Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






ҚҚС 20%дан 15%га пасайтирилди: мутахассислар қандай фикрда?
26.09.2019 14:35,  
593

Ботир Арифджанов, Le Bazar маҳсулотларни етказиб бериш хизмати ва Khan Academy онлайн ўқиш платформасининг ўзбек тилидаги версияси асосчиси:

5% кўпми, ёки камми, деб ўйлайдиганларга бу ўша умумий 20%нинг 25%и эканлигини эслатмоқчиман.

Тасаввур қилинг, сизда доимий даромад манбаи бор ва уни 25%га, ёки ¼ га камайтиришга қарор қилишингиз лозим. Мамлакат раҳбарияти солиқ ва давлат бюджетига тегишли қарорларни деярли шу тарзда муҳокама қилади. Ва мен бир тадбиркор сифатида даромадларни 25%га қисқартириш қарори осон бўлмаслигини, унинг ижобий натижасигагина умид қилиб бунга қўл урилишини яхши тушунаман.

Мамлакат раҳбарияти ислоҳотлар давом этаётгани ва биз олға интилишимиз кераклиги ҳақида кучли мужда берганидан жуда хурсандман. Соғлом фикр ва янада яхшироқ бўлиш истаги кейинги қарорларнинг асоси бўлишига қатъий ишонаман.

Зафар Ҳошимов, Korzinka.Uz савдо тармоғи асосчиси:

ҚҚС туширилганидан кеийн кўплаб олқиш ва эътирозларга сабаб бўлган изоҳлар билдирилди. Аммо бу ерда солиқнинг нақ 5% камайтирилганига, чорак қисмидан воз кечилганига эътибор қаратиш керак. Бу қўшилган қийматнинг йирик миқдорда туширилиши ва бутун иқтисод учун катта туртки.

Молия вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра энди 10 триллион сўмдан ортиқ маблағ солиқ тўловчилар ихтиёрида қолади, ҚҚСни эса ҳамма тўлайди. Бу солиқ истисносиз, барчага тегишли бўлади. Биз ҳаммамиз, ҳатто “Мен солиқ тўламайман” деб ўйлайдиганлар ҳам сув ва электр энергиясидан бошлаб барча хизматлар учун ҚҚС тўлайди. Шунинг учун барчамиз президентнинг бу қароридан фойда кўрамиз.

Мен бу қарордан одамлар хурсанд бўлишини кутгандим. Йўқ, сиз ростдан ҳам тарихда шунчалик катта кўламда солиқ қиймати туширилганини мисол қилиб кўрсата олмайсиз.

Аммо ажабланарли жойи шундаки, биз шу янгиликдан ҳам норози бўлишга баҳона топа оламиз.

Бизга нима бўляпти ўзи?

Давлат ҳар сафар қандайдир қадам қўйса, бунга нисбатан халқнинг муносабатини кузатишларига аминман. Агар шундай ижобий қадамлар ҳам бизда хурсандчилик ва некбинликка сабаб бўлмаса, унду бунинг оқибати жуда ёмон бўлишидан қўрқаман. Бу бизни доимий норози одам сифатида кўрсатгани мамлакат раҳбариятини халқ учун янада фойдали қарорларни чиқаришга руҳлантира олмайди.

Аслида бундай қарорлар ижобий баҳога лойиқ. Бу воқеани байрам қилса арзийди.

Отабек Бакиров, молиячи ва блогер:

Кўп сўрашаяпти, ҚҚС ставкасининг 20%дан 15%га туширилишига қандай қарайсиз, деб. Жуда яхши қарайман.

Фақат битта агар-магарни айтмаганда: ҚҚС ставкасининг туширилишидан бюджет тушумларининг эҳтимолий йўқотиши 10 триллион сўм атрофида баҳоланмоқда.

Агар шу эҳтимолий йўқотишни қоплаш бошқа солиқ ставкаларини ошириши ҳисобига амалга ошириладиган бўлса, ҚҚС ставкасининг туширилишини иқтисодиёт ҳис этмайди, бу ўзгаришлар "лўлича муолажа, куф-суф"дай бўлиб қолаверади.

Худди бу йил жисмоний шахсларнинг иш ҳақи билан боғлиқ солиқларини пасайтириш эффектини бошқа солиқларнинг оширилиши ва объектларнинг кенгайтирилиши еб юборганидек. Барча иқтисодий мактаблар таъкидлайдики, солиқлар пасайтирилиши ҳисобидан бюджет йўқотишлари нофискаль манбалар ҳисобига компенсацияланиши керак. Бу нима дегани? Масалан, ҚҚС ставкаси пасайтирилиши ҳисобига йўқотиладиган эҳтимолий 10 триллион сўмни фойда солиғи ставкаси ёки базаси оширилиши ҳисобига қопланиши пировардида иқтисодиётга ҳеч қандай афзаллик бермайди, субъектларнинг тушкунлиги ортса ортадики, камаймайди.

Хўш, нима қилиш керак? Янги велосипед кашф этмай, шу кунгача маърифатли ва илғор дунё қилиб келган ва қилаётган ишни қилиш лозим. Бюджетга ҚҚС ставкасини пасайтиришдан йўқотиладиган тушумларнинг ўрни ё хусусийлаштиришдан тушумлар ҳисобига компенсацияланиши ёки бюрократия аппаратини қисқартириш ҳисобига мувозанатланиши керак. Унисигаям, бунисигаям имкониятлар етарли назаримда. Хоҳиш бўлса кифоя.

Мисол учун, йирик активларни "ишончли бошқарув"га бериш эмас, бозор нархида сотишга ўтишдан, "ишончли бошқарув"га олган субъектдан бўлак ҳамма ютган бўларди. Ёки бўлмасам, бюрократия аппаратини 2, керак бўлса, 3 баробар қисқартиришдан ҳам ҳамма ютган бўларди, зеро, солиқ ислоҳотлари маъмурий ислоҳотларсиз ўз маъно-мазмунини деярли йўқотади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан