Қозоғистонда ҳам нон нархи ошади

Қозоғистонда ҳам нон нархи ошади

Қозоғистонда нон нархи ошади. Бу ҳақда қишлоқ хўжалиги вазири Сапархан Омаровга таяниб, Tengrinews хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир нон нархи ҳудудларга қараб 75-78 тенге (1821 - 1894 сўм)ни ташкил этади.

«Ўйлайманки, нархлар у қадар кўтарилмайди. Ҳудудларга қараб 80-82 тенге (1942-1991 сўм) бўлади. (4,88-6,25 фоизга ошяпти - sof.uz)», - дея қўшимча қилди вазир.

«Нон нархи кескин кўтарилишининг олдини олиш учун биз «Продкорпорация» АЖ билан барқарорлаштирув жамғармаларидан дон сотиб оляпмиз. Бундан ташқари, ҳар бир вилоят ҳокимлиги барқарорлаштирув жамғармаларидан дон ва ун харид қилмоқда. «Продкорпорация» ҳар йили, февралдан июлга қадар, ички бозорни барқарорлаштириш учун 150-250 минг тонна донни комбинатлар ўртасида сотади. Нон нархи кескин кўтарилмаслиги учун бу йил 150 минг тонна ғалла ички бозорга сотилди», – деди мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари матбуот анжуманида.

Аввалроқ, яқин кунларда Ўзбекистонда ҳам нон нархи 1500 сўмга қадар ошиши ҳақида хабар берилган эди.