Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Расман якунлаш унутиб қолдирилган кенг миқёсли урушлар
13.07.2020 17:53,  
1562

Қадимги дунё тарихи даврида, милоддан аввалги 149-146 йилларда Рим ва Карфаген ўртасида содир бўлган Учинчи Пуни уруши Карфагеннинг бутунлай вайронага айланиши, тирик қолган аҳолисининг тўлиғича қулликка сотиб юборилиши билан тугаган. Бироқ ўша олис, милоддан аввалги 146 йилда икки ўртада ўзаро тинчлик шартномаси имзоланмаган. Фақат 1985 йил 5 феврал куни Рим шаҳри мери Уго Ветере қадимги Карфаген тупроқларини ўз ичига олган Тунисга расмий ташриф билан борганида сулҳ шартномасига имзо чекади. Шу тариқа бу уруш расман 2131 йил давом этган деб ҳисобланади. 

Қадимги Карфаген шаҳри қолдиқлари

 

Аммо тарихда бу каби ҳолатлар талайгина. Қуйида расман якунлаш унутиб қўйилган урушларга бир нечта мисол келтирамиз.

Англия ва Франция ўртасидаги Юз йиллик уруш (1337-1453)

Бу узоқ давом этган зиддиятнинг бошланишига Англия қироли Эдвард III нинг Франция тахтига даъво қилиши сабаб бўлган. У она томонидан француз қироли Филипп IV Чиройлининг невараси бўлгани учун шундай даъво билан чиққанди. 

Табиийки, уруш мунтазам бўлмаган, орада катта танаффуслар билан давом этган ва бир-бирига занжирдек уланиб кетган қуролли тўқнашувлардан иборат бўлган. Кўпчилик унинг тугаш вақти сифатида 1453 йилни белгилайди. 

Одатда, урушда қатнашаётган томонлардан бирининг яксон бўлиши, ёки икки томон ўртасидаги баҳсли масалаларни ҳал қилиб берадиган тинчлик шартномасининг имзоланиши унга якун ясайдиган воқеа сифатида баҳоланади. Баъзида бу тинчлик шартномаси “абадий дўстлик сулҳи” бўлади, баъзида эса кўпга бормай бузилади.  

Аммо на 1453 йилда, на унга яқин бирон йилда Англия ва Франция ўртасида бундай сулҳ шартномаси имзоланган. Қирол Карл VII қўшинларининг Гиен вилояти пойтахти Бордони эгаллаши Юз йиллик урушга якун ясаган воқеа деб кўрилади. Чунки ўша даврда Гиен вилояти Франция ҳудудида бўлса ҳам Англияга тегишли бўлган, Бордо эса инглиз шаҳри саналган. Урушга олиб келган асосий муаммо – Лондон қиролларининг Париж тахтига даъвоси юзасидан ҳал қилувчи битим кейинги йилларда ҳам, асрларда ҳам тузилмади.

1453 йилдан кейин инглиз қироллари нафақат бу даъводан, ҳатто уни юзага чиқариш ҳаракатидан ҳам воз кечмади. Масалан, Англия қироли Эдвард IV 1475 йили Францияга ўз қўшинини жўнатди. Шу йилнинг ўзида Пикинида Франция қироли Людовик XI билан тузилган тинчлик шартномасида у Людовик XI аввал бир марта ва кейинчалик йиллар давомида мунтазам тўлаб борадиган тўлов эвазига қўшинни ортга қайтариш мажбуриятини олди. Эдвард IV нинг фикрича, бу тўлов ўзининг француз мулкларидан олинадиган солиқ эди. Баъзи тарихчилар мана шу тинчлик шартномаси билан Юз йиллик урушга расман нуқта қўйилган, деб айтади. Бироқ  Эдвард IV ҳам, унинг меросхўрлари ҳам “Англия ва Франция қироли” деган унвондан воз кечмади. Бу ҳали уруш расман тугамаганини билдирарди. Йорклар сулоласини тахтдан ағдарган Генрих VII Тюдор ҳам худди шу асос билан Франциянинг ишларига аралашишни давом эттирди. Ҳатто XVI асрнинг 20-йилларида ҳам унинг ўғли Генрих VIII нинг қўмондонлари Францияга бостириб кириб, француз ерларида яшовчи аҳолини унга содиқлик қасамини ичишга мажбурлаган.

