Қирғизистоннинг Андижон вилояти билан чегарадош туманида 3 кишида коронавирус аниқланди

Қирғизистоннинг Андижон вилояти билан чегарадош туманида 3 кишида коронавирус аниқланди

Қирғизистонда илк бор уч кишида коронавирус аниқланди. Уларнинг барчаси Қирғизистоннинг Ўзбекистон (Андижон вилояти) билан чегарадош Сузоқ туманида аниқланган. Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чолпонбоев брифингда маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, беморлар Саудия Арабистонидан Умра сафаридан қайтган. Улар 12 март куни Қирғизистонга келишган. Улардан таҳлил олинган ва уй карантинида сақланган.

Жалолобод вилоятининг Сузоқ тумани Благовещенка туманида Умрадан қайтган аёлнинг иситмаси кўтарилган. Уни касалхонага олиб бориб, таҳлилларини Ўшга юборишган. Аёл билан бирга 8 киши Умрага борган, уларнинг яна 2 тасида коронавирус аниқланган.

Шифокорлар коронавирусга чалинганларнинг қариндошларини ҳам текширмоқда. Таҳлил натижалари Бишкекка юборилмоқда.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги консуллик хизмати департаменти директори ўринбосари Бахтиёр Шокировнинг маълум қилишича, 13 март куни кечаси Саудия Арабистонидан 651 қирғизистонлик қайтган. Улар Бишкек ва Ўш аэропортига қўнган.