди.

Бу орада парламент депутатлари ҳам президентга нисбатан импичмент масаласини муҳокама қилган. Бироқ бу узоққа чўзилмаган ва бу масала қайта кўтарилмаган.

Кеча, чоршанба куни президент Бош вазир ва ҳукумат таркибини тасдиқлагандан сўнг, Садир Жапаров билан учрашган, бироқ истеъфо тўғрисидаги сўзлашувлар мувоффақиятсиз якунлаган.

Садир Жапаров тарафдорлари аввалига ҳукумат уйи, кейин эса шаҳар четидаги "Иссиқ -Қўл" мехмонхонаси ёнида президент истъефосини талаб қилган.

Кечга яқин эса, айни шу меҳмонхона олдида президент тарафдорлари ҳам митинг ўтказишган, амалдаги давлат раҳбарини қўллаб-қувватлашларини билдиришганди.

Сиёсий ўйинлар

Президент Жээнбековнинг бутун сиёсий карьераси Алмазбек Атамбаев номи билан чамбарчас боғлиқ экани айтилган.

Сооронбай Жээнбеков иқтидорга келгандан сўнг, орадан кўп ўтмай, унинг президент бўлишига сабабчи эканликда кўрилган собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбаев билан муносабатлари кескин совуқлашади.

Икковлон ўртасидаги "порахўрлик" ва "нодонлик"ка оид ўзаро айбловлар кейинчалик таҳдид тусини олади.

Даҳанаки жанг алал-оқибат собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва собиқ Бош вазир Сапар Исаков дохил унинг сафдошларига нисбатан порахўрлик моддаси билан жиноий очилиши билан якун топади.

Сўнгги намойишчилар чоғида бир муддат озодликка чиқарилган ва ўтган йилнинг августида ўз уйида қўлга олинган Алмазбек Атамбаев ҳозирда яна ҳибс остида.

5 октябрда Оқ уй ишғол қилиниши ортидан, намойишчилар қамоқдаги сиёсатчилар, жумладан, Алмазбек Атамбаевни ҳам озод қилган.

Бироқ, орадан кўп ўтмай, 10 октябрь куни қайта қўлга олинган, қамоққа қайтарилган.

Таҳлилчилар икковлон ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашувига "давлат хизматларидаги кадрлар масаласи, ноқонуний товар айланмасидан тушадиган даромад тақсимоти" сабаб бўлганини айтиб келишади.

Ўқитувчиликдан президентликкача

2017 йилнинг 15 октябрида Қирғизистонда бўлиб ўтган президент сайловларида Сооронбай Жээнбеков 54,81 фоиз овоз тўплаган ва президент этиб сайланган.

Унинг рақиби Омурбек Бабанов эса 33,74 фоиз олган.

Маҳаллий ва хорижий кузатувчилар президентлик сайлови адолатсиз, қатор қонунбузарликлар билан ўтганини маълум қилган.

Ўша пайтдаги президент Алмазбек Атамбаев ҳокимияти эса, сайловлар очиқ бўлганини урғулаган.

Аммо бу - Қирғизистон учун тарихий сайлов сифатида ҳам эътироф этилган.

Мамлакатда 1991 йилдан буён илк бор қудрат алмашинуви сайлов орқали, тинч йўл билан амалга ошишига замин яратган.

Сооронбай Жээнбеков 20 йилдан ортиқ собиқ президент Алмазбек Атамбаев асос солиб, бошқарган "Қирғизистон Социал Демократлар Партияси"нинг фаол аъзоси бўлган.

Сўнгги ўн йилда мансаб пиллапояларида тез илгарилаган, кетма-кет ҳукуматнинг юқори мартабали лавозимларини эгаллаган.

Жээнбеков президент бўлишидан аввал бир йил Қирғизистонга Бош вазирлик қилган. 2016 йилнинг 13 апрелида Бош вазир этиб сайланган.

Бунгача президент девони раҳбарининг биринчи ўринбосари, давлат кадрлар хизмати раҳбари лавозимларида ишлаган.

