Қримнинг бой берилиши Украина ширкати учун қанчага тушди?

Қримнинг бой берилиши Украина ширкати учун қанчага тушди?

Украина миллий нефтгаз ширкати - Нафтогаз Қримнинг Россия таркибига қўшиб олиниши натижасида кўрган зарари миқдорини маълум қилди — 8 млрд доллар.  Бу ҳақда компания ўз Твиттер саҳифасида маълум қилган.

"Ушбу зарар таркибига компенсация пули киритилмаган. Бу пуллар компаниянинг соф зарари ҳамда унга ҳисобланган фоизлардир", - дейилади Нафтогаз хабарида.

Компания 2016 йилда октябрида бу масалани халқаро Гаага судида кўтарган эди. Ўшанда украин ширкати $2,6 млрдни даъво қилган эди. Нафтогазнинг ҳужжатларига кўра, Қримда уларнинг “бир қатор энергоактивлари” мавжуд бўлган.

2019 йилнинг қишида Гаага суди бу масала бўйича украин ширкатини қўллаб қувватлади ва Россияни айбдор деб топди. Нафтогаз хабарига кўра, суд Россиянинг хатти-ҳаракатлари ноқонуний ва "Украина ва Россия ўртасидаги сармояларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги икки томонлама келишувни бузган", деб қарор қилган.

Ушбу ишни кўриб чиқишнинг биринчи босқичи якунлаган. Энди арбитраж “Нафтогаз” йўқотишлари учун компенсация миқдорини белгилаши керак.

Суд жараёнида "Украина компанияси томонидан баҳоланган йўқотишлар миқдори" аввал 5,2 миллиард долларга, кейин эса 7 миллиард долларга баҳоланган.

Нафтогаз ижрочи директори Юрий Витренконинг хабар беришича, Гаагадаги халқаро арбитраж судининг йиғилиши 2020 йил охирида ёки 2021 йилда бўлиб ўтади.

Мавзуга доир: 12 миллиард доллар: Россия ва Украина ўртасида “учинчи газ уруши”