Қозоғистонда коронавирусга қарши мажбурий эмланишдан бош тортганларга жарима солинади

Қозоғистонда коронавирусга қарши мажбурий эмланишдан бош тортганларга жарима солинади

Қозоғистонда коронавирусга қарши мажбурий эмланишдан бош тортган хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари жаримага тортилади. Шунингдек, улар ҳар ҳафта ПЗР-тестидан ўтиши керак бўлади. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси раиси Айжан Эсмагамбетова айтиб ўтди.

Қўмита раисининг маълум қилишича, яқинда айрим тоифадаги кишилар — хизмат кўрсатиш соҳасида, саноат корхоналарида, 20 дан ортиқ киши ишлайдиган жамоаларда ишловчи ходимлар учун вакцинация мажбурий бўлади. Эмланишдан бош тортган тақдирда, улар ҳар ҳафта ПЗР-тестидан ўтиши керак.

«Бош давлат санитария шифокорининг буйруғини бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган. Унга кўра, ҳам жисмоний, ҳам юридик шахслар учун маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган, хусусан, жисмоний шахслар ойлик ҳисоблаш кўрсаткичининг беш баравар миқдорида жарима тўлайди», — деди Эсмагамбетова.

У талабларни бажармаган тақдирда, иш берувчи ҳам маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини таъкидлади.

Аввалроқ COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича идоралараро комиссия Қозоғистоннинг бош давлат санитария шифокорига хизмат кўрсатиш соҳасида, саноат корхоналарида ва 20 дан ортиқ киши ишлайдиган меҳнат жамоаларида COVID-19’га қарши эмланмаган ишчиларнинг ишини чеклашни тавсия қилганди. Эмланишдан бош тортганларни ҳар ҳафта мажбурий ПЗР-тестидан ўтказиш режалаштирилган.

Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Сойнинг сўзларига кўра, тестдан ўтиш учун ходимларнинг ўзи ёки уларнинг иш берувчилари пул тўлаши керак. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аниқлик киритишича, Қозоғистондаги 20 дан ортиқ киши ишлайдиган ҳар қандай жамоа «йирик уюшган жамоалар» ҳисобланади. Бундай жамоаларнинг барча ходимлари ҳар ҳафта коронавирус учун ПЗР-тестидан ўтиши ёки эмланиши керак (агар қарши кўрсатмалар бўлмаса).

Бош вазир ўринбосари Эрали Тугжанов вакцинацияга оид янги қоидаларни жорий этиш муносабати билан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилмаслигини айтди. «Биз уларга танлов берамиз», — таъкидлади у.

Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари мамлакатнинг ҳар еттинчи фуқароси аллақачон эмланганини таъкидлади. У қозоғистонликларни бошқа вакциналар келишини кутмасликка ва биринчи имкониятдаёқ эмланишга чақирди, чунки «бошқа илож йўқ».

Янги талаблар Қозоғистон бош санитария шифокори тегишли фармонни имзолаганидан кейин кучга киради.