Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Қишлоқ хўжалиги: Қора товуқ сомон сочар, ўз сирини ўзи очар
5.08.2022 18:57,  
208

4 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатидаги тингловда Молия вазири ўринбосари мамлакат ташқи қарзи улушида 2,4 миллиард АҚШ доллари қишлоқ ва сув хўжалиги ҳиссасига тўғри келишини айтди. Мазкур маблағлар қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш, чорвачиликни ривожлантириш  ислоҳотларига йўналтирилган.

Бироқ ислоҳотлар қандай кечмоқда, деган савол кишини ўйлантиради. Ижтимоий тармоқлардаги чиқишларимда соҳада амалга оширилаётгани айтилаётган оламшумул ислоҳотларнинг аслида сохта рақамларда акс этаётгани ҳақидаги иддаоларим билан ўртоқлашдим.

Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон, Жарқўрғон ва Шўрчи туманидаги томчилатиб суғориш технологиясининг жорий қилинишидаги қаллобликлар ҳақида.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган ҳисоботларда туманда 40 миллиард сўмлик давлат субсидиялари эвазига “Жайҳун Термиз класстери” МЧЖ томчилатиб суғориш иншоотларини йўлга қўйгани айтилади. Аслида эса маҳаллий фермерлар бу ерда бунақа иншоотларни кўрган эмас, пуллар эса ўзлаштирилган.

Мазкур ҳолатлар бўйича ДХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси жиноят иши очди. Бу ҳақда 4 август куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берди.

Хабарда айтилишича, вилоятнинг Жарқўрғон, Шўрчи туманларида аҳвол шу. Миллиардлаб давлат маблағлари ўзлаштирилган.

Қора товуқ сомон сочар, ўз сирини ўзи очар

Шу йилнинг 20 мартида Қумқўрғондаги “Жайҳун Термиз класстери” МЧЖ ерлари “Dream Cotton Textile” класстерига олиб берилади. Ҳукумат “Dream Cotton Textile”га собиқ класстернинг хўжалик йили бошидан бери қилган харажатларини тўлашини айтади, янги класстер бунга рози бўлади.

Ҳаммаси шундан бошланди. “Dream Cotton Textile”га собиқ класстер 40 миллиардлик субсидиялар эвазиган томчилатиб суғориш иншоотлари ўрнатгани, унинг бу пулни қайтариши кераклиги ҳақида талаб қўйди. Табиий, янги хўжайин аҳволни ревизия қилади ва иншоот йўқлиги учун пулни тўлашдан бош тортади. Шунда пойтахтдаги салқин кабинетларда ўтирган жуда йирик амалдорларнинг ҳам ҳаловати бузилди.

21 июль куни Термизга сафар қилган Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги ҳукумат комиссияси “Dream Cotton Textile”дан харажатларни тўлаб, эски класстерни рози қилиш талабини қўйди. Ҳукумат комиссиясига гап қайдарган класстер агрономи Ишниёзов ҳатто бир-икки шапалоқ еди ҳам. Сир шундан сўнг очила бошлади.

29 июль куни Озодлик радиосида мазкур талон-тарожликлар хусусида каттагина мақола чиқди. Мақола сохта схемаларни фош қилди. Эртасигаёқ тўс-тўполон бошланиб, собиқ класстер Акбар Ҳусанов “ғаламис”ларга сохта раддия берди, бу раддия имконқадар ижтимоий тармоқларга тарқатилди.

Бир ёқадан бош чиқараётган ҳоким, класстер ва Ғаниев

30 июль куни Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ерни янги класстердан олиб қўйиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Шуҳрат Ғаниевга хат ёзди. Хатни кутиб ўтирган ҳукумат вакили дарҳол мажлис ўтказиб, ҳокимнинг илтимосини бажарди. Тезкорликни қаранг!

/media/in_content_images/%D0%B0%D0%B1%D0%B4%D1%83%D1%80%D0%B0%D1%85%D0%BC%D0%B0%D0%BD_%D1%82%D0%B0%D1%88%D0%B0%D0%BD%D0%BE%D0%B2.jpg_image

Ишонасизми, вилоят ҳокимнинг хати ҳам, Бош вазир ўринбосарининг мажлиси ҳам, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Агробанк”нинг хулосалари ҳам бир кунда тайёрланди. Коррупция фактининг очилишига сабачи бўлган “Dream Cotton Textile”дан ер тортиб олинди.

Ҳолбуки, шу йилнинг 28 июнь куни ўтказилган видеоселектр мажлисида Президент Шавкат Мирзиёев амалдорларнинг класстерлар фаолиятига аралашишини кескин таъқиқлаб, фармойиш берганди. Фармойиш назорати Бош прокурор ва Президент Администрацияси раҳбарига юклатилганди.

Хўш, энди нима бўлади? Оғзига кучи етмайдиганлар президентни айблайдими? Қарорнинг бажарилишига масъул бўлган Шуҳрат Ғаниевнинг ўзи уни бузиб ўтирган бўлса.  Ёки президентнинг Сурхондарёдаги вакили Тўра Боболовнинг коррупция фактини яширишга бўлаётган уринишларига нима дейсиз? Шуҳрат Ғаниев, Тўра Боболов ва қаллоб класстерни нима боғлайди? Улар нега бир ёқадан бош чиқаришмоқда?

Ғаниевнинг хўрози ҳамма жойда бир хил қичқиради

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари маълумотига кўра, Қорақалпоғистоннинг Кегейли ва Қўнғирот туманларида ҳам класстерларнинг томчилатиб суғориш иншоотларини жорий қилишдаги жиноятлари фош бўлмоқда.

Дастлабки суриштирувларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Кейгейли туманидаги “Кегейли Чимбой агрокласстер” МЧЖда 7 миллиард сўмлик, Қўнғирот туманидаги “Чили Осиё Қўнғирот” агрекласстерида 4,8 миллиард сўмлик талон-тарожликлар, 760 миллион сўмлик кредитларни ўзлаштиришга йўл қўйилгани маълум бўлибди.

Республиканинг бошқа вилоятларидан ҳам томчилатиш суғориш билан боғлиқ кўзбўямачиликлар ижтимоий тармоқларда бот-бот янграб туради. Муҳтарам ўқувчиларимиз учун оддий ҳолга айланган бу ҳол аслида халқимиз ҳамёнига қанчалик зарар бўлаётганини тушуниш қийинмас.

Тергов органларининг жиноятларни фош қилиши, айбдорларни жазолашига умид қиламиз. Аммо Августин Аврелий айтганидек, қонун майда балиқлар учунгина тўр бўлиб қолмаслиги керак. Коррупциянинг илдизи, уни яратган қўллар фош қилиниши керак.

Энди мақола бошидаги маълуиотларга қайтайлик. Ўзбекистон ҳукумати халқнинг келажагини гаровга қўйиб, халқаро молия муассасаларидан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун 2,4 миллиард доллар қарз кўтарган. Агар бу маблағлар оқилона сарфланган тақдирда ҳам халқ ўз вақтига келиб, бу қарзларни қайтариши керак.

Аммо ҳам қарз олиб, ҳам уни ўмариш халқ гарданига икки баравар юк бўлиб тушишини тасаввур қиляпсизми? Биз бу юкни кимга қолдиряпмиз? Шуҳрати оламни тутган ғаний (бой)лар жавоб бера олишармикан бу сўроққа?..

Абдураҳмон Ташанов, журналист

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан