Аммо айрим давлатларда ҳарбий парадлар ҳанузгача аввалги мазмунини сақлаб қолмоқда.
Энг чиройли ҳарбий парадлардан бири шубҳасиз Чилида ўтказилади. Унда қатнашадиган ҳарбийларнинг формаси XIX асрдан бери ўзгаришга учрамаган. Чилиликлар бу формани маҳаллий ҳарбийларни ўқитишга келган Пруссия армияси вакилларидан ўзлаштиришган. Тўғри, кўпгина давлатлар қуролли кучларини модернизация қилишда Пруссия армиясига тақлид қилган, лекин кўҳна форма фақатгина Чилида сақланиб қолган. Айниқса, Чили ҳарбийларининг найза ёки укпар тақиладиган дубулғаси жуда антиқа.
Чили ва кўпгина давлатлар ҳарбийлари Пруссия армиясидан ўзлаштирган яна бир жиҳат – қадам ташлаш. Оёқни тик тутган ҳолда ҳарбийча одимлашни ҳаммамиз кўрганмиз, оёқнинг қанчалик кўтарилиши ва одим суръати жойга қараб фарқ қилади, лекин баъзида оёқ ҳатто белгача кўтарилади. Италиялик ҳарбийлар 1938 йили Адольф Гитлер ташрифи чоғида ана шундай одимлашни намойиш этишган эди.
Ҳарбий параднинг асосий вазифаларидан бири давлатнинг ҳарбий қудратини кўрсатиш бўлса-да, кўпинча парадлар чиройли кийинган аскарларнинг намойшини эслатиб юборади. Масалан, Буюк Британияда ана шундай манзарага гувоҳ бўлиш мумкин. Норвег ҳарбийлари эси чинакам шоу уюштиришади. 1996 йилдан бери ҳарбийларнинг тату ёки тапту деб аталадиган кўргазмали чиқишлари ёпиқ биноларда ўтказилади. Намойишдан кейин ўзингизни ҳарбий парадда эмас, абжир циркчиларнинг томошасида бўлгандек ҳис қиласиз.
Баъзан ҳарбий парадлар кулгили тус олади. Маҳаллий анъаналардан бехабар одам Испан легиони – қуруқликдаги қўшинларнинг сара бўлинмаси юришини кўриб шундай хаёлга бориши тайин. Қоидага кўра, ҳарбийлар бир дақиқанинг ичида 180 та қисқа қадам ташлашлари керак. Бундай қадам ташлаш қандай бўлишини тасаввур қилаверинг. Энг қизиғи олдинда – ҳарбийларнинг олдида эчки пайдо бўлади. Жонивор серкага ўхшаб йўлбошловчилик қилади деб ўйласангиз, адашасиз, эчки шунчаки легионнинг тумори ҳисобланади. Авваллари эчкининг ўрнида маймун, қўй, тўтиқуш ва ҳатто айиқдан ҳам фойдаланилган.
Хитой дунёдаги энг катта армияга эга – шахсий таркибида 2 миллиондан ортиқ киши бор. Хитой Халқ Республикаси ташкил топганига 60 йил тўлиши муносабати билан 2009 йил 1 октябрда ўтказилган парадда 10 минг нафар ҳарбий иштирок этган эди. Британия қироличаси Елизавета II тахтга ўтирганига 60 йил тўлиши муносабати билан 2012 йилнинг 19 майида ўтказилган парадда атиги 2,5 минг нафар ҳарбий қатнашган эди.
Энг жанговар ҳарбий парадга Шимолий Кореяда гувоҳ бўлиш мумкин. Жанубий Корея ва АҚШ билан зиддиятлари ҳеч тугамайдиган расмий Пхеньян ҳарб бобида рақибларидан асло кам эмаслигини кўрсатиш учун қўлидан келганини қилади. Шимолий Корея армияси Хитойникидан икки баравар кам бўлса-да, 2010 йилда корейслар 20 минг киши иштирокида ҳарбий парад уюштирди.
Ҳарбий парад ўтказишга ҳамма давлатнинг ҳам қурби етмайди. Масалан, ночор давлатлардан бири бўлмиш Кения 25 йил давомида ҳарбий техникасини намойиш олиб чиқа олмаган. Ниҳоят, ҳарбий парад 2010 йилда, янги конституция қабул қилингани муносабати билан бўлиб ўтди.