Ҳисоб туғилганда автоматик равишда очилади ва ҳар йили табиий ресурсларни қазиб олишдан олинган маблағлар билан тўлдирилади. Вояга етганидан кейин улар уй-жой ёки таълимга сарфланиши мумкин.
"Болалар миллий жамғармаси" — лойиҳаси доирасидаги жамғарма ҳисоб рақамлари бола туғилгандан сўнг дарҳол автоматик тарзда очилади", деб маълум қилди Қозоғистон молия вазири ўринбосари Даурен Темирбеков, деб хабар бермоқда Tengrinews.
Шахсий ҳисоб варақлар учун маблағлар Қозоғистон Миллий жамғармаси, 2001 йилдан бери мавжуд бўлган ва товар-хомашё секторидан тўлдириладиган давлат фондидан тушади. Шунга ўхшаш модель Норвегия давлат пенсия жамғармаси томонидан қўлланилади.
Автоматик ҳисобварақ очиш учун Адлия вазирлигининг маълумотлар базасидан фойдаланилади. Ҳисобни тўлдириш ҳар йили 1 январда, бола 18 ёшга тўлгунга қадар амалга оширилади. Ҳисобдан пул маблағларини фақат вояга етганидан кейин ишлатиш мумкин бўлади. Ҳисобдаги маблағлар солиқлардан озод қилинади.
"Маблағлардан мақсадли фойдаланиш учун ваколатли операторлар – "Отбасы банк" АЖ, "Молия маркази" АЖ, Ягона жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси ўзаро ҳамкорлик қиладиган иккинчи даражали банкларни аниқлаш таклиф қилинмоқда", — деди Темирбеков.
Ҳисобдан тўловлар долларда ва фақат мақсадли эҳтиёжлар учун - таълим ёки уй-жой сотиб олиш учун амалга оширилади.
"Кўзланган мақсадни тасдиқлаш ваколатли операторларга таълим хизматларини олиш шартномаси ёки уй-жой сотиб олиш шартномасини тақдим этиш асосида таклиф этилади. Шу билан бирга, хорижий таълим муассасасида ўқиш учун тўловни амалга ошириш учун маблағлардан фойдаланишни чекламаслик кўзда тутилган. Ўз навбатида, уй-жой сотиб олиш учун маблағдан фойдаланишга фақат Қозоғистон ҳудудида рухсат этилади", — деди молия вазири ўринбосари.
Шахсий ҳисобварақдаги маблағлар ҳисобидан сотиб олинган уй-жойларни қайта сотиш бўйича чекловлар бўлмайди.
18 ёшга тўлгач, ҳисобдаги маблағлар 5-10 йил давомида сақланади. Агар улар талаб қилинмаса, уларни пенсия ҳисобварағига ўтказиш таклиф этилади. Бундан ташқари, бу маблағлар мерос қилиб олиниши мумкин.