Блогер фикри. “Қўрқувларимиз ватани” филми ҳақида: Икки соатлик ёлғон

Блогер фикри. “Қўрқувларимиз ватани” филми ҳақида: Икки соатлик ёлғон

Марк Твеннинг бир гапи бор - "Инсонни алданганликда ишонтиришдан кўра, алдаш анча осонроқ". Баъзида битта ёлғончининг 10 дақиқалик ёлғонини фош этиш учун бошқалар 10 кунлик меҳнат килишига тўғри келади. 2 соатлик ёлғонни фош этишга қанча меҳнат кетишини тасаввур қилиб кўринг.

Шу кунларда бир қатор ўзбек блогерлари Юрий Дуд исмли рус блогери (аниқроғи, унинг ортида турувчи анча жиддийрок одамлар жамоаси) томонидан яратилган "Колима. Қўрқувларимиз ватани" филмини эринмай таржима ва дубляж қилишибди. Бундай шижоат ва энтузиазмлари таҳсинга лойиқ, албатта. Техник жиҳатдан ҳам қилган меҳнатлари аъло даражада.

Бироқ, афсуски, филмни кўриб, "мана, даҳшатли ҳақиқат" деган хаёлга борган биродарларга (хусусан, таржима муаллифларига ҳам) айтадиган гапим: табриклайман, сиз - онг манипуляцияси ва ёлғон маълумотлар қурбони бўлдингиз.

- Масалан, видеонинг 6:16 да Дуднинг суҳбатдоши томонидан 1930-1956 йиллар орасида лагерлардан 20 миллион киши ўтгани ҳақида айтиляпти. Ваҳоланки, аслида 1918-1987 йиллар орасида (яъни айтилгандан анча узоқроқ вақт давомида) бутун Совет Иттифоқи бўйлаб ҳамма ҳибсга олинганларнинг умумий сони 7 миллион одамни ташкил қилгани бевосита архив ҳужжатлари билан ишлаган энг асосий мутахассис В. Земсков ва бошқаларнинг илмий ишларидан маълум. Буни ҳатто "совет ҳукумати жиноятлари"ни ўрганувчи асосий уюшмалардан бири "Мемориал"нинг собиқ бошлиғи Арсений Рогинский ҳам тан олган.

- Филмнинг 15:46 да "НКВД картотекасидаги 8 миллион ишониб бўлмайдиган фуқаролар рўйхати" ҳақида ёзилган, ҳеч қандай манбага ҳаволасиз (чунки бундай манбанинг ўзи йўқ).

- 18:00 да ГУЛагга (главное управление лагерей) асос солинишига сабаб сифатида, "20-йилларда қамокларга одамлар сиғмай кетгани, шунга лагерлар қуришга эҳтиёж туғилгани, 1928 йилда эса халқ хўжалигини ривожлантириш режаси қабул қилинганлиги, уни амалга ошириш учун ишчилар жуда кам, бунда маҳбуслар меҳнатидан фойдаланиш ғояси туғилгани" ҳақида "гипотеза" олдинга сурилган ("СССРда ҳамма нарсани зеклар қурган" чўпчаги кўпларнинг миясига қаттиқ ўрнашиб қолган, хусусан шу каби филмлар орқали).

Ваҳоланки, 1921 йилда ҳамма қамоқ ва лагерларда ўтирган одамлар сони 21 минг бўлган (қайтараман, 21 минг, бутун СССР бўйича. Бугунги Россиянинг ўзида 533 минг одам ўтирганини эслатаман). 1923 йилда ҳатто 2336та маҳбус, бутун СССРга! 1929 йилда - 26 минг маҳбус. Бунда уша 1929 йилда ишчилар, деҳқонлар, ҳунармандлар сони умумий ҳисобда 93 миллионни (!) ташкил қилган (бутун давлат аҳолиси 154 млн). Яъни маҳбуслар сони умумий ишчилар сонининг 0.03 фоизини ташкил этган (бу - 3600 нафар ишчига 1 та лагерчи тўғри келади дегани). Қайси мантиққа кўра бу ерда "озод иш кучи етишмаслиги" ва бу етишмовчиликнинг "лагерчилар ҳисобига қопланиши" ҳақида гапириш мумкин?

Айтганча, видеода айтилгандек, лагерчилар "текин иш кучи" ҳам бўлмаган, уларга маош белгиланган (ана холос!). Бу борада Л. И. Бородкин, С.Эртц.нинг "Структура и стимулирование принудителного труда в ГУЛАГе: Нориллаг, конец 30х - начало 50х гг." иши билан танишиб чиқишни тавсия қиламан .

- 22:00 да "колхоздан олинган 10 та бошоқ буғдой учун 10 йил" ҳақидаги яна бир машҳур миф келтирилган. Бунда интервю бераётган аёлнинг айтиши бўйича, СССР ЖКнинг 162-моддасига кўра, "хищение" учун 3-5 йил берилганмиш. Ваҳоланки, ушбу моддани очиб ўқисак, кўрамизки, гап 1 ойдан 3 ойгача мажбурий меҳнат ҳақида кетган (ҳатто қамоқ ҳам эмас), агар ўғрилик ночорлик сабабли амалга оширилган бўлса. 10 йиллик муддат - жамоавий (колхозлар) мулкни вагонлаб ўғирлаётганларга берилган (30-йилларда буғдой ва ҳоказолар ортилган поездларни ўмариб, уларни қорабозорда пулловчи спекулянтлар кўпайиб кетган).