2010 йилнинг 6 апрелида собиқ президент Қурманбек Бакиев сиёсатига қарши "Ала-Тоо" майдонига чиққан намойишчилар ҳукумат кучлари тарафидан ўққа тутилади.

Бунинг ортидан юз берган инқилобдан сўнг Сооронбай Жээнбеков Ўш вилояти губернатори этиб тайинланган ва қарийб беш йил давомида вилоятни бошқарган.

2007 йили саккиз ой мобайнида Қишлоқ, сув хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири бўлиб ишлаган Сооронбай Жээнбеков 2008 йилдан хусусий тадбиркор сифатида сиёсат билан шуғулланган.

2005-2007 йиллар оралиғида эса, у Жўғўрқу Кенгаш депутати ва Агросаноат мажмуаси ва экология қўмитаси раиси бўлган.

1995 йилдан 2005 йилгача Жўғўрқу Кенгаш Халқ вакиллари ассамблеясида турли лавозимларда фаолият олиб борган.

Сооронбай Жээнбеков 1958 йил 16 ноябрида Қирғизистон ССРнинг Ўш вилояти Совет туманининг Қора-Қулжа қишлоғида туғилган. Адигине қирғиз қабиласининг Жору уруғидан бўлиб, колхоз раиси ва уй бекасининг катта оиласидаги учинчи ўғли. Унинг 5 акаси ва 4 синглиси бор.

Катта акаси Канторо Токтомаматов профессор, академик, иқтисод фанлари доктори бўлган. Яна бир акаси Жусупбек Шарипов 2005 йилги инқилобдан олдин Жалолобод вилоятининг ҳокими бўлган, ҳозирда Қирғизистоннинг Қувайт, Марокаш, Иордания ва Баҳрайндаги Фавқулодда ва мухтор элчиси. Кичик укаси Асилбек Жеенбеков эса, ҳозирда Жўғўрқу Кенгашнинг депутати.

Сиёсий танқидлар

Жорий йилнинг 28 сентябрида парламент сайлови олдидан Сочида бўлиб ўтган учрашувда Владимир Путин қирғиз президентини қарши оларкан, у билан: "Ҳурматли Шариман Шарипович, мен сизни кўрганимдан жуда хурсандман!", дея саломлашган.

Бу ҳолат жамоатчилик орасида қизғин бахсу-мунозараларга замин яратган.

6 октябрь кунги оммавий норозилик намойишлари чоғида ҳам чиқиш қилганлардан айримлари президентга, "Шариман Шарипович", дея танқидий мурожаат қилишган.

Сооронбай Жээнбеков Бош вазир сифатидаги фаолиятида ҳам танқидларга учраган.

У ўзи ўтказган ҳукумат йиғинида саволларига жавоб беролмай, мажлисга тайёргарлик кўрмаган Архитектура ва қурилиш давлат агентлиги директори ўринбосари Алмазбек Абдиқаровни "Чиқ эшикка" дея, ҳукумат йиғилишидан чиқариб юборган.

Шундан сўнг аҳоли орасида бу сўз оммабоплашиб, анча вақтгача айтилиб ҳам юрган.

Қирғизистон қонунларига мувофиқ, давлат раҳбарлари лавозимидан кетганидан сўнг, "экс-президент" мақоми берилади ва "Ала Арча" давлат қароргоҳидан уй, қўриқчи ва машина ажратилади. Шунингдек, қатор собиқ президентлар давлат хизматларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Қирғизистонни бошқарган 5 та президентдан фақат Роза Отўнбаевагина "экс-президент" мақомига эга.

Асқар Акаев ва Қурмонбек Бакиевлар "халқ инқилобидан" сўнг давлатдан чиқиб кетишган.

2017 йили ўз ваколатини топширган собиқ президент Алмазбек Атамбаев эса, ҳозирда қамоқда сақланмоқда.

Сооронбай Жээнбеков бир қиз ва бир ўғилнинг отаси, рафиқаси ҳеч ерда ишламайди, уй бекаси.