Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Қўқон хонлигида сартарлар нима учун солиқдан озод этилган?
31.08.2022 14:45,  
144

Чунки бу йўл асосан Тангритоғ (Тяньшань) ва Помир тоғларида жойлашган баланд ва ноқулай бўлган Терак довон, Толдиқ довони, Шорт ва Эркаштом номли бир неча довонлардан ўтган. Айниқса, қиш кунлари бу довонлардан ўтишни иложи бўлмай қолади. Туя, от, эшак каби ўша давр транспорт воситаларида катта миқдордаги юк билан ўтишда ҳалокатлар юз берган. Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур XVI асрда шу йўл орқали келган Хитой савдогарларининг савдо карвони ҳалокати ҳақида маълумот бериб, мингга яқин кишидан иборат карвондан фақат икки кишигина тирик қолганлигини таъкидлайди. Ушбу довонлар орасида энг баланд ва хавфли бўлган довон бу денгиз сатҳидан 4131 метрли Терак довони ҳисобланади.

Бу довон Буюк Ипак Йўлининг шимолий тармоғидаги энг муҳим чорраҳаларидан бири ҳисобланади. Бу довон орқали Хитой элчи ва савдогарлари Ўрта Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ ҳамда Африка ва Европа давлатларига борган бўлса, бу мамлакатлардан савдогарлар Шарқий Туркистон, Хитой, Ҳиндистон, Тибет, Мўғулистон, Корея ва Японияга борганлар. Ўрта асрларда Эронда ўзаро урушлар юз берган вақтларда, Марказий Осиё мусулмонлари бу довон орқали ўтиб, Ҳиндистондан денгиз йўли билан муқаддас Ҳаж сафарига ҳам жўнашган. Бу ўринда 1853–1859 йиллар оралиғида Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистонда бўлган Чўқон Валихоновнинг маълумотлари эътиборга моликдир. У Қўқон хонлиги ва Шарқий Туркистон шаҳарларини боғлаган карвон йўлларининг йўналишлари ҳақида қимматли маълумотлар берган. Унинг ёзишича, “Кўпгина йўллар Қашқар ва унинг ғарбдаги қишлоқларни Фарғонанинг турли жойлари ва Ўрта Осиёнинг жанубий ҳудудлари билан боғланган. Бу йўл ниҳоятда қулай бўлганлиги учун карвонлар ундан йил давомида тўхтовсиз ўтган”. Шу билан бирга, у ҳар бир йўл йўналишлари ҳақида маҳаллий савдогарлар берган маълумотлар асосида уларнинг харитасини қоғозга туширган. Терак довонидан ўтиб Қашқарга борилган йўлда ўт-ўлан ва қуруқ ўтин мўл-кўллиги ва Қўқондан то Қашқарга қадар карвон 18 кун йўл юришини алоҳида таъкидлаган.

Шу билан бирга, Ч.Валихонов бу карвон йўлларининг бир қатор ноқулайликларга эга эканлиги, яъни уларнинг бир қисми ясси тоғлардан, бир қисми даралардан орқали ўтганлиги, ундан юрган йўловчилар тўхтамасдан кўтарилиб, тушиши, эгри-бугри сўқмоқлар, қиялик ва нишабликлардан юришга мажбур бўлганлигини қайд этади. Немис шарқшуноси К.Риттер муаллифи номаълум бўлган рус саёҳатчиси маълумотлари асосида бу карвон йўли ҳақида шундай ёзган: “Қўқондан Ўшга қадар олтита манзил борлигини таъкидлаб, Терак довонигача 8 кун юрилган. Карвон Терак довонидан уч кун давомида ўтиб, 12 кун ичида Қашқарга кириб борган” деб ёзган. Шу билан бирга, у Қашқарга бориладиган йўналишни қуйидагича белгилайди: “Оқёр – Полисанг – Каранчи кум – Марғилон – Мингтепа – Аравон – Ўш – Моду – Лангар – Чунгурсув – Гуршу (Муршу) – Кўкмактом – Олатоғ – Ала ўтар – Тўқайбоши – Ёгин – Нағорачалди (Нағора қоқди)– Сариқамиш – Ясси кучи – Оқсалур – Қуш уяси – Қўрғошин кони – Қизилсув – Биринчи хитой қоровулхонаси – Иккинчи хитой қоровулхонаси – Қашқар”. Қўқон ҳукмдорлари хонлик ҳудудидан ўтган карвон йўллари бўйида истиқомат қилган аҳолига бу савдо йўлининг хавфсизлигини таъминлаб туришни юклаганлар. Жумладан, Қўқоннинг Қашқар билан боғлаган карвон йўллари ўтган ҳудудда яшаган қирғизлар зиммасига йўлни тош ва қорлардан тозалаш, уни бир тартибда сақлаш, Қўқон карвонларига беминнат ёрдам бериш вазифаси юклатилган эди. Улар ноқулай об-ҳаво шароити ва нохуш ҳолатлар мавжуд бўлган даврларда ҳам ўз вазифаларини бажаришган. Татар савдогари Музаффар, “қирғиз қабиласидан бўлган сартарлар Терак довони ёнида кўчманчилик қилишарди.

Қўқон хонлари уларни довонни тозалаш ва карвон йўлида осойишталик ўрнатиш эвазига солиқлардан озод қилган эди”, – дея хабар берган. Шунингдек, у “...қирғизлар йўлни ва довонни яхши сақлаганлар. Ўз қўтослари билан сўқмоқларни тозалаб, қорларни кураганлар, кўприкларни тузатганлар ва бошқа ишларни бажарганлар”, – деб қайд этади. Бу маълумотларни XIX аср ўрталарида Россия империясининг Қашқардаги консули бўлган А.Куропаткиннинг маълумотлари ҳам тасдиқлаган. Унинг ёзишича, “баъзан қор кўп ёғарди, аммо ҳаракат тўхтаб қолиши мумкин эмас эди. Бу ҳолатда карвонларга сартарлар ёрдамга келади. Улар ўз қўтослари ёрдамида савдогарларнинг юкларни ташиб беришар ва отларга йўл очиш учун қорларни курар эди”. Сартарларнинг бу борадиган фаолиятини уйғур тарихчиси Ниёз Каримий ҳам таъкидлаб ўтган.

Сартарларни баъзи тарихчилар қирғиз қабиласи, деб ҳисобласа, бошқалар эса уларни сартлар деб биладилар. Улар қадимдан ушбу карвон йўлларида яшашган. Қўқон ҳукмдорлари уларга Кўксув дарёсидан Сўфиқўрғонгача бўлган йўлни қуриш ва таъмирлаш ишларини ҳам юклаганлар. Йўллардаги тошларни олиб ташлаш, қиш кунлари қорларни кураш ишларини ҳам олиб борганлар. 1876 йил 19 февралидан Қўқон хонлиги тугатилгач, сартарларнинг имтиёзлари тугатилган. Улардан солиқ ва бож, ҳатто закот каби солиқлар олинган. Уларнинг бошлиғи, хонлик даврида ҳарбий қўмондон бўлган Мусулмонбий Россия империяси давлат арбоби А.Куропаткинга бу борада шикоят қилган. Мусулмонбий агар руслар томонидан киритилган янги қоидалар амалга ошадиган бўлса, ўз халқи Ғулжадан Олойгача бўлган карвон йўлларини хавфсизлигини таъминлаб туролмайди. Оқибатда, йўллар шикастланиши, ҳатто қиш мавсумидан кейин кўприклар бузилиши мумкинлигини айтади. Шунингдек, унинг қабиласи, шу вақтга қадар бу вазифасини сидқидилдан бажарган.

Бу атрофлардан экин экиш учун ёки чорва боқиш учун яйловлар камлигини гапириб, ўз қабиласининг кейинги ҳаётидан хавотир олаётганлигини билдириб ўтган. Терак довонининг иккала томонида бироз кенгликдаги яйловлар борлигини ва бу яйловлар етарли эмаслигини ҳам келтириб ўтган. Шу боис, А.Куропаткин уларнинг бу меҳнатидан фойдаланиб, солиқлардан озод қилиш бўйича хонлик давридаги имтиёзларини сақлаб қолишни империя ҳукуматига тавсия қилган. Қўқон ҳукмдорлари Фарғона водийси ва Шарқий Туркистон савдо йўли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Олой ва Помир тоғ этакларида ҳарбий қалъаларни барпо этганлар. Улар асосан карвон йўллари бўйида қурилган. Бу қалъалар Қўқон хонлигининг Шарқий Туркистон ва у орқали Хитой, Ҳиндистон билан савдо алоқалари тараққиётида муҳим ўрин эгаллаган. Бу йўлларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида сартарлар каби бошқа қабилаларга ҳам хайрли ишлари учун солиқлардан озод қилганлар.

 

Шерали ҚЎЛДАШЕВ,

Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик

институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди.

 

1. Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. – Тошкент: Юлдузча. 1994. – Б.254.

2. Валиханов Ч.Ч. Собр. соч. 5 томах.. Т.2. – С. 99.
3. Ўша жойда. – С. 98.
4. Землеведение. К. Риттера. География стран Азии, находящихся в 
непосредственных с Россией Восточный или Китайский Туркестан. В.В. 
Григорев. СПб, 1869. – С. 225-226.

5.  Ўша жойда.

6. Мусафар из Кашгара//Новое время. 1887, № 2909.

7. Куропаткин А.Н. Кашгария. СПб., 1879. – С. 233.

8. Ниёз Каримий. Шинжонгнинг қадимги карвон йўллари.. Урумчи., 2000. – Б. 221.

9.  Плоских В.П. Киргизы и Кокандское ханство.. Фрунзе., 1977. – С. 148.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан