Аввал хабар қилганимиздек, “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун Президент томонидан имзоланди.
Ушбу қонун билан 10 дан ортиқ қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди.
Жумладан, Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати қуйидаги 2 та фаолият тури билан тўлдирилди:
– Тўлов тизими операторларининг фаолияти;
– Тўлов ташкилотларининг фаолияти.
Қонуннинг тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятининг лицензияланишига оид қисми “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонун кучга кирган кундан эътиборан амалга киритилади.
Шунингдек, “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонун утилизация йиғимини назарда тутувчи модда билан тўлдирилди.
Унга кўра, экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар соғлиғини ва атроф муҳитни транспорт воситаларидан ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида утилизация йиғими тўланади.
Утилизация йиғими назарда тутилган нормалар мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.