Қорақалпоғистонда 137 та янги қуш тури аниқланди (фото)

Қорақалпоғистонда 137 та янги қуш тури аниқланди (фото)

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти олимлари Қорақалпоғистонда қушларнинг 137 та янги турини аниқлади. Бу ҳақда миллий ахборот агентлик хабар бермоқда.

Биология фанлари доктори Света Мамбетуллаеванинг таъкидлашича, Оролбўйи минтақасида аввал учрамаган “бегунок”, “шарқ клушаси” (восточная клуша), узун думли читтак (длиннахвостая синица), кичик балиқчи қуш (малая чайка), Катта читтак (большая синица), кичик чипор қизилиштон (малый пёстрый дятель), кул ранг каклик (серая куропатка), снегирь каби янги қуш турлари пайдо бўлган.

Кейинги пайтларда Қорақалпоғистон ҳудудидаги кўлларга фламинго қушлари кўпайиш учун ҳам кела бошлади. Жумладан, Мўйноқ қўлтиғидаги кўллар тизими бўлган Судочье, Сариқамиш, Жалтирбас, Шегекўл каби кўллар фламинголарнинг кўпайиши учун ниҳоятда қулай жойлар ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон ҳудудида ҳисобга олинган 40 та қуш тури Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби”га киритилган.

Яқин вақтларда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 885 минг гектар майдонга эга бўлган янги 4 та – Судочье кўли тизими (84,7 минг га.), Ақпеткей (58,8 минг га.), Белтау (188,3 минг га.), Междуречье Ақдарё – Қазақдарё (22,2 минг га.) буюртмахоналари ташкил қилиниши бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу буюртмахоналар биохилма-хилликнинг янада ривожланишига кенг имкон яратади.