- 23:25 да актёр Жжёновнинг "хорижлик билан оддий суҳбати учун 5 йиллик қулларча меҳнати" ҳақида айтилган. Бўлди, бошқа ҳеч қандай детал йўқ, фақат ўша хорижликни "америкалик дипломат" деб кетилган, қоғозга ўраб. Гўёки, шунчаки, кўчадаги бир чет эллик билан гаплашиб қўйгани учун, одамни 5 йилга қамаворишган. Ваҳоланки, Жжёновнинг ишини кўриб чиқсангиз, "шунчаки хорижлик" - АҚШнинг ҳарбий атташеси ва расмий разведкачиси (оддий қилиб айтганда - жосуси) Филипп Рис Файмонвилл бўлганлиги (нафақага АҚШ ҳарбий кучлари генерали унвонида чиққан), унга Жжёнов "тасодифан" бир эмас, 3 (уч) маротаба дуч келиб, чақчақлашиб ўтиргани маълум бўлади (Жжёновнинг ўзи ёзиб қолдирган мемуарларидан). Кўпчилик учун бу сюрприз бўлиши мумкин, лекин чет эл жосусига қимматли маълумотларни ўзи билмаган ҳолда, гап орасида айтиб қўйган одамлар бугунги кунда ҳам ҳамма давлатда жиноий жавобгарликка тортилади. Жжёнов эса, катта махфий ҳарбий қурилиш ишлари кетаётган шаҳарда олинаётган кинода иштирок этишга кетаётган ва қайтаётган бўлган (яъни, айғоқчилар учун жуда фойдали маълумотлардан хабардор бўлган), унга иккала гал вокзалда "бехосдан" америкалик жосус дуч келиб қолганда. Ундан кейин, лагерда Жжёнов "қулларча меҳнатни" - лагернинг энг "ёғли" жойида ўтаган - ошхонада нон кесувчи бўлиб ишлаган. Шу вақтнинг ўзида Магадан драма театрида ўйнаб келган ва труппаси 200 та (!) маҳбусдан иборат бўлган (мана сизга қулларча меҳнат!). Буларнинг ҳаммасини Жжёновнинг ўзи ёзиб қолдирган.

- филмнинг энг бошида "мороженое сотувчиси ўртоқларига текинга морожний бергани учун Колымага юборилгани" ҳақидаги "даҳшатли" ҳодисани сўзлаб берган Роман Романовнинг шахсан ўзидан "ўша морожнийчи қиз ҳақида ҳужжатлар борми, қаердан олинган бу маълумот?", деб сўралганда, берган жавоби (17:48 дан бошлаб эшитинг).

5 дақиқа чайналиб, битта тайинли гап айта олмаган. На ўша қизнинг исм-шарифи, на делоси рақами, на ўша делонинг қайси архивдалиги, хуллас – ҳеч қандай далил йўқ. Лекин видеода бемалол "задокументированный случай" деб турилибди.

Булар - филмдаги ёлғон, ярим-ҳақиқат ва очиқ манипуляцияларнинг юздан бири, ҳаммасини ёзиб чиқишга алоҳида бир китоб кетади. Бу ёлғон ва манипуляцияларни анча чуқур ва атрофлича (аниқ ҳужжат-далилларга асосланиб) таҳлил қилган мана бу блогернинг филмларини кўриб чиқишни қатъиян тавсия қиламан, жуда кўп қизиқарли маълумотлар келтирилган ва бутун бошли илмий комиссия ишини бир ўзи бажариб қўйган (ҳаволани босинг):

  1. Плохой сигнал. Дуд, Колыма и Жжёнов
  2. Плохой сигнал. Дуд, Колыма и композитор
  3. Плохой сигнал. Дуд, Колыма и Зигмас Баукус
  4. Плохой сигнал. Дуд, Колыма и звезда смерти
  5. Плохой сигнал. Дуд, Колыма и мороженщица
  6. Плохой сигнал. Дуд, Колыма и арест Королёва
  7. Плохой сигнал. Дуд, Колыма и челюсти Королёва

Ушбу таҳлилларни кўриб чиқсангиз, совет пайтида жазоланганларнинг ҳаммасини автоматом "бегуноҳ"га чиқаришга шошмай қоласиз.

Баъзи сиёсий жиҳатдан соддароқ биродарлардан "маълумотлар борасида қандайдир хатоликлар ўтган бўлса ҳам, филм муаллифлари қўлидан келганча мавзуни ёритган" каби гапларни эшитишимиз мумкин. Йўқ, биродар, муаллифлари томонидан "ҳужжатли" деб баҳоланувчи филмда шунча ёлғон ва чала-ҳақиқатлар, психологик манипуляция услублари ишлатилганда муаллифлар мақсади битта бўлади. У ҳам бўлса, томошабинларни қандайдир тарихий давр ё ҳодисалар билан холис таништириш эмас, балки уларнинг онгига қандайдир бир конкрет фикрни айлантирма, билвосита йўл билан "жойлаш" - яъни пропаганда. Ушбу филм орқали томошабинлар (яъни ишчилар синфи) онгига "Социализм - ёмон" тушунчаси жойлаштирилади. "Нимага?" саволига жавоб бериш учун классик "cui prodest?" (ким манфаатдор?)га мурожаат қилиш кифоя. Социализм - меҳнаткашлар синфи ҳокимияти дегани. Ушбу синфнинг бош антагонисти (рақиби) ким (аниқроғи, кайси ижтимоий синф)? Қайси синф меҳнаткашларни социализмдан бездиришдан манфаатдор (айниқса, бугунги, дунё бўйлаб нотенглик ва моддий табақаланиш кундан-кунга кучайиб бораётган шароитда)? Кейинги сафар шу каби, "ССРИни фош қилувчи" филм ё мақолаларга дуч келганингизда, хаёлингизда шу савол турсин. Чунки тарихга ёлғон тошлари отиш орқали - сизнинг келажагингиз нишонга олинган.

Мирзиёд Мирусмонов

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.