Қирғизистонлик тадбиркор ўзини худо деб эълон қилди (видео)

Қирғизистонлик тадбиркор ўзини худо деб эълон қилди (видео)

Қирғизистоннинг Дин ишлари бўйича қўмитаси ўзини худо деб атаётган Арстанбек Абдилдаевнинг (тахаллуси – Арслан Алай) баёнотлари экспертизадан ўтказилишини маълум қилди.

24.Kg нашрининг хабар беришича, Абдилдаев масаласини мамлакат парламенти депутати Улуғбек Ормонов кўтариб чиққан. Унга жавобан Дин ишлари қўмитаси раиси Зайирбек Эргешов экспертиза ўтказилишини ва унинг натижасига қараб қарор қабул қилинишини билдирди. Бироқ у айнан қандай экспретиза (лингвистик, диний, психиатрик) ўтказилишига аниқлик киритмади.

Арстанбек Абдилдаев ўз фаолиятини тадбиркор сифатида бошлаган. Шунингдек “Эл учун” сиёсий партиясининг етакчисидир, 2011 ва 2017 йиллардаги президент сайловларида қатнашган. 2011 йилдаги сайловдан бир неча ой ўтиб матбуот анжумани ташкил этган ва Ердаги ҳаёт қирғизлардан бошланганини, 2012 йилда Олтин давр кириб келишини, Россия президенти Владимир Путин инсониятни қутқарадиган “мураккаб биоробот” эканини айтган эди.

2019 йилда Абдилдаев Next-TV телеканалида ўз кўрсатувини бошлади. Унинг айтишича, томошабинларга Коинотнинг қувватини тарқатади. У сентябрь ойининг охирида ўзини “янги худо” деб эълон қилди.

“Худо битта одамга – Арстан Алайга Коинот қувватини инъом қилди ва шунинг учун ўзимни янги худо деб ҳисоблайман! Мен юқоридан берилган вазифани адо этяпман”.

Бир пайтлар Арстанбек Абдилдаевнинг “Қиш бўлмайди” деган гапи кулгига ва интернет-мемларга сабаб бўлган эди. Унинг ўзи эса бу гап кулгили эмаслигини таъкидлайди:

“Менинг кучларим шарофати билан шимолда музликлар эрияпти, глобал исиш бошланди. У ерда тез орада сув тугайди, чунки буғланиб кетади. Қиш эса бўлмайди. Ер ликоп кўринишига келиб, катталашади”.