Қозоғистондаги сув босган овуллардан 4,5 млн кубометр сув сўриб олинди

Қозоғистондаги сув босган овуллардан 4,5 млн кубометр сув сўриб олинди

Ўтган сутка давомида Мақтаарал туманидаги сув босган аҳоли пунктларидан 1,5 миллион куб метр, жами 4,5 миллион кубометр сув сўриб олинди, деб хабар берди Kazinform Қозоғистон ИИВ Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг матбуот хизматига таяниб.

21 км узунликдаги вақтинчалик тўғон ўрнатилди ва сувни оқизиб юбориш учун 3 та коллектор ўрнатилди.

Туркистон вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Чимкент ФВД тиббий тез ёрдам марказининг психологлари Мақтарал туманидаги Фирдавсий ва Женис овуллари аҳолиси билан суҳбатлашди. Жабрланганларга арт-терапия ёрдамида шошилинч психологик ёрдам кўрсатилди.

Ишонч телефонига маълумот олиш учун 150дан ортиқ қўнғироқ келиб тушди.

Жамоат тартибини таъминлаш учун Жанатурмис, Фирдавсий, Ўргебас, Жантақсай қишлоқларида 4 та назорат-ўтказиш пункти ташкил этилди.

Авария оқибатларини бартараф этиш учун Туркистон, Жамбил, Қизилўрда вилоятлари ва Чимкент фавқулодда вазиятлар департаментлари, тез тиббий ёрдам маркази, полиция бўлими, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, маҳаллий ижро этувчи органлар ходимлари, 1412га яқин волонтёрлар ва 255 та транспорт воситаси, 17 та сузиш воситаси, 130 та мотопомпа куну-тун ишламоқда.

Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистондан 205 қутқарувчи, 38 та техника ва 85 та мотопомпа жалб қилинган.