Қорақалпоғистондаги газ қуйиш шохобчасида йирик ёнғин содир бўлди (видео)

Қорақалпоғистондаги газ қуйиш шохобчасида йирик ёнғин содир бўлди (видео)

Бугун, 2 июнь куни тахминан соат 11:37да Қорақалпоғистон Республикаси, Беруний тумани, Беруний кўчасида жойлашган «Икром Азиз» МЧЖга қарашли универсал (пропан-метан-солярка) ёқилғи қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда ФВВ хабар берди.

Бирламчи маълумотларга кўра, ёнғин натижасида ер устида жойлашган 25 тонналик 2 та сиғим ва 2 та «ЗИЛ-130» ёқилғи ташиш автомашиналари ёнган. Бундан ташқари, ушбу сиғимлар ёнида 10 тонналик 3 та бўш, тахминан 30-50 тонналик 2 та сиғим жойлашган.

Мазкур ҳолат юзасидан воқеа жойига Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 6 та ёнғин-қутқарув гуруҳи етиб борган. Ҳозирча келиб чиққан ёнғиннинг сабаби ёқилғини қуйишда ёнғин хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик деб тахмин қилинмоқда.

Жабрланган ва ҳалок бўлган фуқаролар тўғрисида хабар келиб тушмаган.