Юз йиллик урушга бағишлаб чизилган расм-гравюра

 

Генрих VIII нинг қизи Елизавета I Тюдор даврига келиб инглиз қиролларининг француз ерларига бўлган даъвоси амалда барҳам топди. Аммо қиролича Елизавета I ҳам, ундан кейин Англия тахтини эгаллаган Стюарт ва Ганновер сулолалари вакиллари ҳам “Франция қироли” унвонини олишда давом этди. Ҳатто қисқа муддат мавжуд бўлган Англия республикаси раҳбари Оливер Кромвел ҳам XVII аср ўрталарида “Англия, Шотландия, Ирландия ва бошқа ерларнинг лорд-протектори” деб аталган, мана шу “бошқа ерлар” ибораси кўп маънони англатган. Оливер Кромвелдан кейин монархия тизими қайта тикланиб, Стюартлар сулоласи бошқарувга қайтарилганидан кейин ҳамда Англия ва Шотландия бирлашиб “Буюк Британия” қироллиги тузилганидан кейин ҳам бу давлат ҳукмдорлари номига “Франция қироли” унвони қўшиб айтиларди. 

XVIII аср бошида британ гербида аввалдан бўлиб келганидек француз пиёзгули (lilium) тасвири бор эди. 

Британ монархларининг Юз йиллик уруш қолдирган бу “мерос”дан бутунлай воз кечиши Буюк француз инқилоби воқеалари билан боғлиқ. Шунга кўра, инглиз қироллари француз тахти даъвосини бекор қилишини 1802 йилда имзоланган Амьен тинчлик шартномаси билан боғлашади – бу шартнома Буюк Британия ва инқилобий Франция ўртасида тўққиз йил олдин бошланган урушга якун ясаганди. Аммо бу ҳам тўғри хулоса эмас. 

Францияни республика деб эълон қилган инқилобчиларнинг вакиллари ҳали 1797 йилдаёқ Лилл шаҳрида ўтган инглиз-француз тинчлик музокараларида Англия қироли Георг III нинг номидан “Франция қироли” унвонини олишни талаб қилган, аммо музокаралар натижасиз якунланиб, уруш қайтадан бошланган эди. Шунга қарамай, Георг III нинг вазирлари Франция билан янгидан сулҳ имзолаш ҳаракати бошлангундек бўлса, бу талаб яна илгари сурилишини тушунарди. Икки ўртадаги уруш эса британияликлар орасида тобора кўпроқ норозиликларни келтириб чиқараётган ва иш сулҳ тузишга қараб кетаётган эди.

Бу унвондан воз кечиш нисбатан муҳимроқ ва эсда қоларли воқеа – Буюк Британия ва Ирландиянинг бирлашиши вақтига тўғри келди. Шу пайтгача ҳам Ирландия Георг III нинг қўл остида, аммо ўзининг алоҳида парламентига эга эди. 1800 йилда икки давлатнинг бирлашишини расмийлаштирган ҳамда Буюк Британия ва Ирландия парламентлари томонидан қабул қилинган “Бирлик акти” (Act of Union) эълон қилинди. Ягона давлатнинг янги номи “Буюк Британия ва Ирландия бирлашган қироллиги” (United Kingdom of Great Britain and Ireland) бўлди. 1801 йил 1 январда эса “Қироллик унвонлари, тамға белгилар ва иттифоқ байроғи” ҳақидаги расмий йўриқнома эълон қилинди. Георг III нинг қироллик унвони “Худонинг инояти билан Буюк Британия ва Ирландия бирлашган қироллиги қироли, дин ҳимоячиси Георг III” деб аталди. Унинг тасвирий белгиси (штандарт) эса Англия, Шотландия, Ирландия ва Ганновер (ўша вақтда бу ҳудуд бошқаруви ҳам инглиз қиролларига тегишли эди) тамға белгиларидан ташкил топган, аммо Франция герби тимсоли бўлган пиёзгул бу тасвирдан олиб ташланган эди. Шундай қилиб, Франция қиролларига тегишли унвон-белгилар британ қироллари номидан ҳам, британ гербларидан ҳам ўчирилди.

Орадан бир ўтиб, 1802 йили юқорида номи келтирилган Амьен сулҳи тузилди, унга кўра Буюк Британия 1-Франция республикасини эътироф этди. Инглиз қиролларининг муқаддас Людовик тахтига даъвоси бошқа тилга олинмади. Шу тарзда ўрта асрларда юз берган Юз йиллик уруш мероси бутунлай ўтмишда қолди. Яъни, Юз йиллик урушга сабаб бўлган даъводан 1801 йилда воз кечилди ва бу айни урушнинг расмий якуни бўлди.  

Чак уруши (1932-1935 йиллар)

Парагвай ва Боливия ўртасида Гран-Чако вилоятининг бир қисмини қўлга киритиш учун бўлган уруш. Бу ҳудудда йирик нефт захиралари мавжуд деб ҳисобланган ва шунинг ортидан уруш келиб чиққан. Аммо 2012 йилга келибгина бу берда нефт борлиги тасдиқланди. 

