АҚШ расмийлари Россия ва Эроннинг ҳарбий-техник ҳамкорлиги туфайли уларга қарши янги санкциялар жорий этиш имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби онлайн брифинг доирасида маълум қилди, деб ёзади "ТАСС".
"Биз Россия ва Эронни жавобгарликка тортишда давом этамиз. Албатта, биз янги санкцияларни кўриб чиқяпмиз", - деди Кирби.
Унга кўра, Қўшма Штатлар Европа Иттифоқи томонидан киритилган чекловларни қўллаб-қувватлаши мумкин. Янги санкцияларнинг киритилишига Эроннинг Shahed дронларини Россияга етказиб бериш эҳтимоли сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия ҳукумати Эроннинг Shahed учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқарувчиларга нисбатан санкциялар жорий этгани хабар қилинганди. Санкциялар дронлар билан таъминлаш учун шахсан масъул бўлган шахслар ва корхоналарга, жумладан, бош штаб бошлиғи, генераллар ва IRGK Аэрокосмик кучлари қўмондонлиги бошлиқларига қаратилган.