Қўшни давлатлардан Ўзбекистонга ўқишини кўчирганлар карантинда қандай йўл тутади?

Қўшни давлатлардан Ўзбекистонга ўқишини кўчирганлар карантинда қандай йўл тутади?

Бугун АОКА штабида Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарход Бабашев иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

Савол: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, ЎзМУ ва Стоматология институти ўқитувчилари ойлик олишмаётгани ҳақида кўплаб мурожаатлар келмоқда. Бу борада кимга шикоят қилиш мумкин?

Жавоб: Сиз айтган университетлар билан боғланиб вазиятни ўргандик. Аксарият ўқитувчилар ойлик олишган. Фақатгина пластик карточка бўлмаган ўқитувчилар маоши бир оз кечиккан. Стоматология институти карантин туфайли ёпиқ бўлса-да, ушбу масала ўрганилмоқда ва тез орада масалага ечим топилади.

Ойлик маоши берилиши кечикканда ОТМ муаммони ҳал этмаса 71 246 -01 79 рақами орқали ОЎМТВ масъул ходимига боғланишингиз мумкин.

Савол: Карантин пайтида ОТМда ички ва ташқи ўриндошлик асосида ишлаётган ўқитувчиларга ойлик маош бериляптими?

Жавоб: Масофавий таълим жараёнига жалб этилган профессор-ўқитувчиларга, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлаётган ўқитувчиларга ҳам муайян ойда бажарган юкламалари учун белгиланган тартибда иш ҳақи тўланиши шарт.

Савол: Қўшни давлатлардан ўқишини Ўзбекистонга кўчирган талабаларнинг ўқишни давом эттириш тартиби қандай йўлга қўйилади?

Жавоб: Жорий йил 15 февралгача ҳужжат топширган талабалар тегишли олий таълим муассасаларига мурожаат қилишлари лозим.

Олий таълим муассасалари томонидан ушбу талабаларнинг масофавий таълим жараёнларида иштирок этиш бўйича ректор фармойиши чиқарилган.

Бу фармойиш билан ОТМнинг расмий веб-сайти орқали танишиш мумкин.