ҚҚС - бу солиқ турими ёки Қоқилиб Қолишга Сабабми?

ҚҚС - бу солиқ турими ёки Қоқилиб Қолишга Сабабми?

Кейинги йилларда матбуот жуда кўп синовларни бошдан кечирмоқда. Хабарингиз бор ўтган йиллар “мажбурий обуна” можароси баҳона ёппасига обунадан қочиш ҳолати кузатилди. Бу бошқа мавзу албатта, бугунги кунда эса яна бир жуда жиддий масала  даврий босма нашрларни қийнамоқда. Яъни жорий йил ҚҚС муаммоси матбуотни кутиб олди.

Илгариги солиқ қонунчилигимизга кўра матбуот даврий нашрларини чоп этиш, етказиб бериш борасидаги  фаолият ҚҚСдан озод этилган эди. Қонунчиликдаги бу бандни тўлиқ эслатиб ўтаман.

2019 йил 1 январдан амалда бўлган Солиқ кодексининг 208-моддасида қуйидагилар белгиланган эди:

2019 йилнинг 1 январидан қўшилган қиймат солиғидан, агар ушбу Кодекснинг 212-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса қуйидаги реализация қилиш оборотлари озод этилади:

19) босма маҳсулотлар. Ушбу бандни қўллаш мақсадида босма маҳсулотлар жумласига миллий валюта (купюра), китоб маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларининг даврий босма нашрлари (реклама тўғрисидаги босма нашрлар бундан мустасно), дафтарлар ҳамда расм ва чизмачилик альбомлари тааллуқлидир:

36) оммавий ахборот воситаларини ва китоб маҳсулотларини етказиб бериш хизматлари.

Таҳририятлар ва обуначи ташкилотлар даврий нашрларга 2020 йил учун обуна нархини 2019 йилнинг июль-август ойларида шакллантирган бўлиб, обуначилар 2020 йил обунаси учун тўловларни 2019 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида амалга оширганлар. Бунда ўз ўзидан маълум бўладики солиқ кодексига 2020 йил 1 апрелдан киритиладиган ўзгартиришлар инобатга олинмаган. Негаки ушбу ўзгариш 2019 йил декабрь ойи охирида эълон қилинди. Бунгача обуна мавсуми тўхтаган, буюртмалар берилган эди. Энди таҳририят ёки обуначи ташкилот нима қилиш керак обуначини олдига бориб – Кечирасиз солиққа озгина етмай қолди, озгина қўшиб беринг –дейиши керакми. Ўзи мутоалага, ўқишга одамларимизни қайтариш усиз ҳам қийин кечаётган бир пайтда. Солиқ қонунчилигига киритиладиган ўзгаришларни хориж давлатлари тажрибасида ўрганадиган бўлсак, камида бир йил ёки олти ой олдин эълон қилинади. Ҳар бир тадбиркор, ёки тижорат ташкилоти кейинги йил харажат ва даромадларини жорий йил якунига қадар ўз сметасида ҳисобини олган бўлади. Бизда ҳам худди шундай ҳисоб китоб қилиниб, ягона солиқ тўловчи ташкилот сифатида бизнес план тасдиқланган. Эндиликда ҚҚС сабаб барча вилоят корхоналаримиз ўз зарарига ишламоқда.

Энди тарқатувчиларни яна бир ҚҚСга боғлиқ муаммоси бор, амалдаги Солиқ кодексига асосан, 2020 йил апрель ойидан бошлаб товарайланмаси 1 млрд. (бир миллиард) сўмдан ортиқ бўлган таҳририятлар ҚҚС тўловчиси ҳисобланади. Лекин товарайланмаси 1 млрд. (бир миллиард) сўмдан кам бўлган таҳририятлар ягона солиқ, яъни товарайланмадан 4 фоиз солиқ тўлайди. Бу дегани товарайланмаси кам Таҳририят ҚҚС тўламасдан ягона солиқ тўлаши мумкун, нашрни тарқатувчига етказиб бергандан кейин тарқатувчи ҚҚС тўлашига тўғри келади. Айтайлик 2000 (икки минг) сўмлик нашр учун ҚҚС тўловчи ҳисобланган тарқатувчи 300 (уч юз) сўм ҚҚС тўлаши керак ҳали ўзининг солиқлари ёки бошқа харажатлари ҳақида сўз бормади. Бу дегани битта нашр учун таҳририят 4 фоиз солиқ тўламоқда, шу нашр учун тарқатувчи ҚҚС ва устамадан солиқлар тўламоқда, яъни битта нашр учун икки марта солиқ тўланмоқда. Деярли барча вилоятларимиздаги туманларда чоп этиладиган нашрлар ягона солиқ тўловчи ҳисобланиб, уларнинг молиявий ҳолати ҳавас қилар даражадамас. Уларнинг молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, тарқатувчилар тавсия этилган нашр устига одатда 10-12 % устама қўйилган. Энди тарқатувчи ўзи 10-12 % устама қўйган бўлса, нашр учун 15 %ли ҚҚСни қаердан олиб қўяди. Ҳали олдинда тарқатувчининг харажати ва ўзининг ҚҚС тўлови ҳам бор.

Республика дараражасида тарқатиладиган нашрларга гарчи устама кўпроқ қўйилсада, логистика харажатлари юқори бўлганлиги сабабли ҳам ҚҚС ҳисобланса корхона ўз зарарига ишлайди. Барча харажатлар максимал даражада қисқартирилди, бироқ бу ҳам самара бераётгани йўқ.

Масала ечими борасида масъул ташкилотларга бир неча мурожаатларни қилдик, лекин тайинли жавоб ололганимиз йўқ. Мурожаатимиз тақдирини суриштирганимизда  нуфузли давлат ташкилотининг бошқармаси масъулидан –Бунга ўхшаш масала битта сизларда эмас, кўпчиликда учрамоқда-деган жавобни эштиб тилинг лол бўлиб қолади. Кўпчиликни қийнаётган бўлса демак қайта кўриб чиқиш керак бу масалани.

Мен ҚҚСдан бутунлай озод қилиш керак деган фикрдан узоқман. Лекин амалга киритиш жараёнида, олдиндан шартнома қилиб тўловлар амалга оширилган бўлса 2020 йил давомида эски солиқ тўловида қолиш имконияти сақланиб қолинсин, 2021 йил бошидан тўлиқ янги тартибдаги (ҚҚС) солиқ тўлови ҳисобидан иш юритилиб, бизнес режалар ҳам ўша тартибда амалга оширилсин-деб киритиш мумкин эдику. Тасаввур қилинг хорижлик ҳамкорингиз билан кейинги йил учун, тўловни олдиндан олиб шартнома имзоладингизда, биринчи чорак якунига етиб кечирасиз бизда солиқ ўзгарди яна тўлов қимасанг мен маҳсулот етказиб беролмайман десангиз. Ҳамкорингиз қай ҳолатга тушиб қолади.

Д.Сафаров.

“Матбуот тарқатувчи” АК Бош директор вазифасини вақтинча бажарувчи.