Чак уруши даврида Парагвай аскарлари

 

Бу XX асрда Лотин Америкасида юз берган энг қонли уруш ҳисобланади. Чако ҳудудининг шимоли-ғарби ярим саҳро, тепаликлардан, жануби-шарқи эса ботқоқликлардан иборат бўлиб, Боливия ҳам, Парагвай ҳам уни ўз мулки деб даъво қилиб келган. Боливия бу ҳудуд бир вақтлар Перу вице-қироллигига тегишли бўлгани учун уни ўз ери деб биларди – Боливия айни давлат қолдиқларида ташкил этилган. Бироқ хариталарда Чакони ўз ери сифатида кўрсатгани билан Боливия амалда бу минтақага қизиқмаган. Парагвайликлар эса ҳудудни хусусий тартибда ўзлаштириб келган – чорвадорлар Чакода мол боқиш ва маҳаллий кебрачо дарахтидан танин моддасини олиш билан шуғулланган.

Бироқ 1928 йили Чакода нефт захираси аломатлари топилгач, вазият ўзгарди. Ўша вақтнинг ўзидаёқ илк ҳарбий тўқнашувлар юз берди – боливияликлар Парагвай дарёсигача бўлган ерларни мустаҳкамлаб олишга интилди, бироқ қўшнилари томонидан ортга улоқтириб ташланди. Ўша пайтда худди ҳозирги БМТ каби халқаро низоларда ҳакамлик қилиш масъулиятини зиммасига олган Миллатлар Лигаси аралашуви билан икки ўртада ўт очиш тўхтатилди. Шунга қарамай, эҳтимолий нефтдан келадиган улкан даромад илинжидаги томонлар ўртасидаги зиддият секин-аста кучайиб бораверди (ўша пайтда ҳали очилмаган бу нефт захираси Рокфеллерлар ширкатининг ҳам қизиқиш доирасига тушган эди). Оқибатда, 1932 йил июнда ҳақиқий уруш ҳаракатлари бошланиб кетди.  

Дастлаб кучлар нисбатидаги устунлик Боливия тарафида бўлиб, унинг ҳарбийлари Парагвайникидан деярли 3,5 баравар кўп эди. Гап шундаки, бундан ярим аср аввал Парагвай Аргентина, Бразилия ва Уругвай билан қақшатқич жанглар олиб борганди. 1865-1870 йилларда юз берган бу урушда Парагвай ўз ҳудудининг тенг ярми ва аҳолисининг 80%ини йўқотган. Бундан ташқари, Боливия урушга техник жиҳатдан ва уюшқоқлик билан яхши тайёрланган, ҳарбий самолётлар, танклар, пулемётлар сотиб олган. Парагвайда эса фақат Маузер винтовкалари, Мадсен қўл пулемётлари ва Стокс-Брандт миномётларигина бўлган.

Ҳар икки томон ҳам хориждан ёлланма ҳарбийларни жалб қилишга қарор қилди. Боливия армиясининг бош штаби бошлиғи немис генерали, Биринчи Жаҳон уруши фахрийси Ханс Кундт эди. Бундан ташқари боливияликлар чех ҳарбий маслаҳатчилари ва чилилик ёлланма аскарларни ҳам хизматга таклиф қилди. 

Чак урушида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув иштирокчилари

 

Парагвай эса оқгвардиячи рус ҳарбий муҳожирлари ёрдамига таянди. Мамлакатнинг бўлажак диктатори Алфредо Стресснер бу урушда лейтенант рутбасида, руслар қўмондонлиги остида қатнашган ва унинг сўзларига кўра айнан руслар сабабли “ҳақиқий ҳарбий бўлиб етишган”. Кейинчалик Парагвай пойтахти Асунсонда 10 та кўча рус зобитлари шарафига номланди. 

Уруш бошида Боливия қанчалик устун бўлмасин, 1935 йилда Парагвай бу урушда ютиб, Чако ҳудудини деярли тўлиқ босиб олди. Қарийб 31 минг боливиялик аскар – амалда бутун мамлакат армияси асир тушди. Бу урушда ҳар икки томон ҳам катта йўқотишга учради: Боливия ва Парагвай аҳолиси ўша вақтда 4,5 миллион киши атрофида бўлган ҳолда жами 100 минг атрофида қурбон берди

1935 йил июлда ўзаро ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув имзоланди, бироқ бу ҳали тўлиқ тинчлик шартномаси эмасди.

Чак урушига сўнгги нуқтани қўйган Боливия президенти Эво Моралес (ўнгда) ва Парагвай президенти Фернандо Луго (чапда)

 

Тақдирни қарангки, шундай кенг кўламли урушга сабаб бўлган баҳсли ҳудудда ўша пайтда нефт топилмади. Урушнинг расман якунлангани ҳақидаги тинчлик шартномаси эса орадан 74 йил ўтиб, 2009 йил 27 апрелда, Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда, Боливия президенти Эво Моралес ва Парагвай президенти Фернандо Луго томонидан имзоланди. Бу сулҳга кўра, икки давлат Чако ҳудудидаги чегараларни расман белгилаб олди.  

Япония ва Черногория ўртасидаги "уруш" (1904-2006 йиллар)

Рус-япон уруши. Порт-Артур мудофааси

 

1904 йили Черногория Князлиги энг йирик славян давлати – Россия империясини қўллаб-қувватлаш мақсадида Японияга қарши уруш эълон қилди (ўша йили рус-япон уруши бошланганди). Гарчи Черногория амалда Россияга ҳеч қандай ёрдам бермаган бўлса-да, бир гуруҳ камсонли кўнгиллилар ҳарбий бўлинма тузиб, Россия армиясига бориб қўшилди. Аммо 1905 йили рус-япон уруши тугаб, Портсмут тинчлик шартномаси имзоланганида нимагадир бу сулҳга Черногорияни таклиф қилишни унутиб қўйишди. Шундан кейин ХХ аср давомида бу саволга қайтилмади. Чунки тез орада Черногория давлат мустақиллигини йўқотиб, аввал Серб, Хорват ва Словенлар Қироллиги (1918-1929), кейин Югославия қироллиги (1929-1941), охирида эса Югославия Социалистик Респуликалари Федерацияси (1945-1992) ва Югославия Иттифоқдош Республикалари (1992-2006) таркибига қўшилди. 

Фақат 2006 йилга келибгина Черногория иттифоқдош Сербиядан ажралиб чиқиб, қайтадан мустақилликка эришди. Шу йили Япония Черногория мустақиллигини тан олиб, икки ўртадаги уруш ҳолати тўхтатилганини эълон қилди. Шундай қилиб, “Япония-Черногория уруши” расман 102 йилдан кейин якунланди. Қайд этиш керакки, футбол бўйича Черногория миллий терма жамоасининг биринчи халқаро ўйини айнан японлар билан бўлган.     

Корея уруши (1950-1953 йиллар)

Шимолий ва Жанубий Корея ўртасида 1950 йил 25 июндан 1953 йил 27 июлгача давом этган қуролли зиддият кўпинча АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг Хитой Халқ Республикаси ва Совет Иттифоқига қарши уруши сифатида кўрилади. Бу урушда Шимолий Корея ва унинг қуролли кучлари, Хитой армияси (Хитой расмий равишда бу зиддиятга аралашмаган, унинг мунтазам қўшинлари урушда “Хитой халқ кўнгиллилари” сифатида қатнашган), унга расман кирмаган, лекин молиялаштириш ва Хитой қўшинларининг таъминотида иштирок этган СССР шимолий иттифоқни ташкил қилган. Жануб томондан эса Жанубий Корея, АҚШ, Буюк Британия ва БМТ тинчликпарвар кучлари таркибига кирувчи бир қатор давлатлар ҳарбийлари урушда иштирок этган. Аммо орадан 70 йилга яқин вақт ўтган бўлса-да, бу уруш ҳамон расман якунланмаган. 

Корея уруши асирлари

 

1953 йил 27 июлда икки томон ўртасида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги сулҳ имзоланган. Унга шимол томонидан Шимолий Корея етакчиси Ким Ир Сен ва Хитой вакили Пенг Дехуай, жануб томонидан эса Америка Қўшма Штатлари ҳарбийлари вакили Марк Кларк қўл қўйди. Аммо сулҳни имзолашда Жанубий Корея вакили қатнашмади. Бу фақат ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув бўлгани, унда Жанубий Корея вакили қатнашмагани, тинчлик музокаралари ўтказилмагани учун ҳали ҳам икки давлат орасида расман уруш ҳолати сақланиб турибди. 

Корея уруши манзаралари

 

Чунки сўнгги асрларда шаклланган халқаро қонун-қоидаларга кўра, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга асос бўладиган қисқа муддатли ўт очишни тўхтатиш келишувидан кейин тинчлик музокаралари ўтиши ва урушган тарафлар ўртасида барча шартлар батафсил баён қилинадиган ўзаро тинчлик шартномаси тузилиши керак. Масалан, 1918 йил 11 ноябрда Биринчи Жаҳон урушидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатган сулҳ имзоланган. 1919 йил февралдан бошлаб эса Париж яқинидаги Версал шаҳарчасида уруш қатнашчиларига ҳуқуқ ва имтиёзлар берадиган, мажбуриятлар юклайдиган кўп босқичли Версал тинчлик шартномалари имзоланган.  

Корея уруши амалда 1953 йилда тўхтаганига қарамай, унинг якунларига бағишланган, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берадиган шартноманинг йўқлиги ярим оролда ҳамон расман уруш ҳолати сақланиб қолаётганини билдиради. Ўртада 38-параллел – ҳарбийлардан холи ҳудуд бор, холос. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан