Қўқон шаҳрида хусусий университет очилиши кутилмоқда

Қўқон шаҳрида хусусий университет очилиши кутилмоқда

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Қўқон университетини ташкил этиш тўғрисида» қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизматига кўра, ҳужжат билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «Da Vinci» масъулияти чекланган жамиятининг Қўқон шаҳрида давлат-хусусий шерикчилиги асосида нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи Қўқон университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилиниши мумкин.

Қарор лойиҳасига кўра, Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикасида амалдаги мавжуд таълим шакллари ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Ҳужжатга мувофиқ, Университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланиб, таълим фаолияти 2019-2020 ўқув йилидан бошланиши белгиланган.

Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул квоталари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда Университет томонидан белгиланади.

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган давлат намунасидаги диплом берилади.