Ўтган йил якунларига кўра, Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти 3,1 фоизга ўсди, деди Миллий иқтисодиёт вазирлиги раҳбари Алибек Куантиров. Унинг сўзлари ҳақида Капитал.кз хабар бермоқда.
Иқтисодиётнинг реал секторида ўсиш суръати 3,2 фоизни, хизмат кўрсатиш соҳасида эса 2,5 фоизга етди. Қурилиш, қишлоқ хўжалиги, ахборот ва коммуникациялар, савдо, транспорт ва омбор хўжалиги, ишлаб чиқариш саноатида ижобий динамика кузатилмоқда. Январдан ноябргача бўлган даврда Қозоғистон ташқи савдо айланмаси 33,4 фоизга ўсиб, 122,2 миллиард долларни ташкил қилди. Экспорт ҳажми 42,4 фоизга ошиб, 77,6 миллиард долларни, импорт эса 44,6 миллиард долларни ташкил этди.
2022 йилда асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ўсиш суръати 7,8 фоизга ошди: кўчмас мулк билан боғлиқ операцияларда – 15,4 фоизга, қишлоқ хўжалигида – 6,9 фоизга, транспорт ва омборхонада – 5,5 фоизга, шунингдек, саноатда – 5,6 фоизга, шу жумладан тоғ-кон саноатида - 14,2 фоизга ўсди.
Шу билан бирга, ўтган йили иккинчисининг ўсиш суръати секинлашди - кўрсаткич бир фоизга камайди. Куантиров бир қатор энергия ресурсларини ишлаб чиқариш камайган бўлсада, соҳада хизматлар кўрсатиш ҳажми 15,9 фоизга ошганини таъкидлади. Кўмир ва металл рудаларини қазиб олиш 0,7 фоизга, газ қазиб олиш 1 фоизга, нефть қазиб олиш 1,9 фоизга, бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олиш 7,6 фоизга камайди.
Ўтган йили Озарбайжон иқтисодиёти ҳам ижобий динамика кўрсатди: мамлакат ялпи ички маҳсулоти рекорд даражадаги 134 миллиард манат (деярли 80 миллиард доллар)га кўтарилди. Мутахассисларнинг қайд этишича, россияликларнинг оммавий келиши 2022 йилда постсовет давлатлари иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатди.
Oxford Economics компаниясининг Ривожланаётган бозорлар бўйича етакчииқтисодчиси Татяна Орлованинг фикрича, МДҲ мамлакатлари учун афзалликлар қаторида нақд пул ва инсон капитали оқими ҳам бор. Шу фонда Арманистон ялпи ички маҳсулоти ҳам таҳлилчилар кутганидан юқори бўлди – бу кўрсаткич 12,5-13 фоизга етди ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) прогнозларига кўра, йил охирига келиб Грузия иқтисодиёти 10 фоизгача ўсади.