Қўқон шаҳрида ЙПХ ходимини ўз автомобилида судраб кетган ҳайдовчига жазо белгиланди

Қўқон шаҳрида ЙПХ ходимини ўз автомобилида судраб кетган ҳайдовчига жазо белгиланди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида ЙПХ ходими талабига бўйсунмай, уни Nexia капоти устида судраб кетган ҳайдовчига нисбатан чора кўрилди. Бу ҳақда «Замон» информацион дастурида хабар қилинди.

Қайд этилишича, Қўқон шаҳар Фаробий кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими 3.27 (тўхташ тақиқланади) белгиси таъсири доирасида тўхтаб турган қора рангли Nexia ҳайдовчисидан ҳужжатларини сўраган.

«Ҳайдовчи қоида бузгани учун маъмурий баённома расмийлаштириб турганимда, у менга нисбатан фаол қаршилик кўрсатди. Машинани устимга ҳайдаганда ўзимни олиб қочишга улгурмай қолдим. Тахминан 50—100 метрларча судраб кетди», – дейди ЙПХ ходими.

Бунинг оқибатида ходим йиқилиб тан жароҳати олган.

«Ҳужжатим йўқ эди. Ҳужжатимни сўраб келганида машинани олдинга ҳайдашимни айтдим. Машина қаршисига туриб олди кейин мен уни капот устида судраб кетдим», — дейди ҳайдовчи.

Ҳайдовчи жиноий ишлар бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан айбли деб топилиб, кодексининг 60, 61-моддалари (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш, жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) тартибида 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Тайинланган жазо қаттиқ тартибдаги колонияда ўтказилиши белгиланди.